Қуръони Карим ер остида сув манбаи борлигига ишора қилган. Бу эса бугунги замонавий илм ҳам тасдиқлаётган, исботлаётган ҳақиқатдир. Қуръон нозил бўлган пайтларда бирор киши биз яшаётган тупроқ остида катта миқдорда чучук сув захираси борлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Олимлар “Ер сатҳининг тагида тўпланган чучук сув миқдори дарё ва кўллардаги биз кўриб турган чучук сув миқдоридан анча кўпдир” дейишяпти.
Агар биз Қуръонни синчиклаб ўқиб чиқсак, унда ер остида сув захираси борлигига ишора қилувчи оятни топамиз. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:
وَأَرْسَلْنَا الرِّيَاحَ لَوَاقِحَ فَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَسْقَيْنَاكُمُوهُ وَمَا أَنتُمْ لَهُ بِخَازِنِينَ
“Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик. Сизлар уни тўплаб олувчи эмассиз”. (Яъни, Биз шамолларни ўлчов билан булутларни урчитувчи, бир-бирига қўшиб сув ҳосил қилувчи этиб юбордик. Асосан, ёмғирнинг ёғишига шамоллар сабаб бўлади. Улар маълум қоидаларга кўра эсади. Пайдо бўлган булутларнинг бир-бирлари ила қўшилишларидан сув ҳосил бўлади. Ана шундан кейин осмондан сув тушади, ёмғир ёғади. Аллоҳ таоло у сув билан ер юзини, одамларни сероб қилади. Деярли ҳамма ризқ осмондан тушган шу сувга боғлиқ бўлади. Инсон эса, Аллоҳ тайёр ҳолда унга осмондан тушириб берган сувни тўплаб олишга ҳам қодир эмас. Уни тўплашни ҳам булоқ, қудуқ, анҳор, ер ости кўллари ва бошқа воситалар орқали Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширади.) (Ҳижр сураси, 22-оят).
Аллоҳ таоло шамолларни сувни туширишга сабаб қилиб қўйди. Кейин ўша сув тупроқ орқали ерга сингиб, ер остида йиғилади. Шундай жойларга йиғиладики, у ерда сув узоқ йиллар давомида айнимай, бузилмай, ичишга яроқли ҳолда туради.
Хўш, қани айтингчи, тупроққа сувни айнитмаслик хусусиятини ким берган?
Сувга узоқ йиллар давомида айнимаслик хусусиятини ким берган?
Албатта, Аллоҳ таоло берган!
Ҳа, Аллоҳ таоло тупроққа сувни бузмай тоза ҳолда ушлаб туриш хусусиятини берган. Олимларниг айтишича, бугунги кунда сувларни тозалашнинг энг афзал йўли уларни ер остидаги ўзига хос омборларга қўйиш экан. Субҳаналлоҳ!
www.kaheel7.com сайтидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ