Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳеч шубҳа йўқ, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг ўзига хос хулқи ҳаёдир”. Ҳаё – кишини инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсадан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё хижолат чекиш, истиҳоладан фарқ қилади. Чунки хижолат чекиш ҳамиша ҳам ижобий хислат ҳисобланмайди. Баъзан у салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ҳаё бир вақтнинг ўзида жоиз бўлмаган иш ва сўзлардан қайтаргани каби, яхши ишларга ундовчи ҳамдир. Бу гўзал хислат одамлар орасида ҳам, ўзи ёлғиз қолганида ҳам эгасининг иккиюзламачилик қилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир”, деганлар.
Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилат. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган.
Имонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик.
Ёрмуҳаммад ЭШНАЗАРОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
ЎМИ Матбуот хизмати
Авваламбор, биз бу мавзуда гап бошлар эканмиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” мавзусидаги маърузасида айтган: “Мамлакатимизда ёшларнинг маънавий қиёфасини мустақиллик мафкураси, унинг инсоний тамойиллари асосида шакллантиришга бош вазифа сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Ёшлар жамиятда содир бўладиган ҳар қандай воқеликларга ўзгача, руҳий ҳис кечинмалар доирасида муносабат билдирадилар. Қийинчиликлар вужудга келганда эса эҳтиросларга бериладилар. Шунинг учун бизнинг олдимизда турган муҳим масала — ёшларни тўғри йўлга бошлашдир” - дея таъкидлаган ушбу нутқларига эътиборимизни қаратишимиз ўринлидир.
Демак, мафкуравий таҳдид тушунчаси нималиги ҳақида бир мулоҳаза: мафкуравий таҳдид - ижтимоий-сиёсий ҳаракат, оқим ёки сиёсий куч ўз манфаатини ифодаловчи мафкурасини қўрқитув, зўрлик йўли билан бошқаларга сингдиришдир. Мафкуравий таҳдид жамият, давлат ёки халқ тақдирига хавф солувчи, оқибати фожеали оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хатар ҳисобланади. Ҳа, бу каби таҳдидларнинг айрим кўринишлари бугун минтақамиздаги тинчлик ва барқарорлик учун катта хавф хатар сифатида намоён бўлиб турибди.
Мафкуравий таҳдид ўз моҳиятидан келиб чиқиб, энг аввало, инсон онгига, тафаккури ва хулқ-атворига хавф-хатар солмоқда. Инсон онги ва қалбини вайронкор ва бузғунчи ғоялар билан издан чиқаришга ҳаракат қилиш мафкуравий таҳдиднинг энг асосий белгиларидан ҳисобланади. Мафкуравий таҳдиднинг ўта хавфли жиҳати шундан иборатки, у, биринчи навбатда, жамиятнинг маънавий соҳасини барбод этишга йўналтирилган бўлади. Чунки, айнан маънавий соҳа ҳар қандай жамиятнинг мавжудлигини, унинг яшовчанлигини таъминлайдиган асосий ўзаги ҳисобланади. Бугун мафкуравий таҳдидларнинг турли хил усул ва воситалари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан: оммавий ахборот воситаларидаги турли хилдаги миллий минталитетимизга тўғри келмайдиган кино ва мультфилимлар, кўрсатув ва клиплар қўйиш билан халқимизнинг онгини секин асталик билан бузишга қаратилган ҳаракатлар шулар жумласидандир.
Бугунги кунда бизлар мафкуравий таҳдидларга қарши курашишлигимизда нималарга алоҳида эътибор қаратишлигимиз керак:
Шу ва шунга ўхшаган бир қанча усуллар билан маънавий-маърифий ишларни кенг қамровли, изчил тартибда олиб боришимиз лозим. Бу каби маънавият ва маърифат ишларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида нафақат таълим-тарбия соҳа вакиллари, балки, барча бошқарув тизимида ўтирган мутасаддилар ҳам масалага ниҳоятда юксак масъулият билан ёндашишлари лозим.
Ҳа, мен юқорида тарбия қисмига алохила тўхталиб ўтдим. Чунки биз келажак авлодларимизни бугун гўзал тарбия билан тарбиялай олсак, эртанги кунимиздан хавотир олмасак ҳам бўлади. Агарда лоқайд, порахўр, эртаси билан қизиқмайдиган, фақатгина бугуни билан яшайдиган, мустақил фикри бўлмаган, ўзгалар нима деса, уларнинг фикрига кўра иш қилиб кетаверадиган манқурт кимсалар кўпайса, эртамизни ўзгалар қўлига бериб қўямиз. Биз бунга буткул қаршимиз, асло бунга рози бўлолмаймиз. Шунинг учун ҳам биз барчамиз бу йўлда бирлашишимиз керак бўлади.
Раҳмонқул Алиқулов,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси