Кеча оқшом Интернетдан зиёрат туризмига оид материалларни қараётиб Туркия сайтларидан бирида туркиялик сайёҳлар учун Ўзбекистон ҳақида эълон қилинган маълумотномани ўқиб қолдик. Унда юртимиз ва халқимиз бандма-банд жуда чиройли таърифланибди. Ўша бандлардан бирида “Ўзбек ёшлари вақтида турмуш қуради ва улар оилага жуда маҳкамдир”; “Улар ўртача учтадан фарзанд кўради”; “Ўзбекистон аҳолиси юз фоиз саводхон, жумладан, аёллар ҳам”, деб ёзибди.
Шу жумлаларни ўқиб хурсанд бўлдик. Зеро, халқимизда оила муқаддас ва оилалар мустаҳкамлиги туфайли элимиз бир бағир. Шунинг учун оила қураётган ёшлар учун катта тўйлар қилиб, элга дастурхон ёзилади. Зеро, ана шу меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик туйғулари тўйларимизда, маросимларимизда намоён бўлади. Тўй бошлаган одам азбаройи севинчи ичига сиғмаганидан, ҳаммани яхши кўрганидан тўйига, эҳсонига бутун олам халқини чорлагиси келади. Аммо бу имконсиз... Рўзғор боши бўлган одам тўй қиламан деб унинг ортидан қийналиб қолмаслиги керак. Агар тўй қилган киши шу тўй сабабли азият кўрадиган бўлса, у бошлаган йиғин тўй эмас, аза бўлиб қолади.
Инсонлар имкониятига қараб тўй ўтказиши баробарида қавму қариндошлари, қўни-қўшнилари, элу улуснинг ҳам имкониятини чамаламоғи даркор. Ана шу жиҳатдан, тўй росмана тўйдек бўлмоғи учун қариндош-уруғлар, дўсту ёрларнинг ўзи кифоя. Тўйни қандай ўтказиш савобли амал эканини Аллоҳ таоло Каломи шарифида:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67) деб, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنِ اقْتَصَدَ أَغْنَاهُ اللَّهُ ، وَمَنْ بَذَّرَ أَفْقَرَهُ اللَّهُ ، وَمَنْ تَوَاضَعَ رَفَعَهُ اللَّهُ ، وَمَنْ تَجَبَّرَ قَصَمَهُ اللَّهُ
“Ким тежамкорлик қилса Аллоҳ уни бой қилади. Ким исроф қилса Аллоҳ уни фақир қилади. Ким тавозе қилса Аллоҳ уни обрўсини кўтаради. Ким зулм қилса Аллоҳ уни хор қилади”(Имом Баззор “Кашфул астор”), деб белгилаб берганлар.
Ёзаётган мақолаларимизни, сўзлаётган нутқларимизни бошлаётганимиздек, мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ишларнинг энг каттаси тўй ва маросимларни тартибга солиш масаласидир. Тўйларимиз ва маъракаларимиз шу даражага келдики, бундан одамларимизнинг ўзлари ҳимоя истаб давлат кўмагига – қатъий чоралар кўрилиши эълон қилинишига муҳтож бўлиб қолди.
Нафсиламри, асъаса-ю дабдабалар, узундан-узун машиналар карвони, шовқин-суронлар, ғат-ғутлар, “севги тарихлари”, “куёвнинг қайнона оғзига торт тутишлари (эсласангиз ғижинингиз келиб кетади)”, ҳисобсиз тоғоралар, ҳеч қачон ҳеч ким эгнига илмайдиган сарпо-суруқлар... ҳамманинг жонига тегди.
Одамлар тўйларнинг яқинлари даврасида ихчам, кўнгилга ёқадиган хурсандчилик билан ўтишини истаб нажоткор куч ахтариб қолди.
Аммо ҳамманинг кўнглида зўр бир андиша: “одамлар нима дейди?”
Аслида тўй – бирор воқеа-ҳодисага бағишлаб зиёфат ва ўйин-кулгилар билан ўтказиладиган тантана. Шундай экан, у азиятга эмас, чинакам шодиёнага сабаб бўлмоғи керак. Унинг тўй эгасига қандай жабру азиятга айланиб кетгани барчанинг кўз ўнгида ошкора намоён бўлиб турибди. Шундай эса-да, шулардан яна биргина мисол келтириб қўямиз.
Муҳтарам Президентимиз айтганидек, олдида тўйи бор одам санаторияга бормайди, дўхтирга кўринмайди. меҳнат таътили нима билмайди... соғлигини бой беради. Айни куч йиғиш даврида бўлган боласини танаси талаб қилиб турган егуликлардан қисади, унинг жисмонан росмана куч йиғиб олишига шароит қилиб бера олмайди. Айни ўқиш-ўрганиш даврида бўлган боласини китоб олишидан, тўгаракка қатнашидан қисиб унинг тўлақонли билим олишига имконият ярата олмайди.
Кекса ота-онага муносабат ҳам бундан беҳроқ эмас. Улардан Аллоҳ таоло омонатини сўраб қолса, шунга тадбирли бўлайлик деб яна қисиниш ва йиғиниш, яна уларнинг калорияга бой овқатлари ўрнига илму амал кун ўтарчилик...
Элимиз дуога қўл очганда “тўй тўйга улашсин” деган эзгу тилакни билдиради. Тасаввур қилинг, катта қарздорликни зиммасига олиб тўй қилаётган одамга шу дуо татийдими?..
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Тўй, маросим ва маъракаларни меёърида ўтказиш ҳақида” чиқарган Фатвосида “Шариатимизда жорий бўлган никоҳ ҳамда ақиқа тўйларини қариндош ва яқин қўшнилар доирасида, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, никоҳ тўйидан мақсад шаръий никоҳни эълон қилиш бўлса, ақиқадан мурод жонлиқ сўйиб, Аллоҳга шукрона келтиришдир. Бу икки мақсад озчилик доирасида ҳам ҳосил бўлаверади. Суннат ва мучал тўйларини ўтказиш шариатимизда буюрилмаган”, дейилган.
Шариати ҳукми шундай экан, ўзимизни бунчалик қийнашнинг нима кераги бор! Бундан нима манфаат топамиз. Бизнинг фикримизча, кимўзарчиликка тўй қилишдан ҳам ўзимиз соғлигимизни бой берамиз, ҳам қарамоғимиздаги фарзандларимизни қийнаймиз, ҳам сарфлаган ҳисобсиз маблағларимиздан ҳеч қанча савоб олмаймиз, аксинча, улардан сўраладиган даражада гуноҳга ботамиз. Чунки Фатвонинг давомида “Исроф” дегандан фақат таомнинг ортиб қолиши ёки оёқ ости бўлишини тушунмаслик керак. Балки ноўрин жойга қилинган эҳсон ҳам исрофдир.Чунки хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам кўрсатишдир”. деб ёзиб қўйилган.
Ривоят қиладиларки, бир чолу кампир бутун умр йиққан терганига катта туя сотиб олиб, унинг гўштини пишириб, бутун халққа таом тарқатибди. Кечки пайт эса зиёфат дастурхонидан ўзлари учун бирор егулик топа олмабди.
Оломонга нима? Чақирсангиз келиб еб-ичиб кетаверади-да. Шариатимиз буюрмаган суннат тўйларини қилиб, беш тонналаб ош дамлаб минглаб одамларни тўйга чақирган “саховатли” кимсаларни ҳам кўрдик. Ўша довруқли тўйининг тўрида ўтириб ошини еб кетганлар бугун унинг саломига алик олмайди.
Кўпни кўрган нуроний отахону онахонларимиз гапириб беради: ота-боболаримиз тўй ва маъракада ҳаддидан ошмаган, уларнинг ҳаётида кимўзарчиликка дастурхон ёзиш кузатилмаган, тўйларни ихчамгина, ёру дўстлар даврасида одмигина дастурхон атрофида ўтказган. Ана ўша келин-куёвлар қўша қариб 90-100 ёшни қоралаган, невара-ю эварали бўлиб, орасини ўлим ажратмагунча бир-бирига садоқатли умр йўлдоши бўлиб ибратли умр кечирган.
Ушбу масалага шахсан давлат раҳбари эътибор қаратаётгани, Олий Мажлис Сенати “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани, унда Вазирлар Маҳкамасидан бошлаб, жамики вазирликлар ва тегишли ташкилотларнинг вазифаси аниқ белгилаб берилгани тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масала эканини кўрсатади. Зеро, халқимизнинг миллий табиатига ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, азизлар, ўзимиз ўзимизнинг оёғимизга банд солиб олганмизки, ана шундан халос бўлайлик. Ҳаётимиз бутунлай ўзгариб кетади. тўйу маросимларимиз том маънода халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этадиган, одамларимиз ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган азалий вазифасига қайтади. Илло, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан биридир.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Милодий XV асрнинг ярмига қадар ер юзида инсонларни ҳидоятга бошловчи, уларга илм ўргатиб, руҳий тарбия берувчи, ички оламига гўзал нақшлар солувчи, ҳидоят маёқлари бўлган уламолар, тариқат ва тасаввуф муршидлари кўп эди. Лекин вақт ўтиши билан улар бирин-кетин боқий дунёга риҳлат қилдилар. Уларнинг вафотларидан сўнг инсонларни нур юзли зотларни кўрмаслик қўрқуви чулғаб олди.
Аллоҳ таолонинг ваъдаси – ҳақ, бунга асло шак-шубҳа йўқ. Буюк Роббимиз ҳеч қачон ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматини ёрдамсиз қолдирмайди. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Мусулмон олами Ғарбий Панжобдаги Жҳанг шаҳридан уфққа ҳидоят маёғи бўлиб кўтарилган ойни кўрди. Унинг нури жуда тезлик билан бутун уфқни ёритди. Қақраб ётган диллар раҳмат булутининг ёмғиридан қониб-қониб ича бошлади. Қўрқув ва ноумидлик ўрнини ишонч ва умид эгаллади. У улуғ зот уламолар ва солиҳлар суюклиси, шариат ва тариқат пири ҳазрат Мавлоно Пир Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий Мужаддидий эди.
Таваллуд топишлари ва ёшлик йиллари
Ҳазрат 1953 йил 1 апрелда Ҳиндистоннинг Панжоб вилояти Жҳанг шаҳрида туғилган. Отасининг исми Аллоҳ Деета ҳофизи Қуръон бўлиб, Аллоҳ розилиги учун Қуръондан дарс берарди. Ҳар куни таҳажжуддан кейин Қуръони каримдан 3-4 пора тиловат қилиш одати бор эди. Ҳазратнинг волидаси ҳам обида, солиҳа, тақводор аёл эди. У зот оналарини бунлай хотирлайди: “Мен уч ёшимгача онам билан бирга ухлардим. Кечалари уйғониб қолсам, волидам олдимда бўлмас эди. Ҳар гал онамни жойнамоз устида таҳажжуд намозини ўқиётганини кўрардим. Онам намозини тугатишини анча кутардим. Намоздан сўнг йиғлаб узоқ дуо қиларди. Онамнинг таҳажжуд намозида йиғлаганидек бировнинг бунчалик кўп йиғлаганини кўрмаганман. Баъзан менинг исмимни тилга олиб, дуо қиларди, бундан жуда хурсанд бўлиб ухлар қолар эдим.
Бошланғич таълим ва тарбия
Ҳазратнинг таълим ва тарбиясида у зотнинг акаси Малик Аҳмад Алининг ҳиссаси катта бўлган. У киши қаттиққўл ва меҳрибон эди. Ҳамиша укаларини ёмон хулқли болалар билан дўстлашиш ва суҳбатлашишдан узоқ қилган.
Мавлоно Зулфиқор Аҳмад мактаб ва коллеж дарсларидан ташқари, Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, Қуръон ҳофизи бўлди. Форс ва араб тилидаги асарларни, сарф-наҳв (араб тили грамматикаси)ни, айниқса, ҳадиси шарифга доир бир қанча китобларни қунт билан ўқиди.
Илоҳий муҳаббат оташи
Бу даврга келиб ҳазрат “Ғунятут толибийн”, “Кашфул маҳжуб” ва шу каби китобларни ўқиб, жуда қаттиқ таъсирланади. Қалбида муҳаббат учқунлари аланга ола бошлайди.
Ҳазратга Шайхул Ҳадис Мавлоно Закариё раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фазоили зикр” номли китобида келган бир воқеа жуда қаттиқ таъсир қилади. Ушбу ҳикояда Сирри Сақатий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мен Журжоний ҳазратларини қуруқ талқонни чайнамасдан тановул қилаётганини кўрдим. Шунда мен “Ахир, бу қувват бўмайди. Нон есангиз-чи”, дедим. Шунда у зот: “Нонни чайнаш ва талқон ейиш учун сарфланадиган вақтни ҳисоблаб чиқиб, жуда кўп вақт исроф бўлишини билдим. Бу вақтда етмиш марта “Субҳаналлоҳ” деб зикр қилиш мумкин. Шу боис, етмиш йилдан бери нон емайман”, деб жавоб беради.
Бу воқеа ҳазратнинг ҳассос табиатига шу даражада таъсир этадики, у зот эртаю кеч, ҳар ҳолатда “Субҳаналлоҳ” зикрини тилидан туширмайди. Бунинг натижасида ҳазрат ўзига камгаплик, оз ейиш, кам ухлашни одат қилди. Ҳазрат икки ярим йил “Субҳаналлоҳ” зикрини тилидан қўймади. Икки йил давомида ҳар кун ҳожат намозини ўқиб Аллоҳдан: “Ё Илоҳий, бирор-бир комил пири муршидга учраштиргин, унинг суҳбатини менга насиб этгин”, деб дуолар қилди.
Илоҳий раҳмат жилваси
Аллоҳ таоло ҳеч қачон холис дуони рад қилмаган, қилмайди ҳам. 18 ёшида ҳазрат билан боғлиқ ажойиб воқеа юз берди. Мавлоно Зулфиқор Аҳмад масжидда эътикофда эди, таҳажжуд намозидан сўнг зикрлардан фориғ бўлгач, тонг отишига чамаси бир соатча вақт қолганда, жойнамоз устида ухлаб қолади ва тушида ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўради. У зот бармоқларини ҳазратнинг қалбга қўйиб, “Аллоҳ…”, “Аллоҳ…” “Аллоҳ…”, дейдилар. Ҳазрат уйғониб кетади, бутун бадани эса титрар эди.
Устоз тутишлари
Бу воқеадан сўнг ҳазрат намоз, зикр, тиловатларида ажиб бир лаззат туя бошлайди. Қалби қаттиқроқ, лекин ёқимли тарзда ура бошлайди. Ҳатто бир неча кун кўксларини боғлаб юради. Охири университетдаги дўстлари Жаноб Муҳаммад Аминга бўлиб ўтган воқеани айтиб беради. У киши Лоҳурга бориб, Шайх Важиҳуддиндан маслаҳат олади. Унга пири комил Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳга хат ёзишни тавсия қилишади. Хатга бир неча кундан кейин бундай мазмундаги жавоб келади: “Маълум бўлган нарса шуки, сизнинг қалбингиз равшан бўлибди. Дарҳол бир устоздан таълим олинг, Аллоҳ таоло сиз билан юз минглаб инсонларни ҳидоятга бошлайди. Агар устоз тутмасангиз, лаънатланган шайтон сизни фитнага солиши мумкин”.
Бу хатни ўқигач, ҳазрат Зулфиқор Аҳмад ўша даврнинг машҳур нақшбандия тариқатининг Шайхи Мавлоно Саййид Заввор Ҳусайн Шоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига бориб, у зотни устоз тутиб, таълим олади. Устозлари вафотидан сўнг, ўша давр нақшбандия тариқатининг етук муршиди ҳазрат Хожа Ғулом Ҳабибдан таълим олишни давом эттиради.
1983 йил устозидан халфалик мақомини олади ва нақшбандия тариқати асосида инсонларга таълим бера бошлайди. Натижада нақшбандия тариқатининг етук шайхларидан бирига айланади.
Албатта, авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Бундан бир неча йил олдин Хожа Мавлоно Абдуллоҳ: “Аллоҳ сизни сабабчи қилиб юз минглаб инсонларни ҳидоятга бошлайди”, деган эди. Ҳозирги кунда Шайх Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратнинг шогирдлари ва издошлари миллион нафардан ошиб кетди.
Ҳазрат замонамиз муаммоларини нақшбандия тариқатининг таълимотига кўра, моҳирона ва замонавий мисоллар билан тушунтириб беради. Шайх ҳазратнинг нутқ ва маърузалари дилтортар бўлиб, руҳий тарбияни ислоҳ қилишга қаратилган. Ҳазратнинг маъруза ва суҳбатларини инсонлар кўзда ёш билан тинглаб, гуноҳларига чин кўнгилдан тавба қилишади. Энг муҳими, ҳаётда суннатга амал қилишни одат тусига киритишади.
Шайх Зулфиқор Аҳмад ҳазратнинг асарлари китобхонлар орасида қўлма-қўл, севиб мутолаа қилинади. У зот диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллагани, бир неча хорижий тилларда бемалол маъруза қилиши туфайли XXI асрда нақшбандия тариқати таълимотларини нафақат Осиё, балки Европа ва АҚШда ҳам кенг тарғиб қилмоқда. Ҳазрат етмишдан ортиқ мамлакатларга, хусусан, бир неча марта Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган. У зот сафарларини хотирлаб “Лоҳур се то хаке Самарқанду Бухоро” (Лоҳурдан Самарқанд ва Бухоро тупроқларигача) номли китоб ёзган.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазрат Хожа Муҳаммад Абдулмолик Сиддийқийнинг Қуръон ҳофизи бўлган кичик қизларига уйланган. Улардан икки ўғил: Мавлоно Пир Ҳабибуллоҳ Нақшбандий ва Мавлоно Сайфуллоҳ Нақшбандий дунёга келган.
Таълим олган жойлари
– 1967 йил – ўрта мактаб
– 1971 йил – Панжобда ўрта махсус таълим (коллеж)
– 1976 йил – Лоҳурда электр муҳандислиги ихтисослиги
– 1990 йил – Швецияда ўз соҳаси бўйича малака оширган
Диний таълим йўли
– Отасидан Қуръонни тўлиқ ёд олган.
– Жомия Реҳмания Жаҳания Манди университетида ҳадис фанидан тўлиқ ҳадис даврасида билим олди.
– Жомиа Қасим ул-улум Мултан университетида ҳам ҳадис фанидан тўлиқ ҳадис даврасида иштирок этди.
– 1971 йил Нақшбандия тариқати ва тасаввуф таълимотидан Шайх Мавлоно Саййид Заввор Ҳусайн Шоҳ раҳматуллоҳи алайҳдан сабоқ олади.
– 1983 йил Нақшбандия тариқати ва тасаввуфдан ҳазрат Хожа Ғулом Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳдан таълим олади.
Ёзган китоблари
“Илоҳий ишқ”, “Ишқи Расул”, “Ҳабибимиз ҳаётлари”, “Сулук даражалари”, “Сулук мақомотлари”, “Нақшбандия тариқатининг зикрлари”, “Нақшбандия шайхлари силсиласи”, “Дил давоси”, “Қалб хотиржамлиги”, “Фойдали илм”, “Намунали аёл”, “Гуноҳлардан қандай сақланамиз?”, “Эркак камолотида аёлнинг ўрни”, “Ноумид бўлманг”, “Имоннинг аҳамияти”, “Қалбни поклаш усуллари”, Мағфират қилиниш шартлари”, “Аёллар учун ислоҳий тарбиялар”, “Турмушнинг намунали кўриниши”, “Муслима аёллар учун йўриқнома”, “Тасаввуф ва сулук”, “Одобли насибалидир”, “Ўлимга тайёрланиш”, “Лаҳурдан Бухоро ва Самарқанд тупроқларигача”, “Исломнинг аёлларга меҳрибонлиги”.
Хулоса ўрнида шундай дейиш мумкин, инсоният тараққиёти тарихида шундай шахслар бўлганки, уларнинг фаолияти маҳаллий, маданий ҳудуд чегарасидан ташқарига чиқибгина қолмай, балки даврлар чегарасини ёриб ўтиб, ғоялар ривожланишида умумжаҳон жараёнининг бир қисмига ҳам айланган. Уларнинг асарлари барча нодир ҳодисалар сингари аввал ўтганлар тажрибаларни энг қимматли томонларини ўзида гавдалантиради, жамият илмий фикри ҳамда маънавий маданиятнинг кейинги кўп асрларда содир бўладиган олға ҳаракатини белгилаб беради. Мана шундай буюк сиймо бу сўзсиз шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийдир.
Нодир Одинаев