Қуръони карим мусобақасининг нафақат республикамиз аҳолиси, балки бутун дунё бўйлаб кузатиб боришга шароит қилган ташкилотчилар жуда катта савоблар олмоқда. Чунки бугунги томошабинлар уч гуруҳдан иборат бўлмоқда: бевосита мусобақа залининг ўзида ўтириб тинглаётганлар, онлайн орқали вилоятларда кузатаётганлар ва онлайн воситасида хорижда туриб кузатаётганлар.
Бевосита мусобақада ҳозир бўлганларнинг севинчи ичига қанчалик сиғмаётгани уларнинг ўзларига аён. Негаки, бундай савобли мусобақалар бугунги моддий дунёда унчалик кўп бўлавермайди ва уларда қатнашиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Вилоятларимиздаги онлайн томошабинлар ҳам бениҳоя мамнундирлар. Чунки йўл узоқлик қилиб ва бошқа сабаблар билан пойтахтга етиб кела олмаганлар уйларида ўтирган ҳолда роҳатланиб томоша қилиб, қориларимизнинг гўзал тиловатларидан баҳра олиб ўтирибди.
Хорижлик томошабинларнинг ўзи ҳам уч гуруҳга бўлинади: тамоман хорижлик томошабинлар, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлиб тақдир тақозоси ила ота-боболари хорижда яшаб қолиб, ўша маконларда туғилиб ўсган томошабинлар ва айни кунларда хорижда таълим олаётган, даволанаётган, хизмат сафарида юрган ва меҳнат қилаётган томошабинлардир.
Тамоман хорижлик томошабинларни Ўзбекистонда Қуръон мусобақасининг республика бўйлаб ўтказилаётгани, Ўзбекистонда ҳам минглаб мураттаб ва мужаввид қорилар ва қориялар бор экани, ўзбек халқининг бу танловларга дарёдек оқиб келаётгани ва қориларнинг бу қадар кўплиги ҳамда тиловати ҳар жиҳатдан гўзаллиги бу мўътабар масканда катта илмий база мавжуд эканидан дарак беради дея баҳолашмоқда. Яқиндагина юртимизга келиб кетган ҳиндистонлик талаба, мураттаб қори Маҳбуб Афзал: “Қориларингиз зўр, барибир”, деб ёзибди телеграмда.
Илдизи ўзбекистонлик бўлган томошабинларнинг, биласизки, ота-боболари даҳрий шўролар даврида қувғинга учраб кетган. Улар бу мусобақанинг ҳар сониясини кўзда ёш билан, қалбда севинч билан кузатмоқдалар. Атрофидаги одамларга мана менинг она юртимда бўляпти бу мусобақа дея мақтанмоқда.
Вақтинчалик сафарда юртдошларимиз мусобақани кузатар экан, минбарда ўтирган улуғларимизни, зални тўлдириб ўтирган одамларимизни кўриб, соғинчи-ю севинчи янада зиёда бўлмоқда. Насиб этса кейинги йилларда танловларда бизга ҳам шу муобақада қатнашиш насиб этсин дея дуоларга қўл очмоқда. Кеча Чехия давлатида меҳнат қилаётган косонсойлик усталар “Қуръони каримдан баҳра оляпмиз, ватанни қумсаб”, деб ёзишибди. Қирғизистонлик Алишер Асқаров деган Қуръон мухлиси эса “Ўғлимни ўша ерларда ўқитсам бўладими”, деб ҳавас қилибди.
Яна энг муҳими, мусобақанинг юртимиз ва дунё бўйлаб онлайн узатилиши унинг ошкора ва шаффофлигини ҳам таъмин этади. Зеро, бунда ҳар бир томошабиннинг ўзи ҳам билганича қориларимизни баҳолаб бориш имконига эгадирлар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли,
бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.
Шавкат Мирзиёев
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим силжишлардан бири бўлиб, она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим.
Давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналади. Она тилимиз сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани ҳам қувонарлидир. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 60 миллион кишини ташкил этиши эса унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Буни ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар самаралари яққол тасдиқлайди. Асосий қонунимиз – Конституциямизнинг ўзбек тилида қабул қилиниши эса она тилимизнинг нуфузини янада юксалтирди. Давлатимиз мадҳияси халқаро майдонларда ўзбек тилида янграй бошлади. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.
Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳрни ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир. Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида бундай ёзадилар: “Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил”.
Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз. Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан эътибор беришимиз керак.
Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу Ватаний ишдир”.
Биз тилимизни қанчалик асрасак, юксалтирсак, ривожланишига ҳисса қўшсак, ўзга миллатлар ҳам бизнинг тилимизни ҳурмат қилишади ҳамда унинг дунё ҳамжамияти майдонидаги ўрни ва пойдеворини шунчалик мустаҳкам қўйган бўламиз.
Одилжон Нарзуллаев,
Янгийул тумани “Қирсадақ’’ жоме масжиди имом хатиби