Бугун, юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз Анвар қори Турсунов фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар Анвар қори Турсуновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. Аллоҳ таоло у кишининг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолдирган илмий мерослари, мавъизаи ҳасаналаридан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар айласин. Анвар қори Турсуновнинг охиратлари обод бўлсин.
Улуғ олим Анвар қори Турсуновнинг жанозалари Минор жомеъ масжидида аср намозидан сўнг ўқилади ва Минор қабристонига дафн қилинадилар.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Биз солиҳ зотларни топдикки, улар ибодатни фақат рўза тутиш ёки намоз ўқишда эмас, балки одамларнинг обрўсига (тил билан) тегишдан тийилишда деб билардилар. Зеро, тунлари қоим ва кундузлари рўзадор бўлган киши агар тилини сақламаса, Қиёмат куни муфлислардан бўлиб қолади” (Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ. “Ат-Тамҳид”).
“Муфлис” – мол-мулкидан айрилган, касодга учраган (банкрот) одам.