Ҳазрати Алидан (илм) олиб,
ундан энг кўп фойдаланган олим – Муҳаммад ибн Ҳанафийдир.
Ибн Жунайд
***
Муҳаммад ибн Ҳанафий билан акаси Ҳасан ибн Али орасида негадир гап қочиб, бир-биридан аразлаб юришди. Муҳаммад ибн Ҳанафий ота бир акаси Ҳасанга хат ёзиб, дилидаги гапларини очиқ-ошкора шундай баён этди: “Аллоҳ таоло мендан кўра сизни фазилатли қилди... Сизнинг онангиз Фотима Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизи, менинг онам Бани ҳанифалик оддий аёл, она томондан бобонгиз Расулуллоҳ алайҳиссалом бўлади, менинг она томондан бобом Жаъфар ибн Қайс. Агар сизга бу хатим етиб борса, олдимга келсангиз ва мен билан ярашсангиз, ҳар бир нарсада мендан кўра сизга афзаллик бўлади”.
Бу мактуб Ҳасанга етиб бориши билан укаси олдига шошилди ва гина-кудуратни унутиб, у билан ярашди. Бу моҳир, закий ва хушхулқли адиб Муҳаммад ибн Ҳанафий ким бўлди?
Келинг, унинг ҳаёт қиссасини аввалидан бошлай қолайлик.
***
Бу қисса Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётининг охирги вақтларига тўғри келади. Бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом билан бирга ўтирганида: “Ё Расулаллоҳ, агар сиздан кейин ўғил фарзанд кўрсам, унга исмингизни қўйсам ва кунянгиз билан куняласам, нима дейсиз?” деб маслаҳат сўради. У зот бу гапдан қувониб рози бўлдилар.
Шундан кейин бирин-кетин кунлар ўтиб, сувлар оқди. Бу гап шу ҳолича қолиб кетди. Расулуллоҳ алайҳиссалом рафийқул аълога рихлат этдилар. Шундан бир неча ойлар ўтиб-ўтмай, Ҳасан ва Ҳусайннинг онаси Фотима ҳам у муборак зотга эргашиб, бу дунёни тарк этди.
Суюкли аёли вафотидан кейин Ҳазрати Али Бани ҳанифалик Жаъфар ибн Қайснинг қизи Хавлага уйланиб, уларга куёв бўлди. Бу аёлдан ўғил фарзанд кўрди, Пайғамбаримиз ижозатларига кўра, унинг отини Муҳаммад деб атади ва Абул Қосим деган ном билан кунялади. Шунга қарамай, одамлар Ҳазрати Алининг бу хотиндан дунёга келган ўғлини Фотимаи Заҳродан туғилган икки ўғли Ҳасан ва Ҳусайндан фарқлаш учун Муҳаммад ибн Ҳанафий деб аташда давом этди. Шу тариқа мана шу ном тарих саҳифаларига муҳрланди.
***
Муҳаммад ибн Ҳанафий Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларининг охирги пайтларида дунёга келди. У отаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бағрида ўсиб-улғайди, тарбияланди. У отасидан илм олди, ибодати ва зуҳдини ўзлаштирди. Ҳазрати Алидан айнан шу фарзандига бақувватлиги, қўрқмаслиги ва шижоати мерос бўлиб ўтди. Яна у отасидан фасоҳат ва балоғатни ҳам ўзлаштирди. Бу йигит жанг майдонларида ҳарбий маҳорати ва чапдастлиги билан довруқ қозониб, йиғин ва мажлисларда минбар “чавондози” бўлиб танилди. Тун борлиққа зулмат пардаларини ёйиб, кўзлар уйқуга кетган маҳалда кечанинг руҳбон – ибодат қилувчиларидан бирига айланди.
***
Отаси ғайрат-шижоат билан киришган жангларга ана шу суюкли фарзандини ёнида бирга олиб борди, акалари Ҳасан ва Ҳусайн кўтара олмаган жанг оғирликлари ва машаққатлари шу ўғли зиммасига тушди. Керакли ўринда отасига найза ва баъзан қанот бўлди. Бир куни унга: “Отангга нима бўлдики, акаларинг Ҳасан ва Ҳусайнни қолдириб, нега сени ҳалокат сари бошлайди, сени қийинчиликларга мажбурлайди?”, деб қолишди. Бунга Муҳаммад ибн Ҳанафий фаҳм-фаросат билан шундай деб жавоб берди: “Бундай қилишларига сабаб шуки, акаларим отамнинг кўзлари ўрнида, мен отамнинг қўллари ўрнидаман. У киши қўллари билан кўзларини ҳимоя қилади”.
***
Али ибн Абу Толиб билан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо ўртасида низо тегирмони айланган Сиффийн жангида Муҳаммад ибн Ҳанафий отасининг байроғини кўтариб майдонга кирди. Ҳарб тегирмони ҳар икки тарафдан одамларини бешафқат янчиб ташларди. Буни ўз кўзи билан кўриб турган Муҳаммад ибн Ҳанафий шундай айтиб беради: Сиффийн жангида отам билан бирга эдим. Биз Муовия қўшини билан тўқнашдик. Жанг қилдик. Жанг қаттиқ ва аёвсиз кетаётганини кўриб: “Биздан ҳам, улардан ҳам ҳеч ким қолмаса керак”, деб қаттиқ қўрқувга тушдим. Шундан кейин озгина ўтмай, орқамдан бир кишининг: “Эй мусулмонлар жамоаси, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, эй мусулмонлар жамоаси, аёллар ва болаларга ёрдам берадиган ким бор, дин ва обрў-эътиборни ҳимоя этадиган ким бор, Рум ва Дайлам учун ким бор? Эй мусулмонлар жамоаси... Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, мусулмонларни қатл этманглар, эй мусулмонлр жамоаси”, деб қичқираётганидан қаттиқ таъсирландим. Шу кундан кейин бирон мусулмонга қиличимни асло кўтармасликка ичимда аҳд қилдим”.
***
Шундан кейин Али ризвонуллоҳи алайҳ золим жиноятчи қўли билан шаҳид қилинди (Абдураҳмон ибн Мулжам қўли). Халифалик бошқаруви Муовия ибн Абу Суфёнга ўтди. Муҳаммад ибн Ҳанафий бирдамликка дарз кетмаслиги, иттифоқни сақлаш, ислом ва мусулмонлар иззати учун байъат берди. Муовия розияллоҳу анҳу бу байъат чинлиги ва сидқидилдан берилганини билиб, байъат соҳибига қаттиқ ишонч билдирди. Шунинг учун Муҳаммад ибн Ҳанафийни зиёрат қилишини сўраб ҳузурига чақириб турарди. Дамашқда бир неча марта ва аксар сабабсиз уни зиёрат қилди.
***
Шулардан бири шундай бўлиб ўтди. Рум подшоҳи Муовияга хат жўнатиб унда: “Бизда подшоҳлар бир-бирларига одам жўнатиб, бир-бирларидаги ғаройиб нарсаларни туҳфа қилиб туради. Ўзаро мамлакатларидаги ажойиб нарсалар билан мусобақа уюштиради. Ўртамизда шундай ишларга рухсат берасизми?”, дейди.
Муовия бу иш маъқул эканини ёзиб юбориб, унга рухсат берди. Рум подшоҳи дарҳол ўзининг ажойиб ва забардаст йигитларидан иккисини Муовия ҳузурига жўнатди: бирининг бўйи ҳаддан ортиқ узун, яна бири тенги йўқ бақувват. Бири ўрмонда тарвақайлаб ўсган дарахтга ёки қурилган баҳайбат иморатга ўхшарди. Иккинчиси қувватда тенги йўқ кучли, ёввойи ҳайвондек чайир ва эпчил эди. Шу иккови орқали бир хатни ҳам жўнатиб, унда шундай деган эди: “Мана шу икки одамимга мамлакатингда узун бўйда ва куч-қувватда тенг келадиган киши борми?”
Буни кутмаган Муовия тараддудга тушди ва олдига Амр ибн Осни чақириб маслаҳат ундан сўради:
– Узун одамига бас келадиган ва уни йўлда қолдирадиган одамимиз бор. Бунинг тенги Қайс ибн Саъд ибн Уъбода. Аммо бақуввати ҳақида фикрингга муҳтожман, – деди.
Амр Муовияга:
– Бизда бу ишга муносиб икки киши бор. Лекин иккиси ҳам сизга рақиб бўлишган. Бири Муҳаммад ибн Ҳанафий ва яна бириси Абдуллоҳ ибн Зубайр, – деди.
Муовия унинг муддаосини тушуниб:
– Муҳаммад ибн Ҳанафий сўзимизни ерда қолдирмайди, – деди.
Амр деди:
– Лекин қадри улуғ ва обрў-эътибори юксак бўла туриб одамларнинг кўзи олдида румлик билан куч синашишга рози бўлади, деб ўйлайсизми? – деди. Шунда Муовия ўйланиб қолиб:
– У бунга ва бундан кўпроғига ҳам рози бўлади. Агар шу ишда исломга азизликни кўрса, – деди тўлиқ ишонч билан.
***
Шундан кейин Муовия Қайс ибн Саъдни ва Муҳаммад ибн Ҳанафийни ҳузурига чақирди. Икки румлик иштирокидаги йиғин тугагач, Қайс ибн Саъд ўрнидан туриб, шалворини ечди-да, уни румликка ирғитиб, уни бир кийиб кўр-чи, дегандек ишора қилди. Румлик шалворни киймоқчи бўлиб, ичига кириб юқорига тортганда кўкрагига қадар ичига кириб кетди. Одамларнинг кулгусига қолиб, изза бўлди. Биринчи бас бойлашиш шу билан тугади. Мусулмонлар ғолиб бўлди.
Муҳаммад ибн Ҳанафий ўрнидан турди-да таржимонга қараб: “Румликка айт, агар ўтиришни хоҳласа, мен тик тураман. Ё мен тик турай, ё у ўтирсин. Агар хоҳласа, у тик турсин, мен ўтириб куч синашайлик”, деди. Румликка ўтириб куч синашиш маъқул бўлди. Муҳаммад ибн Ҳанафий унинг қўлидан тутиб, кўтарганда румлик уни ўтирғизишга кучи етмади. Румлик норози ҳолда афти бужмайди. У бу курашдан қониқмай бошқадан куч синашишга ундаб, бу гал ўзи тик туриб, Муҳаммаднинг ўтиришини танлади. Муҳаммад қўли билан румликни ўзига қараб бир тортган эди, билаги елкасидан чиқиб кетаёзди ва ерга букчайиб олди. Икки румлик ҳам ўз мамлакатига мағлуб ва бош эгик ҳолда қайтишга мажбур бўлди.
***
Кунлар бирин-кетин ўтаверди. Муовия билан ўғли Язид ҳам Аллоҳнинг ҳузурига йўл олишди. Бани Умайянинг бошқаруви Абдумалик ибн Марвонга ўтди. У ўзини мусулмонларга халифа деб эълон қилди. Шом аҳли Абдумалик ибн Марвонга, Ҳижоз ва Ироқ аҳли Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат берди. Бу иккиси ўзига байъат бермаганни байъатга ундаб, одамларга ўзининг халифа бўлишга лойиқ ва муносиб эканини даъво қила бошлади. Шу тариқа мусулмонлар сафига иккинчи марта дарз етди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр Муҳаммад ибн Ҳанафийдан Ҳижоз аҳли байъат бергандек байъат беришини талаб қилди. Лекин у байъат берувчи зиммага кўп ҳақлар юклашини, унинг масъулияти ва жавобгарлиги борлигини яшириб ўтирмади. Шулардан бири ўзи байъат берган кишини деб қиличини қинидан чиқариш ва унинг рақиби билан урушишдир. Бунда байъат берувчига ижтиҳод этган мусулмонлардан бошқа душман йўқ. Улар у байъат берган кишидан бошқасига байъат берганлар. Узоқ йиллар ўзи қатнашган жангдаги ҳазин, улуғвор ва дағал овоз Муҳаммад қулоғидан кетмади: “Эй мусулмонлар жамоаси, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, Аллоҳдан ҳазир бўлинглар, эй мусулмонлар жамоаси, аёллар ва болаларга ёрдам берадиган ким бор, дин ва обрў-эътиборни ҳимоя этадиган учун ким бор, Рум ва Дайлам учун ким бор?”. Ҳа, Муҳаммад буни асло унута олмади. У Абдуллоҳ ибн Зубайрга: “Албатта, сен бу ишда менинг бирон мақсадим ва ниятим йўқлгини жуда яхши биласан. Мен мусулмонлардан бириман. Агар мусулмонлар сени ёки Абдумаликни танласа, мусулмонлар танлаган кишига байъат бераман. Аммо ҳозирча сенга ва на унга байъат бера олмайман”, деди. Абдуллоҳ баъзан у билан яхши муомалада бўлиб, юмшоқлик қилар, баъзан қўполлик билан дўқ-пўписага ўтарди. Бироқ бундай муомала Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг фикрини ўзгартира олмади.
***
Лекин Муҳаммад ибн Ҳанафий тутган йўлни маъқул топганлар унинг ортидан эргашди. Унинг фикри маъқул тушиб, фитнадан четланишни афзал кўрган кишилар сони етти мингга етиб борди. Улар ёнажак фитна оловига ўзлари тарафидан ўтин қалашдан бош тортганлар эди. Муҳаммад ибн Ҳанафийга эргашувчилар сони кўпайиб борган сари Абдуллоҳ ибн Зубайр унга қаҳр-ғазабини оширар ва байъатни талаб қилиб, унга қаттиқ тазйиқ ўтказарди. Аммо уларнинг байъат беришидан умид узгач, Муҳаммад Ҳанафийни, Бани ҳошимлик тарафдорлари ва бошқаларни Маккадаги бир дарага қамаб, улар устидан назорат қилиб турувчи посбонлар қўйди. Абдуллоҳ ибн Зубайр уларни бу ҳолга солиб: “Аллоҳга қасамки, ё менга байъат берасизлар, ё устингиздан ўт қўяман”, деб таҳдид қилди.
Шу тариқа ўзига қўшилмаган бу гуруҳни ҳибс қилиб, уларга ўтин тўплатди ва уйларини деворлари тепасига қадар етгунича ўтин билан ўраб қўйди. Агар ўтинга ўт қўйилса, ҳаммалари ёниб кулга айланарди. Ана шу вақтда Муҳаммад ибн Ҳанафий эргашган бир гуруҳ унинг олдига келиб: “Бизга рухсат берсанг, Ибн Зубайрни қатл этиб, одамларни унинг зулмидан халос этамиз”, деди. Муҳаммад ибн Ҳанафий уларнинг мақсадини тушуниб: “Биз ўзимизни четга олган фитна оловини ўз қўлимиз билан ёқамизми?! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ алайҳиссалом асҳоблари ва саҳобаси ўғилларидан бўлган бир кишини қатл қиламизми?! Асло, йўқ. Аллоҳ ва Расулини ғазаблантирадиган бу ишни қилмаймиз”, деди.
***
Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Ҳанафий ва унинг тарафдорлари бошдан кечираётган бу азоб-уқубат хабари етиб боргач, уларни ўзига оғдириб олиш учун қулай фурсат келганини билиб, ундан фойдаланмоқчи бўлди. Тезда Муҳаммад ибн Ҳанафийга элчи орқали хат ёзиб жўнатди ва унда фикрини шундай баён этди: “Менга етиб келишича, Ибн Зубайр сен билан тарафдорларингни қийнаётган экан, раҳм-шафқатни унутиб, сенинг иззат-обрўйингга яраша иш қилмабди. Мана бу Шом шаҳри қачон келсанг, ҳар доим сенга очиқ. Агар тарфдорларинг билан бирга келмоқчи бўлсанг ҳам, марҳамат, сизларни қучоқ очиб кутиб оламиз. Келинглар, шаҳар аҳли билан бирга яшайверинглар. Бизнинг ҳақингизни таниган, фазлингизни муносиб тақдирлаган ва силаи раҳмни қилувчилардан эканимизгатезда ишонч ҳосил қиласизлар. Иншоаллоҳ”.
***
Бу таклиф маъқул тушиб, Муҳаммад ибн Ҳанафий билан тарафдорлари Шом диёри томон йўл олишди. Улар “Убла” деган жойга етиб келиб, у ерда ўрнашишди. Бу жойнинг қавми уларни илиқ кутиб олиб, яхши қўшничилик муомаласини қилишди. Айниқса, Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг ибодати ва зуҳдининг чинлигини кўриб, уни яхши кўришар ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишарди. Муҳаммад ибн Ҳанафий уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарарди. Маросимларини қоим этиб, фирқа ва хусуматларини ислоҳ қиларди. Одамларнинг бир-бирларига зулм қилишига йўл қўйиб қўймасди. Бу нарса Абдулмалик ибн Марвонга етиб боргач, бу иш унга оғир ботди ва хос кишилари билан маслаҳатлашиб олди. Улар: “Ўз мулкингда унга имкон бериб қўйганингни кўриб турибмиз. Унинг ҳоли кўриб турганингдек. Ё у сенга байъат берсин, ё келган жойига қайтиб кетсин”, дейишди.
Абдулмалик унга шундай деб хат ёзиб юборди: “Сен менинг шаҳримга келиб, унинг бир четига тушдинг. Мен билан Абдуллоҳ бин Зубайр ўртамизда не бўлганидан яхши хабаринг бор. Мусулмонлар сени яхши таниб, ҳурмат қилишади. Менга байъат берсанг, бу ерда туришинггга рухсат бераман. Агар таклифимга рози бўлсанг, кечагина “Қалзам” деган жойдан келган юзта кемани ичидаги моллари ва одамлари билан қўшиб олгин. Яна сенга бир миллион дирҳам ҳам бераман, буниси ўзингга. Фарзандларинг, яқинларинг, ёрдам берувчилар ва тарафдорларинг ҳам ўз улушларини олади. Агар таклифимдан бош тортсанг, менинг ҳукмим ўтмайдиган жойга кетавер”.
Бу хатни ўқиб, Муҳаммад ибн Ҳанафий шундай деб хат ёзди: “Муҳаммад ибн Ҳанафийдан Абдулмалик ибн Марвонга. Сенга салом бўлсинки, Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, деб ҳамд айтаман. Аммо баъд... эҳтимол, сиз мендан бекорга хавфсираётгандирсиз. Бу ишга (байъат)муносабатим қандайлигини яхши биласиз, деб ўйлайман. Аллоҳга қасамки, агар бир қишлоқ аҳлидан ташқари бутун уммат менга қарши тўпланса, албатта, бу байъатни қабул қила олмайман ва шуни деб улар билан жанг қилмайман. Агар Маккага борсам, Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам байъат беришимни талаб қилади. Агар бош тортсам, менга ёмон муомалада бўлиши аниқ. Шундан кейин Шом диёрига келишимга рози бўлиб хат ёздингиз. Султонлик марказидан узоқ, оддий ва тинч яшаш учун бу жойларга келдик. Хатингизда нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Иншоаллоҳ, биз бу ердан қайтиб кетамиз”.
***
Муҳаммад ибн Ҳанафий одамлари ва оила аҳли билан Шом шаҳридан қайтиб келди. Илгари ўзи мажбуран чиқарилиб, кўчишга ундалган жойга туша бошлади. Шунча сарсон-саргардонликлар унга кифоя қилмагандек, шунча ғам-ташвишлар унга етарли бўлмагандек эди. Аллоҳ таоло уни қаттиқроқ, оғирроқ имтиҳон ва ғам-ташвишлар билан синаётгандек эди. Бунга ўзига эргашган жамоа ичида динида заифлик ва узоқни кўра билмаслик сабаб бўлди. Шунга ўхшаганлар албатта, Расулуллоҳ алайҳиссалом Али билан унинг аҳли қалбида кўп илм сирлари, дин қоидалари ва шариат хазиналари жойланганлик хабарини берди. Албатта, у зот аҳли байтни бошқалар хабардор қилинмаган нарса билан алоҳида ажратди.
Ҳар қандай зийрак, омил ва илмли киши бу сўз ўз зимнида сақлаган оғишни, ислом ва мусулмонларга қарши хатар ва зарарлар борлигини идрок этади. Бас, шундай вақтда Муҳаммад Ҳанафий одамларни тўплаб, Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд ва Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтгандан сўнг уларга қарата шундай деди:
– Баъзи одамлар аҳли байтда Расулуллоҳ хослаб берган ва бошқа биронтани хабардор қилмаган алоҳида илм бор деб даъво қилмоқда. Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ алайҳиссаломдан мана бу лавҳ (Мусҳафга ишора қилиб)дан нарсани мерос қилиб олмадик. Албатта, ким бизда Аллоҳнинг китобидагидан бошқа илмни бор деб даъво қилса, ёлғон айтибди.
***
Муҳаммад ибн Ҳанафийга эргашганлардан баъзи бирлари уни олқишлаб: “Ассалому алайка, эй Маҳдий”, дейишарди. Бундай мақтовни эшитиб Муҳаммад бин Ҳанафий унга тузатиш киритди: “Ҳа, мен яхшиликка йўл кўрсатувчи Маҳдийман. Сизлар унга йўлланувчиларсиз, иншоаллоҳ. Агар сизлардан биронтангиз менга салом берса, мени исмим билан атасин. Ассалому алайка, эй Муҳаммад деб айтсин”.
***
Муҳаммад ибн Ҳанафий билан қайтиб келганлар жойлашган ердаги оғирчилик ва машаққат узоққа бормади. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Зубайр ишини Ҳажжож ибн Сақафий туфайли ҳал этишни хоҳлади. Ҳамма одамлар Абдулмалик ибн Марвонга байъат беришди. Муҳаммад ибн Ҳанафий Абдулмаликка шундай деб мактуб жўнатди: “Амирал мўминин Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Алидан. Аммо баъд... албатта мен бу иш (халифалик) сизга ўтганини ва одамлар сизга байъат бераётганини кўргач, мен ҳам улардан бири бўлдим ва Ҳижоздаги волийингизга байъат бердим. Байъатим деб сизга мана шу хатни ёзиб юбораяпман. Ассалому алайка”.
Абдулмалик ибн Марвон бу хатни асҳобларига ўқиб бергач, улар: “Агар у бизга қарши чиқишни ва бирон муаммони истаганида албатта бу унинг қўлидан келарди ва сен унга қарши чора тополмас эдинг... унга аҳдни, мийсоқни, омонликни, Аллоҳ ва Унинг Расулини деб у билан асҳобларини безовта қилмасликни ва хотиржам бўлишини ёзиб юборинг”.
Шундай деб битилган мактуб жўнатилиб, Ҳажжожга уни эҳтиром қилишни, ҳурматини жойига қўйиб, норози қиладиган ишдан тийилишни тайинланди. Лекин Муҳаммад бин Ҳанафий ундан кейин узоқ яшамади. Аллоҳ таоло уни рози бўлган ва ундан рози бўлинган ҳолда ўз ҳузурига олди.
***
Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Ҳанафийнинг қабрини нурга тўлдирсин ва унинг руҳини жаннатга киритсин. У ер юзида фасод бўлишини ва одамлар орасида шон-шуҳрат қозонишни хоҳламаган кишилардан эди.
Бобомурод Эрали нашрга тайёрлаган
“Тобеъинлар ҳаёти” китобидан олинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати янада кенг ёйилаётганлиги хаммага маълум. Аммо буни кўра олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият хаётида барқарорликни издан чиқаришда исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг сермахсул қуролга айланиб қолди. Айни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган мехнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу пайғамбаримиз с.а.в.нинг суннатларига хам тўғри келмайди, зеро У киши шундай мархамат қилади: “Аллох умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир хадисда: “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллохнинг ҳузурида ҳам яхшидир” – дейилган.
Ўзбек халқи неча асрлардан бери суннийликнинг тўрт фиқхий мазҳабидан бири бўлмиш ҳанафийлик мазҳабига амал қилиб келади. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётнинг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар ўртасидаги хар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гурухларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.
Халқимиз ўз мустақиллигини қайтадан қўлга кириганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний маърифий соҳаларда турли мусулмон давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Натижада мусулмонлар ўртасида низо, тортишув юз бериб ихтилофлар авжига чиқди. Мазҳабларга эргашишдан қайтариш ҳали динни тўлиқ билмайдиган, Қуръоннинг таржима ва тафсири у ёқда турсин, уни тўғри ўқий олмайдиган юртдошларимизнинг диний ҳукмлар ҳақида тортишиб бир- бирини адашганга чиқаришларига сабаб бўлди.
Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган экстеримизмга мойил кишилар пайдо бўлди. Улар энди нафақат мазҳабга амал қилувчилар билан балки ўзаро бир- бирлари билан келишмас эди. Уларнинг ўзлари хам турли номсиз фирқаларга ажралиб кетди. Бундан эса турли экстремистик рухдаги ғаразли кучлар унумли фойдаланди. Ўлкамизга четда шаклланган радикал оқимлар кириб келди ва тарқоқ номсиз фирқаларни ўзларига қўшиб олди.
Рамазон ал- Бутий: “Мазҳабсизлик- ислом шариатига тахдид солиб турган энг катта бидъат” деб айтгани бежиз эмас. Зеро динимиз мусулмонларни ўзаро бирлашишга ва фирқаларга бўлинмасликка буюради.
Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (яъни динини) махкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деб марҳамат қилади. Оли Имрон сураси 103-оят.
Бошқа бир оятда:
“Агар билмасангиз зикр аҳилларидан сўранг” Анбиё 7-оят.
Ушбу ояти каримада бир инсон шаръий масалада илми бўлмаса ўзича қарор қабул қилмай балки дарров аҳли илм олим инсонлардан сўрашликка буюрилдилар. Келинг энг аввло мазҳаб сўзини қандай маънода эканлигини тушуниб олайлик.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.
Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб (ваф. 795/1393) ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.
Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилишдир:
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.
Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.
Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.
Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.
Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.
Мазҳаббошилар саҳиҳ ҳадисларни ҳасанидан, ҳасан ҳадисларни заифидан, носих ҳадисларни мансухидан ажрата оладиган бўлганлар. Шунингдек, улар оят, ҳадис ва осорларнинг (саҳобалардан ривоят қилинган хабарларнинг) маънолари ва шарҳларидан хабардор бўлганлар ҳамда оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун зарур бўлган бир қанча илмларни билганлар. Бизни ҳозирги замонда бундай зотларни топиш амримаҳол ишдир.
Ҳижрий еттинчи асрда яшаган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу мавзуга доир қуйидаги фикрларни айтганлар: “Мужтаҳиднинг ҳукмига қарши саҳиҳ ҳадис топган киши унга амал қилиши учун алоҳида шартлар бор. Бу шартларни ўзида мужассам қилган кимса бизнинг замонамизда ўта оздир”.
Эътибор берайлик, Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий еттинчи асрда туриб, бизнинг замонамизда бундай одам оздир, демоқдалар. Ҳозирги ўн бешинчи ҳижрий асрда бундай шартларни ўзида мужассам қилган зотлар бормикан?
Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.
Уламоларимиз: “Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат”, – деганлар.
Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган маконлар ва замонлар учун жуда ҳам зарур.
Маълумки, аҳли сунна вал-жамоадаги тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, улардан фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 93 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йилда таваллуд топганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 йилда таваллуд топганлар. Демак, энг аввал туғилган, саҳобалар асрида таваллуд топган Имом – бизнинг Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош бўлганлари маълум, бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини топмаганлар. Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар. Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеий Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда ва масъала илмида гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобот қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.
Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ эса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда ва энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”. Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!
Тасаввур қилинг! Агар ҳамма инсонлар мазҳабсизлик сахросига йўл олса, нима бўлади?
Бу саволга замонамиз уламоларидан бўлмиш Муҳаммад Саъид Рамазон бутий р.а. хазратларини сўзларини иқтибос қилиб келтирамиз. У киши айтадилар: “Агар ҳамма одамларни уй жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда кишиларни шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида одамларни ана шу ишлаб чиқариш мутахасисларига эргашишдан, уларнинг билим ва махоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Агар ҳамма одамларни ана ўша мутахасисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиход қилишларига, изланиш ва ижтиходдан кейин келадиган шахсий қаноатига суянишга чақирадиган бўлсак, кейин ўша одамлар даъватимизни тасдиқлаб, айтганларимизни қилишса, нима бўлади?
Албатта, бу иш орқасидан келиб чиқадиган нарса – бу шубхасиз, тамаддунни, экин- текинни ва наслни барбод қиладиган бош- бодоқликдир. Одамлар уйларини обод қиламан деб, хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб, жонларини халок қиладилар, ишлаб чиқараман, саноатни ривожлантираман деб, бошларига фақирликни ва таназзулни орттириб оладилар. Чунки улар ижтиҳодни ўз ўрнига қўйа билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб, уни татбиқ қилдилар. Одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам бериш, илм ўрганиш ва тўғри йўлни топишда бир- бирлари билан боғликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар ”.
Хулоса қилиб айтганда Ислом динидаги мазҳабларнинг турли-туманлиги камчилик бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпрок мусулмонларнинг ўзи зарар кураётганлари ҳам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм-маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни хам айтиб утиш керакки ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соҳа бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Инсоннинг онги биринчи қабул қилган маълумот нотўғри булсада, тўғри хабар сифатида қабул қилар экан. Шундан кейин унга тўғри маълумот берилса ҳам нотўғри деб қабул қилади. Шунинг учун биринчи олинаётган маълумот ҳақиқий тўғри эканини аниқлаш ва кейингина уни хотирада сақлаш лозим бўлади.
Иброҳим домла САИДОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси