Ҳар бир жиноят – Аллоҳ таолога қарши исёндир. Ҳар бир жиноят Қуръони каримга, суннатга, шариатга хилофдир, мункар ишдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мункарга қарши курашга чақирганлар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қайси бирингиз бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин. Мана шу энг ўаиф иймондир».
Мункар иш – динимизда, шариатимизда инкор қилинган, қайтарилган ҳар қандай ёмон ишдир. Мўмин-мусулмон одам ўз жамиятида содир бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб турган бўлса, лоқайдлик қилиши мумкин эмас. Мўмин одам аввало бу мункарни бевосита ўзи, қўли билан қайтаради. Кичик бир мункар ишни ҳар ким ҳам тўхтатиши керак, аммо жиноятнинг кўлами кенг бўлса, унга қарши жамият миқёсида, давлат миқёсида курашиш керак бўлса, бу иш мутасаддилар, масъулларнинг зиммасида бўлади. Давлатимиз раҳбарининг жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш борасида саъй-ҳаракатлари ҳадиси шарифнинг айнан шу қисмига оиддир.
Аммо барча масъулиятни раҳбарларга юклаб қўйиб, қўл қовуштириб ўтирилмайди. Мункарни қўли билан қайтара олмаган одам уни тили билан қайтариши лозим. Мункарни тил билан қайтариш айнан ҳар биримизнинг бурчимиздир, ҳар бир имкони бор мўмин-мусулмон учун вожиб амал. Мўмин одам мункарни қўли билан қайтара олмаса, уни амру маъруф, наҳйи мункар йўли билан қайтаради, мункар ишнинг ёмонлигини баён қилади, уни қилмасликка чақиради.
Ушбу ҳадисдан келиб чиқадиган ҳикматларнинг нақадар муҳимлиги бугунги кунда янада яққол сезилмоқда. Зеро, мункар иш қилаётган одамни бу йўлдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар.
Жиноятнинг сабабларидан бири – қилаётган ишининг жиноят эканини, мункар эканини, гуноҳ эканини билмасликдир. Аввало ана шу сабабни йўқотиш керак, жаҳолатга қарши курашиш керак. Бир ишнинг гуноҳ эканини билган мўмин одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, шариатимизга хилоф бўлиб чиқади. Одам ўлдириш, ўғрилик, зинокорлик, порахўрлик, судхўрлик – буларнинг барчаси инсонни иймонидан айирадиган, шариат ҳаром қилган гуноҳлардир. Шундай экан, одамларга бунинг гуноҳлигини тушунтиришимиз лозим. Буни ким тушунтиради? Аввало ота-она тушунтиради. Тарбия уйдан, оиладан бошланади. Кейин бола боғчага борса, тарбиячи тушунтириши, мактабга борганда ўқитувчиси тушунтириши керак. То бола улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунича унга ота-онаси, қариндош-уруғлари, маҳалла-кўй, ўқитувчилари, мураббийлари устозлик қилиши лозим. Исломда азалдан шундай бўлган. Ҳар бир инсон атрофидагиларни мункар ишдан қайтарган, ҳеч ким ўзини бу масъулиятдан холи деб билмаган. Шунинг учун мусулмон халқлар бутун дунёга иймонда, ихлосда, илм-маърифатда, одоб-ахлоқда намуна бўлган.
Давлатимизнинг бугунги талаби барчага ўрнак бўлган ана шу анъанамизни тиклаш, ёшлар онгига одоб-ахлоқимизни, миллий қадриятларимизни, урф-одатларимизни сингдиришдир.
Жондор туман “Работўғлон” жомеъ
масжиди имом хатиби Алламурод Раҳмонов
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсон дунёга ҳеч нарсасиз келади, сўнгра ҳамма нарсага эришиш учун ҳаракат қилади... Кейин эса ҳамма нарсани қолдириб, ҳеч нарсасиз дунёдан кетади... Сўнгра у ҳамма нарса учун ҳисоб-китоб қилинади.
Аллоҳ таолонинг бундай деган сўзи бор: “Инсонга фақат ўз қилган ҳаракатларигина мансубдир. Унинг ҳаракатлари яққол кўрсатилади. Кейин унга тўлиқ мукофот берилади” (Нажм сураси, 39-41 оятлар).
Аксарият инсонлар, уларга юклатилган вазифаларни тарк этиб, Аллоҳ улар учун кафолат берган нарсалар билан машғул бўлиб қолишади.
Ҳаётингизни кўриб чиқинг, дунёвий, фоний ишлар учун қанча вақт сарфлаяпсиз? Охиратингизга зарур бўлган ишлар учун қанча вақт ажратмоқдасиз?
Аллоҳ таоло айтди: “Ким дунё мукофотини хоҳласа, унга шундан берамиз. Ким охират мукофотини истаса, унга шундан берамиз. Ва биз шукр қилувчиларни албатта мукофотлаймиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).
Аллоҳ таоло дунё неъматларини охират неъматларидан афзал кўрганларни қоралаб бундай деган: “Ким дунё мукофотини истаса, унга берамиз”.
Яъни, кимки амалларини фақат дунёвий манфаатлар учун қилса, унга дунёнинг бир қисмини берамиз, аммо охиратда унга ҳеч қандай улуш берилмайди.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло амалларини охират мукофоти учун қилганларни мақтаб айтади:
“Ким охират мукофотини истаса, унга шундан берамиз”.
Яъни, ким охиратдаги буюк мукофотни истаса, унга шундан берамиз.
Давомида: “Биз шукр қилувчиларни мукофотлаймиз”, дейди.
Бу оят шукр қилувчиларга Аллоҳнинг мукофотлари ҳақида ваъда.
“Ким шукр қилса, уни дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ рози қилади ва уни неъматлар билан сийлайди”
Бу оят инсонларни дунё неъматларига алданмасликка, балки охират неъматларига кўпроқ интилишга чақирган.
Аллоҳ яна бундай деган: “Ким охират ҳосилини истаса, унинг ҳосилини зиёда қиламиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга бир қисмини берамиз, лекин охиратда унинг ҳеч қандай улуши бўлмайди” (Шуро сураси, 20-оят).
Бу оятда шукр қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ва уларни охиратда буюк мукофотлар билан сийлаши ҳақида айтилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Қиёмат кунида инсон тўрт нарса ҳақида сўралмагунча икки қадами силжимайди:
1. Умрини қандай ўтказганлиги ҳақида.
2. Танасини нималарга ишлатганлиги ҳақида.
3. Илми билан нималар қилганлиги ҳақида.
4. Молини қаердан топганлиги ва қаерга сарфлаганлиги ҳақида”.
Бу ҳадис инсоннинг ҳаётидаги ҳар бир амал ҳисоб-китоб қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришдир.
1. Умр – инсондан, Аллоҳнинг буйруқларини қай даражада бажаргани ва тақиқларидан сақлангани сўралади.
2. Танаси – агар у Аллоҳнинг итоати йўлида ишлатилган бўлса, нажот топади, акс ҳолда, ҳалокатга учрайди.
3. Илм – инсон ўз билганига амал қилиб нажот топади, лекин илмига амал қилмаган ёки уни тарк этган одам ҳалок бўлади.
4. Мол – инсон уни ҳалол йўлда топганми ва ҳалол йўлда сарфлаганми, деб сўралади. Агар молини ҳалол йўлда топиб, ҳалол ишларга сарфлаган бўлса, нажот топади. Аммо уни ҳаром йўлларда топиб ёки сарфлаган бўлса, ҳалокатга учрайди.
Бу ҳадис ҳар бир инсонни ҳаёти ва неъматлари учун масъулиятли бўлишга чақириб, охиратга тайёргарлик кўришнинг зарурлигини уқтиради.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ