Зубайр розияллоҳу анҳу ҳижратдан 28 йил олдин Макка шаҳрида туғилган. Унинг тўлиқ исми Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусай ибн Килоб. Унинг насаби Қусойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғланади. Куняси Абу Абдуллоҳ. Ясриб (Мадина)да биринчи туғилган Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу)нинг отаси.
Отаси Аввом ибн Хувайлид. Онаси Сафия бинт Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аммаси.
Зубайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан божа бўлган. Аёли улуғ саҳобия Асмо бинт Абу Бакр. Уларнинг Абдуллоҳ, Урва, Мунзир, Осим, Муҳожир, Жаъфар деган ўғиллари, Хадижаи Кубро, Умму Ҳасан ва Ойша деган қизлари бўлган.
Абу Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган улуғ саҳоба. У ўн олти ёшида Исломга кирган. Айрим манбаларда саккиз ёки ўн икки ёшда бўлгани ёзилган. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин тўртинчи ёки бешинчи бўлиб мусулмон бўлган.
Зубайрнинг ёшлиги Маккада ўтган. Отасидан эрта етим қолган. Онаси фарзандим улғайганда, чидамли, мард одам бўлсин деб, уни оғир жисмоний машқлар билан чиниқтириб тарбиялаган. У баланд бўйли, соқоли сийрак, буғдойранг, сочини елкасига тушуриб юрадиган киши эди.
Зубайр розияллоҳу анҳу Ислом тарихида ўзига хос ўринга эга. У уч марта ҳижрат қилган саҳобалардан бири. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида барча ғазотларда иштирок этган. Унин ўзи бу борада бундай деган: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қай бир жанг ёки сарияга чиққан бўлсалар, мен ҳам бирга борганман”. Бадр жангида қўшиннинг ўнг қаноти қўмондони, Макка фатҳида муҳожирларнинг уч байроқдорининг бири бўлган. Умар ибн Хатоб (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида Мисрни фатҳ этиш учун Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга ёрдамчи сифатида ўн икки минг аскарга бошлиқ қилиб юборилган. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ўзидан кейин халифаликка номзодлар орасида Зубайр розияллоҳу анҳуни ҳам санаб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида улардан рози эдилар”, деган.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда ҳам оз ҳадис ривоят қилган. Чунки у ҳадис айтишда хато қилиб, У зот алайҳиссаломга ёлғон тўқиб қўйишдан қаттиқ қўрқарди. Унга ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр: “Нима учун фалончилар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилмайсиз?” деди. Абу Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: “Мен мусулмон бўлганимдан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажраганим йўқ. Лекин, у зотнинг: “Ким менга ёлғон тўқиса, ўз жойини дўзахдан тайёрласин”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берган. Саҳобадан ўғиллари – Абдуллоҳ, Мусъаб, Урва ва Жаъфар, Моилк ибн Авс, Аҳнаф ибн Қайс Абдуллоҳ ибн Омир кабилар ҳадис айтишган. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни иккитаси муттафақун алайҳдир. Имом Бухорий тўртта, Имом Муслим эса битта ҳадисни ўз тўпламларида келтиришган.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу жаннат башорати берилган ўн саҳобанинг бири. Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Али жаннатда, Толҳа жаннатда, Зубайр жаннатда, Абдурамон ибн Авф жаннатда, Саъд ибн Абу Ваққос жаннатда, Саид ибн Зайд жаннатда Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Абу Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгандан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларича у зот билан бирга бўлган. Барча ишларда Набий алайҳиссаломнинг ёрдамчилари бўлган. Уҳуд жанги олдидан мушриклар байроқдори Талҳа ибн Абу Талҳа яккама-якка жангга чақирди. Мусулмонлардан Зубайр розияллоҳу анҳу чиқди ва душман билан олишиб уни енгди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир набийнинг ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир. Одамларнинг яккама-якка олишувга чиқмай қолганларини кўрдим. Агар у чиқмаганида, албатта, ўзим чиқардим”, деганлар.
Ойша розияллоҳу анҳо: “Уларга жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар (буйруқлари)га итоат этган эдилар. Уларнинг чиройли иш қилиб, тақволи бўлганларига улкан мукофотлар бордир” (Оли Имрон сураси, 172-оят) оятини ўқиб, Урвага: “Эй опамнинг ўғли, отанг Зубайр ва Абу Бакр ўшалардан эди”, деган.
Бадр жангида Зубайр розияллоҳу анҳу бошига сариқ салла ўраб олган эди. Жанг пайтида Аллоҳнинг изни билан ёрдамга тушган фаришталар ҳам сариқ саллада бўлишган. Бу ҳақда Набий алайҳиссалом: “Фаришталар Зубайр сиймосида тушишди”, деб марҳамат қилганлар.
Хандақда жангида иттифоқдош Бану Қурайза қабиласи ўз аҳдини бузиб, душман билан тил бириктиргани ҳақида хабар келди. Буни аниқлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Бану Қурайзага бориб, менга уларнинг хабарини билиб келади?” деб сўрадилар. Зубайр розияллоҳу анҳу: “Мен бориб келаман”, деди. У зот: “Сенга ота ва онам фидо бўлсин”, дедилар.
Зубайр розияллоҳу анҳу кўп йиллар мобайнида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онам сенга фидо бўлсин”, деганлар”, деб фахрланиб айтиб юрган.
Манбалар асосида Олмазор туманидаги
“Тўхтабой” жоме масжиди
имом ноиби Баҳриддин ПАРПИЕВ тайёрлади.
Иброҳим ибн Адҳам Басрада эканликларида у кишини одамлар қуршаб олишиб: “Нимага биз дуо қилсак ижобат бўлмаяпти? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: «Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” деди...»[1], дейишди.
Иброҳим ибн Адҳам жавоб бериб айтдилар: “Эй Басра аҳли, ўн нарса сабабли қалбларингиз ўлиб бўлган бўлса, қандай қилиб дуоларингиз ижобат бўлсин?!
1. Аллоҳни таниб туриб, Унинг ҳаққини адо қилмайсиз.
2. Қуръонни ўқиб туриб, унга амал қилмайсиз.
3. Расулуллоҳнинг муҳаббатларига даъвогар бўла туриб, у зотнинг суннатларини ташлаб қўясиз.
4. Шайтоннинг душманлигини айтасиз-у, ўзинигиз унга итоат қиласиз.
5. Жаннатга киришга даъвогарсиз-у, бунинг учун амал қилмайсиз.
6. Жаҳаннамдан қутулиш даъвосида бўла туриб, ўзингизни унга улоқтирасиз.
7. Ўлим ҳақ деб туриб, унга тайёргарлик кўрмайсиз.
8. Ўзингизнинг камчиликларингиз қолиб, бошқаларнинг айблари билан оворасиз.
9. Ўликларни кўмасизлар-у, ундан ибрат олмайсиз.
10. Аллоҳнинг неъматларини еб, шукр қилмайсиз”.
Дуоларимиз ижобат бўлишини хоҳласак, ушбу ўн нарса борасида нафсимизни тергаб, ҳисоб-китоб қилишимиз даркор экан.
Қалбингиз қалбларнинг қай бир тоифасидан?!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қалблар тўрт турлидир: (Биринчиси) Нур таратадиган чироғи бор соф қалб. (Иккинчиси) Ғилофли қулфланган қалб. (Учинчиси) Тескари қалб. (Тўртинчиси) Икки томонли қалб. Соф қалбга келсак, у мўминнинг қалби бўлиб, унинг чироғи нуридир. Ғилофли қалб эса кофирнинг қалбидир. Тескари қалб мунофиқнинг қалби бўлиб, у таниб, сўнг инкор қилган қалбдир. Икки томонли қалб эса ўзида иймон ва мунофиқликни жамлаган қалбдир. Ундаги иймон покиза сув билан ўсадиган ўсимликка ўхшайди. Ундаги мунофиқлик эса қон ва йиринг билан катталашадиган ярага ўхшайди. Қайси бири кўп бўлса, шуниси устун келади”[2].
Мустафо Содиқ Рофиий раҳматуллоҳи алайҳ: “Энг катта хато – атрофингни тартибга солиб, қалбингни назоратсиз ташлаб қўйишингдир”, деганлар.
[1] Ғофир сураси, 60-оят.
[2] Ибн Касир ривояти, Исноди жаййид ҳасан.