Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи ва унинг асосий хусусиятини белгиловчи “фаҳм-фаросат, ўйлаш, англаш ва тафаккур малакаси”ни англатувчи атама “ақл” дейилади.
Дарҳақиқат, ақл орқали илму маърифат сирлари очилади. Жамиятнинг мураккаб муаммолари ҳал этилади, турли-туман ҳаётий воқеалар, нозик масалалар ўз ечимини топади. Чунки, инсон фақат ақл билан нарсанинг моҳиятини равшан англаши мумкин. У ақл билан фикрлайди, ақл билан ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло хабар бериб айтади:
“…Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”.(Зумар сураси 9-оят)
Аллоҳ таоло мазкур ояти карима орқали инсон ақли илму маърифат ва имон билан ҳамоҳанг эканини таъкидлайди. Зеро, имон ақл воситаси ила юзага келади. Ақл ҳақ билан ботил, ҳидоят билан залолат орасини ажратиб беради. Ёмонлик билан яхшилик ўртасини фарқлайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ақл ҳақ ва ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир”, -деганлар.
Омир ибн Абдулқайс: “Ақлинг сени нолойиқ ишлардан қайтара олса, демак сен ақллисан”, — деган.
Аллоҳ таоло инсон зотини ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Ақл сабабидан инсонга турли бурч ва вазифаларни юклади.
Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам ислом таълимоти ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, ислом дини ақл юритиш, фикрлаш, назар солиш ва ибратлашишга чақирувчи диндир. Ислом ақидасига кўра, илоҳий ваҳий билан ақл ўзаро зиддиятга бормайди, чунки пайғамбарларга берилган ваҳий ва ақл Аллоҳ таолонинг илоҳий туҳфалари ҳисобланади. Қуръони карим оятларини чуқурроқ мушоҳада қилсак, ваҳий ва ақл бир-бирини нақадар қўллаб қувватлашини яққол кўрамиз. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли (ўлик) ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан Ер орасидаги бўйин сундирилган булутларда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг вужуди ва қудратига далиллар) бордир”. (Бақара сураси 164-оят)
Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада соғлом ақл эгаларини фикр юритишга ва турли ҳиссиётларни ислоҳ этишга чорлайди.
Қуръони карим оятлари ва Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадислари барча инсонларга илм-маърифат ҳосил қилишда ақлни ишлатиш аҳамиятини, турли ҳаётий муомалаларда ақл билан иш тутишни ўргатади. Ақл – идрок этиш, ажратиш ва ҳукм чиқаришда асосий омилдир. Турли фиқҳий масалалар ечимида ижтиҳод қилиш ва уларни янгилашда ақлнинг ўрни эътироф этилган. Ибодатлар ва ҳаётий ишларда ақлу тафаккурни ўз ўрнида ишлатиш вожиблиги алоҳида таъкидланади.
Шу сабабли яшаётган оиламиз, маҳалла-кўй, қишлоғимиз, шаҳримизда ҳар бир иш қилишимизда, муомаламизда шошқалоқлик қилмай, бўлар-бўлмас гапларга учмай, Аллоҳ берган ақлимизни ишлатишимиз, ҳар нарсани ақл тарозусида ўлчаб, кейин иш қилишимиз ёки гапиришимиз даркор бўлади.
Бишр Ҳофий; “Агар инсонлар Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳақида фикрлашса эди, Унга ҳеч қачон осий бўлишмас эди”. деган
Инсон тўғри ва чиройли фикр қилиши орқали барча ёмонлик ва қабиҳликлардан юз ўгириб, чиройли ва мақбул ишларни қилишга киришади. Тафаккур қилиш орқали инсон зоти ўртасида фазилатли муносабатлар ўрин олади. Ғийбат, ҳасад, гуноҳ, масъулиятсизлик, разолат ва жаҳолат чекинади.
Ботир Носиров
Ховос тумани «Ҳуснобод»
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ матбуот хизмати
Умматга қилинган сўнгги васият
“Ҳажжатул вадоъ” яъни “Вадо хутбаси” луғатда “Видолашув хутбаси”, “хайрлашув, айрилиқ хутбаси-хитоби” деган маъноларни билдиради.
Ҳижрий ўнинчи йилнинг 9 зулҳижжа ойида (милодий 632 йил 8 март) Пайғамбаримиз алайҳиссалом сўнгги ҳаж ибодатини адо этганларида хутба қилганлар. Унда Маккада жами 124 минг мусулмон тўпланган эди.
У зот алайҳиссалом Қасво деган туяларига миниб, Арафот водийсида умматга сўнгги васиятларини баён этганлар. Бу хитоб фақат ўша жойда тўпланган ҳожиларгагина эмас, балки қиёматга қадар келадиган бутун инсониятга қаратилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматга бундай васият қилдилар:
“Эй инсонлар! Сўзимни яхшилаб тингланг... Бу йилдан сўнг сизлар билан бу ерда яна кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Бугунингиз қандай ҳам муқаддас кун, бу ойлар қандай ҳам муқаддас ой, бу шаҳар (Макка) қандай ҳам муқаддас бир шаҳар бўлса, Роббингиз билан кўришгунга қадар қонларингиз, молларингиз, обрўларинигиз ҳам айни шаклда муқаддасдир ва бир-бирларингизга ҳаромдир!
Эй саҳобаларим! Эртага Роббингизга рўпара бўлиб ва бугунги ҳолингиз ҳақида жавоб берурсиз. Мендан сўнгра эски залолатларга қайтиб, бир-бирингизнинг бўйнингизга урмангиз!...
Эй инсонлар! Аёлларингизга яхши муомала қилишингизни ва Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия қиламан. Чунки улар амрингиз остидадир. Сиз уларни Аллоҳнинг бир омонати ўлароқ олдингиз ва уларнинг номусларини ва иффатларини Аллоҳ олдида сўз берароқ ҳалол этингиз.
Яхши билингки, сизнинг аёлингизда ҳаққингиз бўлганидек, уларнинг ҳам сизда ҳақлари бор.
Эй мўминлар! Сўзимни тингланг. Яхши тушиниб олинг. Батаҳқиқ Роббингиз бирдир. Оталарингиз ҳам биттадир. Аллоҳ ҳузурида энг хайрлигингиз, Аллоҳдан энг кўп қўрққанингиздир.
Арабларнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, оқ ирқлининг қора ирқлидан, қора ирқлининг оқ ирқдан ҳеч қандай устунлиги йўқдир. Устунлик ёлғиз тақводадир.
Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг, раҳбар қилиб устингизга бурни, қулоғи кесик бир қулни сайлаб қўйса, Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм этгани қадар уни тингланг ва унга итоат этинг!
Эй инсонлар! Сизга бир омонат қолдираяпман-ки, уни маҳкам ушласангиз йўлингиздан адашмайсиз! У омонат Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннатидир.
Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг! Беш вақт намозингизни ўқинг! Рамозон ойидаги рўзаларингизни тутинг!
Молларингизнинг закотини беринг! Ўзларингиздан бўлган амр соҳибларига итоат этинг-ки, Роббингизни жаннатига кирурсиз.
Эй инсонлар! Ҳаддан ошишликдан сақланинг. Ўтган умматларнинг ҳалокатининг сабаби, динларида ҳаддан ошиш эди.
Бу санадан сўнгра яна сиз билан бу ерда кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Эртага мен хақимда сиздан сўраганларида нима дейсиз? Рисолатни етказдимми? Илоҳий вазифани адо қилдимми?”, дедилар.
Бунга бутун асҳоби киром шундай жавоб бердилар: “Албатта, қасам ичамизки сиз Аллоҳнинг хабарини таблиғ этдингиз, вазифани бажардингиз. Бизга тавсия ва насиҳатда бўлдингиз. Ҳаммасига шоҳидлик берамиз!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак кўрсатгич бармоқларини самога ишорат қилдириб, жамоатга боқиб бундай дедилар: “Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув хутбасини якунлагач, Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).
Набий алайҳиссалом вадо ҳажидан қайтишда йўлда хасталандилар. Хасталиклари 13 кун давом этди. Ҳижрий 11 йили робиъул аввал ойининг душанба куни Оиша онамизнинг хоналарида муборак руҳларини Аллоҳга топширдилар ва ўша жойда дафн қилиндилар...
Соллаллоҳу алайҳи васаллам
Даврон НУРМУҲАММАД