
Ўзбекистон президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этилиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, шунингдек, Фармонда тегишли идораларга фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари сифатида тушадиган маблағлар «Вақф» хайрия жамоат фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган (шу жумладан, Интернет тармоғи орқали онлайн кузатиш имкониятини яратган) ҳолда маблағларнинг тушиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофликни таъминлаш бўйича амалий кўмак бериш топширилган.
Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижлик устоз сифатида сўнгги йилларда бу мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолашни истардим. Айниқса, маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда.
Хусусан, бу йилги муборак Рамазон ойида Давлат Раҳбари томонидан катта маблағ ажратилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, жойларда ифторлик ва хайрия тадбирларини кенг ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар жамиятда меҳр-шафқат ва ҳамжиҳатлик руҳини янада кучайтирмоқда. Бу каби эзгу ишлар халқ манфаати йўлида давлат ва жамоатчилик ҳамжиҳатлигининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, диний таълим муассасаларини ривожлантириш, масжидлар инфратузилмасини яхшилаш, имом-хатиблар ва соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Маърифий тарғибот ишларининг замонавий шакл ва усуллар асосида йўлга қўйилаётгани эса аҳолининг, айниқса, ёшларнинг тўғри таълим олишига хизмат қилмоқда.
Кузатувчи сифатида айтиш мумкинки, мазкур изчил ислоҳотлар мамлакатда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ижтимоий барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт йўлида собитқадамлик билан илгарилаётганини яққол кўрсатади.
Шайх Аҳмад Муҳаммад Али,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси