Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи ва унинг асосий хусусиятини белгиловчи “фаҳм-фаросат, ўйлаш, англаш ва тафаккур малакаси”ни англатувчи атама “ақл” дейилади.
Дарҳақиқат, ақл орқали илму маърифат сирлари очилади. Жамиятнинг мураккаб муаммолари ҳал этилади, турли-туман ҳаётий воқеалар, нозик масалалар ўз ечимини топади. Чунки, инсон фақат ақл билан нарсанинг моҳиятини равшан англаши мумкин. У ақл билан фикрлайди, ақл билан ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло хабар бериб айтади:
“…Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”.(Зумар сураси 9-оят)
Аллоҳ таоло мазкур ояти карима орқали инсон ақли илму маърифат ва имон билан ҳамоҳанг эканини таъкидлайди. Зеро, имон ақл воситаси ила юзага келади. Ақл ҳақ билан ботил, ҳидоят билан залолат орасини ажратиб беради. Ёмонлик билан яхшилик ўртасини фарқлайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ақл ҳақ ва ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир”, -деганлар.
Омир ибн Абдулқайс: “Ақлинг сени нолойиқ ишлардан қайтара олса, демак сен ақллисан”, — деган.
Аллоҳ таоло инсон зотини ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Ақл сабабидан инсонга турли бурч ва вазифаларни юклади.
Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам ислом таълимоти ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, ислом дини ақл юритиш, фикрлаш, назар солиш ва ибратлашишга чақирувчи диндир. Ислом ақидасига кўра, илоҳий ваҳий билан ақл ўзаро зиддиятга бормайди, чунки пайғамбарларга берилган ваҳий ва ақл Аллоҳ таолонинг илоҳий туҳфалари ҳисобланади. Қуръони карим оятларини чуқурроқ мушоҳада қилсак, ваҳий ва ақл бир-бирини нақадар қўллаб қувватлашини яққол кўрамиз. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли (ўлик) ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан Ер орасидаги бўйин сундирилган булутларда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг вужуди ва қудратига далиллар) бордир”. (Бақара сураси 164-оят)
Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада соғлом ақл эгаларини фикр юритишга ва турли ҳиссиётларни ислоҳ этишга чорлайди.
Қуръони карим оятлари ва Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадислари барча инсонларга илм-маърифат ҳосил қилишда ақлни ишлатиш аҳамиятини, турли ҳаётий муомалаларда ақл билан иш тутишни ўргатади. Ақл – идрок этиш, ажратиш ва ҳукм чиқаришда асосий омилдир. Турли фиқҳий масалалар ечимида ижтиҳод қилиш ва уларни янгилашда ақлнинг ўрни эътироф этилган. Ибодатлар ва ҳаётий ишларда ақлу тафаккурни ўз ўрнида ишлатиш вожиблиги алоҳида таъкидланади.
Шу сабабли яшаётган оиламиз, маҳалла-кўй, қишлоғимиз, шаҳримизда ҳар бир иш қилишимизда, муомаламизда шошқалоқлик қилмай, бўлар-бўлмас гапларга учмай, Аллоҳ берган ақлимизни ишлатишимиз, ҳар нарсани ақл тарозусида ўлчаб, кейин иш қилишимиз ёки гапиришимиз даркор бўлади.
Бишр Ҳофий; “Агар инсонлар Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳақида фикрлашса эди, Унга ҳеч қачон осий бўлишмас эди”. деган
Инсон тўғри ва чиройли фикр қилиши орқали барча ёмонлик ва қабиҳликлардан юз ўгириб, чиройли ва мақбул ишларни қилишга киришади. Тафаккур қилиш орқали инсон зоти ўртасида фазилатли муносабатлар ўрин олади. Ғийбат, ҳасад, гуноҳ, масъулиятсизлик, разолат ва жаҳолат чекинади.
Ботир Носиров
Ховос тумани «Ҳуснобод»
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(Қуръоний дори)
Савол: Кўзга оқ тушганда жарроҳлик ёки дори томизишдан бошқа муолажалар ҳам борми?
Жавоб: Илмий қўлланма ва илмий назарияларда умумий уринишлар бор. Улар кўпроқ протеинни алмаштиришга, хусусан, оқ тушган кўзни аввалги ҳолатига қайтаришга қаратилган. Гоҳида кимёвий йўл билан имкон топилади. Бу ўзгартириш жузъий холос, мукаммал бўлмайди. Аммо кимёвий йўлни кўз гавҳаридаги протеинга қўллаш мумкин эмас.
Савол: Мана шундай нуқсонли ечимларгина мавжуд бўлган касалликка қандай қилиб сиз Қуръони карим орқали даво топдингиз?
Жавоб: Юқорида айтиб ўтганимдек, кўз гавҳарининг ташқи юзаси парда билан қопланган бўлиб, унда протеин бор. Ўша протеиннинг таркиби ўзгарса, гавҳарнинг ҳолати ҳам ўзгариб, оқибатда хиралик келиб чиқади. Шунинг учун биз ўша протеиндаги физиологик ўзгаришни тиклашнинг табиий услубини қидирдик. Бунда бизга Юсуф сурасидаги қуйидаги оятлар ёрдам берди:
«У булардан юз ўгириб, «Эсизгина Юсуф!» деди ва қайғудан кўзларига оқ тушди. У дардини ичига ютди (ожиз бўлиб қолди)» (84-оят). Юсуф алайҳиссалом Роббимиздан келган ваҳий сабабли акаларидан оталари ҳузурига кўйлагини олиб боришни талаб қилдилар:
«Мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнг барчангиз аҳлингиз ила ҳузуримга келинглар. Карвон (Мисрдан) йўлга чиққан вақтда оталари (Яъқуб алайҳиссалом ўз уйларида туриб, ҳузиридаги кишиларга): «Мени ақлдан озган деманглар у, лекин мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», деди. Улар: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен эски адашувингдасан», дедилар. Хушхабарчи келиб, (кўйлакни) унинг юзига ташлаган эди, у яна кўрадиган бўлди. У: «Мен сизларга: «Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан», демаганмидим?» деди» (Юсуф сураси, 93–96-оятлар).
Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларида қандай шифо бўлиши мумкин эди? Бу ҳақда ўйлаб-ўйлаб, тердан бошқа нарсани топмадик. Шундан сўнг инсон танасидан ажраладиган тернинг таркибий элементларини ўргандик. Анъанавий жарроҳлик йўли билан кўздан чиқариб олинган, хиралашган гавҳарни олиб, терга ботириб кўрганимизда унинг бироз шаффофлашганини кўрдик. Сўнгра савол туғилди: бу ҳолатда тердаги барча моддаларнинг шундай таъсири борми ёки ундаги қайсидир бир модданингми? Жавоб шуки, бу унинг таркибидаги бир модданинг – карбамиднинг («мочевина») таъсири экан. Бу моддани кимёвий усул билан ҳам тайёрлаб, лаборатория шароитида кўзи хиралашган ёки кўзига оқ тушган ҳайвонларда синаб кўрилди. Бироқ кузатувлар давомида кимёвий йўл билан тайёрланган ўша малҳам бу касалликни тузатмади, балки кўз гавҳарига оқ тушишига сабаб бўлди. Бу нарса йўналтирилган махсус чироқ (slit lamp), ультратовуш ҳамда кўз гавҳаридан аксланган ультрабинафша нур ёрдамида текшириб кўрилди. Бундан кейин компьютердаги физиологик окулярда 250 минг доллар тўлаб, ярим соат тажриба ўтказилганида унинг ёруғлик акслантириш даражаси 2 фоиздан ошмади. Лекин инсон теридан тайёрланган томчи қуйилганда 15 дақиқада 2 фоиздан 60 фоизга ёруғлик дарчаси очилди. 20 дақиқада 90 фоизга зиёдалашди. 30 дақиқада 95 фоизга зиёдалашди. 60 дақиқада 99 фоизга зиёдалашди.
Савол: Бу томчида ножўя таъсирлар кузатилдими?
Жавоб: Мутлақо. Тер танадан ажралиб чиқадиган модда бўлиб, юқорида айтганимиздек, унинг таркиби карбамиднинг таркиби билан деярли бир хил. Шунинг учун бу малҳам концентрациясини ўн баробарга ошириб, ҳайвонларда тажриба ўтказиш лозим. Бунда малҳам организмга оғиз орқали ёки бевосита юракнинг протеин пардасига киритиш орқали сингдирилди. Ушбу тажрибада ҳам ножўя таъсирлар кузатилмади, малҳам жигар, буйрак, мияга ёки қон таркибига умуман таъсир кўрсатмади.
Савол: Бу тажриба қуёнлар устида ўтказилган экан. Агар буни инсоннинг физиологик кўзи устида ўтказилса, нима бўлади?
Жавоб: Бундай тажриба 250 та кўнгилли иштирокчи устида ўтказилганида 90 фоиздан кўпроқ кишиларнинг кўзидаги оқлик кетиб, кўриши аввалги ҳолига қайтди. Клиник текширувлар шуни кўрсатдики, қолган 10 фоиз кишиларнинг кўз гавҳарида шаффофлик кузатилган, бироқ кўз тўрида бошқа касаллик бўлгани учун уларнинг кўриши яхшиланмаган.
Савол: Ана шу томчи кўздаги катарактадан бошқа кўз касалликларига шифо бўла оладими?
Жавоб: Ҳа, кўздаги шох пардага ҳам шифо бўлади. Кўз заифлашганда оқлик юзага келиши ана шу шох парда сиртида содир бўлади. Бу қон қуйилгандаги ёки шох парда таркибидаги протеинининг табиатида ўзгариш бўлгандаги ҳолатдир. Тажрибалардан собит бўлдики, ушбу томчини икки ҳафта давомида ҳар куни икки мартадан қуйиб борилса, кўриш хусусияти яхшиланиб, асл ҳолига қайтади.
Савол: Шох пардадаги оқлик авваллари қандай муолажа қилинар эди?
Жавоб: Авваллари ўлган кишининг кўз шох пардасини кўчириб ўтказиш орқали муолажа қилинар эди. Илова қилиб айтадиган бўлсак, бунда кўриш қуввати аввалги ҳолига қайтмас эди.
Савол: Сиз ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Чунки сиз бутун инсониятга Қуръон воқелигидан муолажа тақдим қилдингиз. Ваҳоланки, ичимиздаги баъзи кишилар дунёвий ишларга ёки илмий баҳсларга Қуръоннинг алоқаси йўқ деб ҳисоблашади.
Жавоб: Мен бу ишим билан илмнинг закотини адо қилдим, деб ҳисоблайман. Ахир молнинг закоти чиқарилганидек, илмнинг ҳам закоти чиқарилади-ку? Ахир илм инсонларнинг яхши кунига хизмат қилиши керак! Бундан ташқари, ушбу амалий тажриба сабабли Қуръони каримнинг азаматини ва улуғлигини яна бир бор ҳис этдим. «Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси, 82-оят). Шунга биноан, бу улуғ Китобга қайтишни умид қиламан. Агар ҳақиқий маънода қайтсаккина, аввалги давримизни қўлга киритиб, бутун инсониятни ҳидоятга чорлай оламиз.
Савол: Бу дори бозорларга чиқарилганида унга «Қуръоний дори» деб ишора қилинадими?
Жавоб: Ҳа, биз бу дорини ишлаб чиқарувчи ширкатга «Бу Қуръоний дори», деб ёзиб қўйишни шарт қилганмиз. Токи бутун олам ана шу Қуръоннинг ростлигини, дунё ва охиратда одамларни бахтли қилишда фаол эканини билсин. Суҳбатимиз охирида янги бир баҳсни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадиси шарифда васф қилганларидек, кўз тиббиётидаги бошқа бир дорини тақдим этмоқчиман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Қўзиқорин ҳам бир овқат тури бўлиб, унинг суви кўз учун шифодир», деганлар.
Иншааллоҳ, Аллоҳнинг изни билан мана шу баҳс ҳам келажакда кенг қамровли илмларни очиб беради.
“Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан