Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Сентябр, 2025   |   13 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:32
Қуёш
05:53
Пешин
12:27
Аср
16:56
Шом
18:53
Хуфтон
20:08
Bismillah
05 Сентябр, 2025, 13 Рабиъул аввал, 1447

Соғлом эътиқод сабоқлари рукнидан: ризқ ҳақида эътиқодимиз

29.01.2018   9367   6 min.
Соғлом эътиқод сабоқлари рукнидан: ризқ ҳақида эътиқодимиз

Ризқ сўзи луғавий жиҳатдан “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади”[1].

Дунёдаги ҳамма жонзотларнинг ризқи Аллоҳ таоло томонидан олдиндан белгилаб қўйилган. Белгилаб қўйилган ризқ зиёда ва кам бўлмайди, барча халойиқ ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса, ўшани олмасдан қолмайди, албатта тўлиқ олади. Чунки бу унинг олдиндан белгилаб қўйилган насибасидир:

نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُمْ مَعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا

 “Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз”[2].    

Қуръонда эса ўрмалаган жонзот борки, барчасининг ризқи Аллоҳ таоло томонидан ато қилиниши баён қилиб қўйилган:

وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир”[3].  

Яъни инсонларнинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, умуман барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир. 

Шу ўринда ҳаром ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан нега уни еган одам жазо олиши керак, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: ҳаромни еган одам ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларга уни ҳалол йўл билан топишга буюрган:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا

“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз”[4].    

Агар банда шайтонга ва нафсу ҳавосига эргашиб, Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан топишга уринса, Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор қилади. Шунга кўра, ҳаром еган банда Аллоҳ таолонинг берган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруғини бажармасдан шайтонга эргашгани учун жазоланади.      

Сўфи  Оллоҳёр бобомизнинг жойлари жаннатда бўлсин, ризқ ҳақида қандай эътиқодда бўлишни қисқа ва лўнда баён қилиб қўйган:

Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,

Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас.

Яъни, эй банда ҳар қанча чирансанг ҳам Аллоҳ белгилаб қўйган ризқдан бир томчи ҳам ортиқ ололмайсан. Сенинг зиммангда фақат ризқ учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш бор холос, ризқинг эса Аллоҳ таоло сен учун тайин қилиб қўйган нарсасидан бошқа бўлмайди. 

Ризқ ҳақидаги масала “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган:

الْحَرَامُ رِزْقٌ وَكُلٌ يَسْتَوْفِي رِزْقَ نَفْسِهِ حَلاَلاً  كَانَ اَوْ حَرَامًا وَلَا يُتَصَوَّرُ اَنْ لَا يَأْكُلَ اِنْسَانٌ رِزْقَهُ اَوْ يَأْكُلَ غَيْرُهُ رِزْقَهُ.

“Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳамма ўз ризқини ҳалол бўлсин, ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”.

Яъни, Аллоҳ таоло бирор кишига истеъмол қилишни тақдир қилиб қўйган нарсани бошқа биров устамонлик ёки айёрлик билан “илиб кетиши” мумкин эмас. Ҳар бир киши ўз ризқу насибасини албатта олади. Аммо ризқ мулк маъносида қўлланганда, уни бошқалар ҳам олиши мумкин:

الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ

“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга)  иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир”[5].           

Ушбу оятдаги ризқ қилиб берилган нарсалардан эҳсон қилишлари, уларга мулк қилиб берилган нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишлари маъносини англатади. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳикамул Атоия”да айтган сўзлари тўғри тафаккур юритган ҳар бир мўмин банданинг қалбини сурурга тўлдиради: “(Аллоҳ таолонинг) сенга етарлича ризқ бериб,  ҳаддингдан ошиб кетишинга сабаб бўладиган (нарсалар)ни сендан тўсиб туриши, сенга неъматларни тўлиқ қилиб берганидир”.

Яъни, бандага етарлича жисмоний ва руҳий озуқалар ато этилиб, нафси хоҳлаган баъзи зоҳирий ва ботиний нарсаларнинг унга ато этилмаслиги аслида тўлиқ неъматдир. Чунки тирикчилиги учун етарли нарсани топа олмаслик кишини бандалар олдида хорланишига сабаб бўлса, туғёнга кетказадиган нарсаларнинг ато қилиниши унинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам бой беришига сабаб бўлади. Шунинг учун кимга тирикчилигига етарли нарсалар берилган ва туғёнга кетказадиган нарсалар берилмаган бўлса, унга неъматлар тўлиқ қилиб берилган бўлади.  

 Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

 Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

 

[1] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 93.

[2] Зухруф сураси, 32-оят.

[3] Ҳуд сураси, 6-оят.

[4] Бақара сураси, 168-оят.         

[5] Бақара сураси, 3-оят.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тинчлик, осойишталик ва барқарорликни тараннум этаётган диёр

05.09.2025   975   8 min.
Тинчлик, осойишталик ва барқарорликни тараннум этаётган диёр

Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига қадам қўйганини барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар яққол намоён этмоқда. Ички ва ташқи сиёсат, иқтисодий-ижтимоий ҳаёт, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар халқимиз турмуш тарзида ўз ифодасини топмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ҳамда халқимизнинг бирдамлиги асосида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимиздаги янгиланишлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур дастур доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини юксалтириш, давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида улкан натижаларга замин яратмоқда.


Сўнгги йилларда мамлакатимизда турли диний конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.


Эътиборлиси, 2017 йили 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида
2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.


Мазкур резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.


Мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида

2022 йилда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясида мустаҳкамланган  тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда
2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мақсадларига эришиш мақсадида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми ўтказилган эди.


Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинган эди. Илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга қўшадиган муҳим ҳиссаси бўлди.


Муҳим жиҳати шундаки мазкур мулоқот анъанавий тус олиб, жорий йилнинг 10-13-сентабрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” иккинчи халқаро форуми ўтказилиши режалаштирилмоқда.


Мазкур халқаро форум жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини таъминлаш  ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини бирлаштириш жараёни ажралмас қисми бўлиб, давлатимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлигни  халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга тайёрлиги ифодасидир.


Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ва ўз иқтидорини намойиш этиш ва ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат ҳисобланади.


Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 2373 та диний ташкилот бўлиб, шундан 2174 таси исломий ва 199 таси ноисломий диний ташкилот ҳисобланади.


Сўнгги саккиз йилда республика бўйича жами 130 та диний ташкилот, шу жумладан 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 105 та масжид ҳамда 25 та турли конфессияга тааллуқли ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.


Албатта, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асоси сифатида 2025 йил 25 февралдаги Ўзбекистон Республикасининг 1037-сонли Қонуни билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”ни алоҳида эътироф этиш зарур.


Мазкур концепция виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқни ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принципларини ва устувор йўналишларини белгилайди.


Концепция давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилганини таъкидлаш лозим.


Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.


Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.


Бир сўз билан айтганда, 2017 йилга қадар 3 та олий (1 та исломий 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кундаги ҳолатга кўра, республика бўйича жами 16 та диний таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан

6 таси олий таълим беришга мўлжалланган.


Мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш борасида “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон имзоланди.


Ушбу Фармоннинг имзоланиши нафақат диний-маърифий соҳа вакиллари томонидан, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам катта хурсандчилик ва мамнуният билан қабул қилинди.


Яна бир эътиборли жиҳат: сўнгги йилларда нисломий конфессияларнинг тадбирлари юқори савияда ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг 145 йиллиги (2017 йил ноябрь) ва 150 йиллиги (2021 йил ноябрь), Арман апостоллик черковининг 120 йиллиги (2023 йил сентябрь), Ўзбекистон Библия жамиятининг 25 йиллиги (2018 йил ноябрь) ва 30 йиллиги (2023 йил сентябрь), Баҳоийлар диний жамоаси асосчиси Баҳоулла таваллудининг 200 йиллиги (2017 йил ноябрь), Боб таваллудининг 200 йиллиги (2019 йил ноябрь) ва Абдул Баҳо вафотининг 100 йиллиги (2022 йил январь) каби тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилгани – юртимиздаги тинчлик ва бағрикенгликнинг яққол намунаси десак, муболаға бўлмайди.


Шу билан бирга, турли дин вакилларининг хориждаги муқаддас масканларни зиёрат қилишига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, 500 мингга яқин фуқаро Ҳаж ва Умра сафарига, 10 000 дан ортиқ фуқаролар Исроил, Россия, Грузия, Туркия каби давлатларда зиёратларни амалга оширди.


Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг ажралмас ва муҳим қисми сифатида дунё цивилизацияси тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келган. Бу заминда савдо-сотиқ, илм-фан ва маданият марказлари ҳамиша ривожланиб, халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик ҳамда турли маданият вакилларига ҳурмат туйғулари тараққиётнинг асосий омили бўлган.


Шу боис, бугунги кунда ҳам юртимизда турли миллат ва халқларнинг урф-одат ҳамда анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган изчил сиёсат нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани шубҳасиз.


Юртимизда бўлиб ўтадиган “Декларациялар мулоқоти” иккинчи халқаро форумида дунёнинг турли ҳудудларидан кенг доирадаги вакиллар иштирок этиши ҳам Ўзбекистон Республикасининг эътиқод эркинлигини, конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасидаги давлат сиёсати самарадорлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаёганидан далолат.
 

Давронбек МАХСУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг
биринчи ўринбосари

Мақолалар