Аллоҳ таоло Қуръонда مَيِّتٌ (“маййит” кўринишида бўлиб, “ё” ҳарфи ҳаракатли ва ташдидли) лафзини зикр қилганда, бунинг маъноси “Ҳали ўлмаган, аммо яқинда ўладиган тирик кимса” дегани бўлади. Ушбу сўздаги “ё” ҳарфи ҳаракатли бўлганидек, у инсон ҳам ҳаракатдадир, тирикдир. Бунга мисол:
إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ
“Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар” (Аллоҳдан бошқа ҳар бир тирик жон ўлади. Ҳамма ҳам ўлади. Ўлмайдиган ҳеч ким йўқ. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қолади.) (Зумар сураси, 30-оят).
Аммо مَيْتَ (“майта” кўринишида бўлиб, “ё” ҳарфи сукунли) лафзини зикр қилганда, бунинг маъноси “Руҳи ажраган, ўлган, вафот этган” дегани бўлади. Сўздаги “ё” ҳарфи сукунли, ҳаракатсиз бўлганидек, у кимса ёки жонзот ҳам ҳаракатсиздир, ўлгандир. Бунга мисол:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ
“Сизларга ўлимтик...ҳаром қилинди” (Моида сураси, 3-оят).
Қуръон луғатидаги бу ажойибликни, ҳарф ҳаракатининг воқеликка муносиблигини кўринг!
Шайх Солиҳ Туркийнинг “Мин роваиъил Қуръан”
номли мақоласидан
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳайвонлар, қушлар ва ҳашаротларнинг жонини ҳам Азроил алайҳиссалом қабз қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мўътабар манбалардаги маълумотлар барча жонзотларнинг жонини олиш масъулиятини Аллоҳ таоло Ўлим фариштаси (Азроил) алайҳиссаломга топширганини кўрсатади. Чунки бир ривоятда Ўлим фариштаси алайҳиссалом: “Мен битта чивиннинг жонини ҳам Аллоҳнинг изнисиз ўз хоҳишим билан суғура олмайман”, деганлари нақл қилинган.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ бунинг изоҳида бундай дейдилар: “Бу ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир жонзотнинг жонини олиш масъулиятини Аллоҳ таоло Ўлим фариштасига юклаган”.
Шунингдек, Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳдан "Чивинларнинг жонини ҳам Азроил қабз қиладими?" деб сўрадилар. Шунда имом: “Уларда жон борми?” деб сўради. Сўровчи: “Ҳа, бор”, дегач, у киши: “У ҳолда, уларнинг жонини ҳам Ўлим фариштаси олади”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази