Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июл, 2025   |   11 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
06 Июл, 2025, 11 Муҳаррам, 1447

Ҳаётимиз муҳофазаси

08.04.2018   3870   2 min.
Ҳаётимиз  муҳофазаси

Йўл оммага тегишли, бинобарин, унга зарар етказиш мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йўлга ўз ҳақини беринг­лар», деб марҳамат қилдилар. У зот йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтардилар, сафарларида бирор жойда тўхтаганларида бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирларини кўрдилар.

Жамиятнинг саломатлигини тўлиқ таъминлашга хизмат қилувчи ҳукмларни фуқаҳолар Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқишган. Баъзи уламолар бу фиқҳий қоидаларни ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартиришган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккига жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», деганлар.

Йўл-танспорт ҳодиса­ларининг олдини олишдан мақсад ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш, яъни, инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишдир. Зеро, бундай ҳодисалар инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига путур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши ҳам мумкин. Йўл ҳаракати қоидалари инсон ҳаётини сақлашни таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида ҳаром амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара, 195). Уламоларимиз йўл ҳаракати қоидалари Ислом шариатининг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайди ва уларга амал қилишни вожиб дейишади. Шунинг учун ҳам, барча ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, уларга хилоф иш тутмасликлари зарур.

Динимиз аҳкомларида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимояси мақсад қилинган. Зеро, умримиз мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан фаровон ва осойишта кечади.

 

Ҳасанхон

АБДУМАЖИДОВ,

 Тошкент Ислом институти

4-босқич талабаси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Имом Мотуридийнинг Ҳанафий мазҳабини ёйишдаги ўрни

04.07.2025   4247   1 min.
Имом Мотуридийнинг Ҳанафий мазҳабини ёйишдаги ўрни

Имом Абул Муъин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ "Табсиратул адилла" асарларида Хуросон ва Маворауннаҳр аҳолиси ҳанафийликни Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг етакчи шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, унинг шогирди Абу Сураймон Жузжоний, унинг дўсти Шайх Абу Бакр Аҳмад, Шайх Исҳоқ Собиҳ Жузжоний, Имом Абу Бакр Жузжоний, Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий Ансорий ва Имом Мотуридий силсиласи орқали ўрганган деб келтиради. Имом Насафийнинг таъкидлашларича бу олимлар илк даврдан бошлаб Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларида ҳамда Хуросоннинг Марв ва Балх шаҳарларида ҳанафийлик мазҳабини ёйишда жонбозлик кўрсатишган.

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқодий қарашларини яхши ўзлаштиришдан ташқари минтақамизда ҳанафийлик тарқалишида муҳим ҳисса қўшганлар.

Косонсой туман "Бузрукҳўжа" жоме масжиди имом-хатиби

Содиқжон Абдураҳманов

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА