Бугун Тошкент шаҳридаги “Бўрижар” (“Илонлик ота” маҳалласи) жоме масжидига янги имом-хатиб тайинланди. Аср намозидан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов жамоатга Алихонов Мирзатилло Абдуллажон ўғлини “Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинлаш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг буйруғини ўқиб эшиттирди.
Алихонов Мирзатилло Абдуллажон ўғли бунгача Тошкент шаҳар “Тепа” жоме масжиди имом ноиби вазифасида фаолият юритган ҳамда қўшимча равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибият бўлимида хизмат қилиб келади.
Устозлар ёш, иқтидорли имом-хатибнинг келгусидаги фаолиятига Аллоҳ таолодан муваффақиятлар сўраб, динимизга, халқимизга садоқат билан фаол хизмат қилишларини тилаб дуолар қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига тайинланган Абдукаримов Ҳусниддин Чилонзор тумани бош имом-хатиби ва “Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида фаолият юритган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушкули борнинг дуоси будир: "Аллоҳумма, роҳматака аржу ва лаа такилний ила нафсий торфата ъайн ва аслиҳ лий шаьний куллаҳ. Лаа илаҳа илла анта", дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Маъноси: "Аллоҳим, раҳматингдан умидворман. Мени кўз очиб-юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма. Барча ишларимни Ўзинг ўнгла. Сендан ўзга илоҳ йўқ".