Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Феврал, 2026   |   7 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:06
Пешин
12:41
Аср
16:24
Шом
18:11
Хуфтон
19:23
Bismillah
24 Феврал, 2026, 7 Рамазон, 1447

Мўмин мўминнинг кўзгуси

23.11.2018   4387   3 min.
Мўмин мўминнинг кўзгуси

"Мўмин мўминнинг кўзгусидир"[1].

Инсон ўз айбини, ноқислигини ойнада қандай кўрса, мўмин мўмин биродари учун ҳам шундай. Ойнага қарамасдан киши юзидаги айбини кўролмаганидек, мўминлар ҳам ўзаро муносабатда бўлмасалар, бир-бирларидан хабардор бўлолмайдилар. Исломият жамият ҳаёти билан барҳаёт, шунинг учун "дин насиҳатдир" ҳукми барқарордир.

Мўмин киши ғоят соф ва жозибали бир кўзгу каби бўлиши керакки, шояд унга қараган бошқа мўминлар ўз айбу қусурларини кўриб, ўзларини тузатсинлар. Бу ҳам мўмин кишининг камолотига боғлиқдир. Маънан баркамол бўлмаган, жоҳил, хулқи бузуқ кимсалар бундай соф кўзгу бўлолмайдилар. Мўминлар улардан ҳам сабоқ олиб, камолот касб этишлари лозим. Луқмони Ҳакимдан: "Адабни қаердан ўргандинг?" деб сўраганларида: "Адабсиздан" деб жавоб берган экан.

Байт:           

Бу олам бир кўзгудир, ҳар нарса Ҳақ ила қоим,

Муҳаммад кўзгусидин Аллоҳ кўринур доим.

Демак, ул зотнинг издошлари Пайғамбаримизнинг хулқлари билан ахлоқланиши керак. Ахлоқи Муҳаммадийга эришмаган қабиҳ табиатли, ҳирсга берилган, ҳасадгўй, жаҳлдор, мутакаббир, худбин, дунёпараст кимсаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издошлари бўлишга қеч қандай ҳақлари йўқ. Бу муборак мақомни ноҳақ суистеъмол қилганлар ўзларини унинг вориси деб эълон қилиб, ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам алдайдилар. Аллоҳ таоло барчамизнинг ёрдамчимиз – неъмат ато этувчи мададкоримиз бўлсин ва бундай сохта ҳоллардан ўз паноҳида асрасин.

"Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Ва мўмин мўминни ортидан ҳам ҳимоя қиладиган ва уни қўллаб қувватлайдиган биродаридир"[2].

Сен биродаринг учун бир ойна эканингни унутма! У ҳам сен учун ойнадир. Сен ўзингни унда кўрасан.

Мўмин мўминнинг биродари эканлиги муборак Қуръони карим ояти билан собит бўлган. Исломий биродарлик туғишган ака-ука бўлишдан ҳам қийматлироқдир. Зинҳор би­родаринг шаънига ёмон сўз айтма. Хато-ю камчиликлари ту­файли унга қора чаплама. Ўз ака-укангни қандай ҳимоя қилсанг, диндош биродаринг шаънини ҳам шундай асра, ҳурмат қил. Доим қўлидан тут. Ёрдамга муҳтож бўлганида ҳолини сенга арз қилишини кутиб турмасдан ёрдам бер. Йўқса катта хато қилган бўласан.

Мўмин киши биродарига қаерда дуч келса, унинг ҳолини сўрайди. Кези келганда, унинг яқинларини ҳимоя қилади. Шу зайлда биродарининг дунёсини ҳимоя қилар экан, маънавиятини ҳам муҳофаза қилади. Унинг ёмон жойларга боришига йўл қўймайди, гуноҳ ишлар қилишига асло рози бўлмайди. Уни ҳеч вақт ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Доим унинг саодати ва омонлиги учун жон куйдиради. У йўқлигида унинг болаларини ҳимоя қилади, таъминлайди.

Ана шу юксак фазилатларга эга бўлган кишигина ҳақиқий ва комил мўмин бўла олади. Ушбу хусуслар орқали мўмин кишининг иймони нечоғли мустаҳкам экани билинади. Ҳар биримиз мазкур сифатлар билан сифатлансак, комил мўмин даражасига етган бўламиз.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг

“Мўминнинг сифатлари” китобидан

 

[1] “Рамуз ал-аҳодис” 230/7; Бухорий, “Адаб ал-муфрад”, 1/252/, 253/238

[2] “Рамуз ал-аҳодис” 230/8, ровий ҳазрати Абу Ҳурайра (р.а.)

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рўза депрессиядан халос қилади

18.03.2024   10520   1 min.
Рўза депрессиядан халос қилади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рўзадор кишининг чанқоқлиги унинг сабр-бардошини оширади, зеҳнни ўткирлаштириб, фикрини жамлайди ва асабни тинчлантиради.

Рўза ақлий ва нафсий иллатларни кетказиб, руҳий тушкунликдан халос қилади. Буни доктор Ю. Николаев ўз илмий тадқиқотида исботлади. У 1000 нафар беморни рўза билан муолажа қилди. Натижада, улардан 65% нинг ҳолати ижобий томонга ўзгарди. Беморларнинг ярмиси олти йилдан сўнг буткул соғайиб кетди. Шундан сўнг, у яна 35 та беморга “рўза дастури”ни қўллаб кўрди. Улардан 24 таси касалидан халос бўлди.

Баъзи шифокорлар сийдик йўли ва буйрак касалликлари билан оғриган беморларни рўза тутишдан қайтарадилар. Лекин мутахассисларнинг бу борада олиб борган тадқиқотлари бунинг аксини кўрсатди, яъни, рўза сийдик йўли касалликларига салбий таъсир қилмаслиги аниқланди.

Ислом динида бандаларга тоқати етмайдиган машаққатли, қийин амаллар таклиф қилинмайди. Хусусан, Рамазон рўзасини тутишга шаръий узри бор кишиларга енгиллик ато қилинган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди(Бақара сураси, 185-оят).

Агар рўза тутиш билан беморлар, кексалар, мусофирларга, ҳомиладор ва эмизикли аёлнинг ўзига ва гўдагига зарар етадиган бўлса, шариатимизда монеълар бартараф бўлгунча рўза тутмай туришликка рухсат берилган.

"Исломда саломатлик" китобидан олинди.

Мақолалар