Қадим замонда бир подшо вазирликка муносиб номзод қидира бошлади. Энг яхши номзодни танлаш учун бир синов ўйлаб топди. Салтанатидаги энг катта дарвозани қалъага келтиришларини буюрди. Бу улкан темир эшикни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлади.
Сарой аъёнлари, турли амалдорлар, донишмандлар йиғилган мажлисда подшо шундай деди:
– Катта дарвозани кўрган бўлсаларинг керак. Уни бекорга олиб келмадим. Унинг эшигини оча билган кишини вазир лавозимига тайинлайман.
Аъёнлар дарвозага яқин ҳам бормади. Шунча одамнинг олдида шарманда бўлишни ўзларига эп кўрмай, бу ёғи нима бўлар экан деб кузата бошлади. Донолиги билан ном қозонган баъзи бир кишилар дарвозани бир қур айланиб кўрдилар-у, аммо эшикни очишга ҳаракат қилмадилар. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди: донишмандлар воз кечган ишга уринишдан не наф!
Бироқ шу чоқ бир ясовул подшодан изн сўради. Рухсат олгач, дадил бориб дастани тортди: эшик осонгина очилди. Дарвоза ҳатто қулфланмаган ҳам экан. Шунчаки ўз ҳолича ёпиб қўйилган экан.
Ясовул ўзига ишончи, дадиллиги туфайли юксак мартабага эришди.
Ҳаётда айнан шундай вазият учраши амримаҳол бўлса-да, шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келиб турамиз. Таваккалчилик, иккиланмай олға қадам ташлаш бизга муваффақият келтирса, журъатсизлигу қатъиятсизлик афсус ва аттангларга сабаб бўлади.
Ориф ТОЛИБ тайёрлади
Уламоларнинг баъзилари: “Барча яхшиликлар шу ҳадисда жамланган”, деган бўлсалар, айримлари: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, чунки ҳукмлар Ҳақ таолога ёки махлуқотларга тегишли бўлади. Ушбу ҳадис махлуқотларга тегишли ҳукмларни ёритиб берган”.
“Жомеъул кабир” китобида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Салом айтади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Менга қўшним озор беряпти”, дедим. Шунда у зот: “Сабр қил”, дедилар. Иккинчи марта келганимда ҳам: “Сабр қил”, дедилар. Учинчи бор келганимда: “Кўч-кўронингни йиғиштир-да, кўчага олиб чиқ. Ким учраса, унга: “Қўшним менга озор бермоқда”, деб айтгин”, дедилар. Шу сабаб ўша қўшнинг инсонларнинг маломатига қолади» деб, сўнгра: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”, дедилар.
“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса…” жумласидаги “иймон”дан мурод “мукаммал иймон”дир. Аллоҳ ва охират кунига хосланганининг ҳикмати шуки, Яратган Зотга ва қиёматда амалига яраша жазо берилишига иймон келтирган киши “Яхши гап гапирсин ёки жим турсин”.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар бир киши гапиришни хоҳласа, гапирадиган гапи ҳақиқатан яхши ва савобга лойиқ бўлса, гапирсин. Агар гапирмоқчи бўлган гапи ҳаромга ёки макруҳга элтадиган бўлса, тийилсин”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирор сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деган (Қоф сураси, 18-оят).
Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд Моликий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Барча яхши одоблар тўрт ҳадисдан тармоқланади:
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай васият қилган: “Агар гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир”.
Ибн Муборак айтади: “Агар гап Аллоҳ таолонинг тоати борасида бўлса, кумушдир, Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан сукут қилмоқ эса олтиндир”.
Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсонларнинг энг яхшиси ўз тилига эгалик қила олганидир”.
“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Қўшнига яхшилик қилиш, унга озор бермаслик мўмин киши Исломининг тўғрилиги ва иймонининг комиллигидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўз Каломида бундай деган: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас” (Нисо сураси, 36-оят).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «“Аллоҳга қасам, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди”. Шунда Расулуллоҳдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули, ким у?” У зот: “Қўшниси унинг озорларидан, ёмонликларидан ва азиятларидан омонда бўлмаган киши”, дедилар».
“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Бу хислат пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг хулқлари, одатлари ва Исломнинг гўзал одобларидандир. Иброҳим алайҳиссалом “Меҳмондўстларнинг отаси” деб куняланган. Чунки у зот бир ёки икки мил (ўртача 4000 қадам) юриб, шу аснода дуч келган кишини уйига олиб келиб меҳмон қилган.
Ўткир МАҲМУДОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws