Кўзи ожиз одам, агар олим бўладиган бўлса, унинг жаноза намози ўқиши ҳам, бошқа намозларни ўқиб бериши ҳам жоиздир.
Фиқҳ китобларида кўзи ожиз одамнинг мукаммал таҳорат қилиши қийин кечгани сабабли унинг имом бўлмаслиги авло, дейилади. Бироқ ундан кўра бошқа имомликка лойиқ киши топилмаса, унинг имом бўлиши яхшидир. Чунки илмли одам кўзи ожиз бўлса ҳам парҳезкор бўлади, одамларда шубҳа уйғотадиган ишлар қилмайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинадан сафарга чиққанларида кўзи ожиз бўлса ҳам Абдуллоҳ ибн Умми Мактум (розияллоҳу анҳу)ни ўз ўринларига қўйиб кетар эдилар. У саҳобаларга намоз ўқиб берарди (Имом Абу Довуднинг Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривояти).
Демак, кўзи ожиз одамнинг намози, агар у имомликка лойиқ ва муносиб бўлса, дурустдир.
“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, 15 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган масжидлар қуриш, таълим олиш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдамга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Бугунги қабул давомида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати