Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, оммавий тарзда ўтказилаётган Қуръон мусобақасининг илк йилидаёқ диёримизда Аллоҳнинг каломига муҳаббат қўйган қори йигит-қизларимиз сони минг-минглаб экани яққол намоён бўлди. Мусобақанинг илк босқичини кузатар эканмиз, қори ва қорияларимизнинг юзидаги нур, муомаласидаги самимийлик ва қироатидаги жозибадан барчамиз сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада мамнунликни ҳис этдик.
Агар инсоннинг қалби Қуръонга муҳаббатли бўлса, унинг қироатидан лаззатланади, унга бор эътиборини қаратади ва бунинг натижасида чуқур тушуниш учун тадаббур ҳосил бўлади. Барча ишлари ўнгидан олади, нафс истаклари камайиб, ихлоси ортиб бораверади. Аксинча, агар муҳаббат бўлмаса, қалбнинг Қуръонга юзланиши қийин бўлади. Қуръонга томон бурилиш фақатгина нафсини қаттиқ тергаш, ўзини мажбурлаш орқали бўлади.
Биз орзу қилган комил инсон ва баркамол авлодлар мана шундай Қуръонга муҳаббатли кишилардан чиқади. Яратган Парвардигорга минг шукрки, мана шундай инсонлар бизнинг ўлкамизда ҳали жуда ҳам кўп экан. Бундай улуғ неъматни Ҳақ таоло бардавом айласин, барча мутасаддилардан Аллоҳ таоло рози бўлсин.
Ташкилий ҳайъат томонидан Матбуот хизматига маълум қилинишича, Қуръон мусобақаси иштирокчиларини рўйхат олиш ишлари 15 январь куни якунланган. Унга кўра, жами иштирокчилари сони 5366 нафарни ташкил этган. Шундан 3263 нафар эркак 2103 нафари аёл-қиз иштирокчилар экан. Мана бу кўрсаткич ҳақиқий кутилмаган натижа, тарихий воқеа бўлди.
Мана энди кўпчилик муҳтарам Президентимизнинг Қуръон мусобақасини ўтказишга катта ташаббус кўрсатиб: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, деб айтган гапларининг ҳикматини англаган бўлса, ажаб эмас...
Мусобақаларнинг ўтиш жараёнларини кузата туриб, мана шундай файзу баракотли кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимизнинг кўзлари ёш ила қўлларини дуога кўтариб, унинг шукронаси учун яратган Парвардигорга ҳамду санолар айтишаётгани, бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, ташкилий ишларга бош бўлиб турган олиму уламоларимиз ҳаққига дуолар қилишаётганинг бевосита гувоҳи бўлдик, Яратган Парвардигорга шукр.
Азизлар барчангизнинг эътиборингизга Қуръон мусобақаси иштирокчиларининг минтақа, аёл-эркак ва йўналишлар бўйича сонини ҳавола этамиз.
Қори ва қорияларимизнинг чиқишларини жонли кузатиб, Қуръонга бўлган муҳаббатимизни янада сайқаллашга чақирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.
Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.
Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.
Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.
Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).
Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.
Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.
Илёсхон АҲМЕДОВ