Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июн, 2025   |   16 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июн, 2025, 16 Зулҳижжа, 1446

Ўлган одам гўштини ейишга қиёсланган гуноҳни биласизми?

19.12.2017   5626   5 min.
Ўлган одам гўштини ейишга қиёсланган гуноҳни биласизми?

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким биродарининг обрўсини (тўкилишидан, яъни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло унинг юзини (бутун баданини) Қиёмат кунининг оловидан сақлайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ғийбат ҳақида турли тушунчалар бор. Уни одамлар ҳар хил тушунади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: “Сизлар ғийбат нималигини биласизларми?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дейишди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродарингиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитиб, хафа бўлса, сиз уни ғийбат қилибсиз”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз айтган сифат унда бўлса-чи?” дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шунда ғийбат бўлади. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, унга бўхтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шунинг учун, бошқалар билан гаплашаётган вақтда орамизда бўлмаган, яъни суҳбатда иштирок этмаётган инсон ҳақида, гапиришга зарурат туғилса, у ҳақида яхши сўз айтишимиз лозим. Орамизда йўқ одам ҳақида ёмон сўз айтилса ва обрўсини тўкилса, гапираётган одамни тўхтатиш ва биродаримизни ҳимоя қилишимиз керак. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, зиммамиздаги бурчимизни адо этган бўламиз. Шу сабаб банда Қиёмат кунида дўзахнинг аламли азобидан нажот топиб, Аллоҳ таолонинг улуғ мукофотига сазовор бўлади. Дўстининг обрўсини ҳимоя қилишга, ғийбат қилаётган кимсани тўхтатишга кучи етмаган одам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берган таьлимга амал қилиши лозим бўлади. Яъни, мункар ишни қўл ва тил билан тўхтатишга қодир бўлмаган одам, қалби билан инкор қилсин ёки суҳбатни тарк этсин. Аллоҳ таоло Қурони каримда бундай марҳамат қилади: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот, 12).

Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло бандаларни ғийбат қилмасликка амр этмоқда. Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти каримада ҳам баён қилинмоқда.

Мазкур оятдан ғийбат қилиш ўлган одамни гўштини ейиш билан баробар экани тушунилади. Маълумки, инсоннинг гўштини ейиш нафақат Ислом динида, балки, бошқа динларда ҳам мумкин эмас. Одам ўлгандан кейин унинг гўштини ейишни эса хаёлга келтириш, ҳатто, тасаввур қилиш ҳам машаққат. Шунинг учун, оятдаги: “яхши кўрасизми?” деган саволга ҳеч ким, “Ҳа”, деб жавоб бермайди. Шу боис оятнинг давомида: “Ҳа, ёмон кўрасизлар!” деб таъкидланмоқда.

Оятнинг давомида мазкур гуноҳни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга чақирилиб: “Аллоҳдан қўрқинглар”, дейилди. Шу билан бирга, аввал билмасдан ғийбат қилиб қўйилган бўлса, тезда тавба қилиб гуноҳни ювиш мумкин экани айтилмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳаматидан ноумид бўлмасликка чақирилмоқда.

Чин дилдан надомат чекиб, қайта бу ишни қилмасликка аҳд қилиб ва унга вафо қилиш тавбанинг шартларидир. Ҳамда кимни қаерда ғийбат қилган бўлсангиз, ўша ерда у одам ҳақида яхши гапларни гапириш лозим. Шунда Аллоҳ таоло тавбани қабул қилади.

Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп. Жумладан, ғазабини тўкиб солиш, бошқаларнинг суҳбатига қўшилиш, ўз обрўсини кўтариш, ҳасад, ўйин-кулгу ва ҳазил қилиш кабилар ғийбатга сабаб бўлади. Баъзида бир одам бошқа кимсанинг жаҳлини чиқаради. Ғазаби чиққан одам уни йўқлигида, ғийбат қилиб ўч олишга ҳаракат қилади. Айрим ҳолларда таниш ёки улфатлар бир кишини ғийбат қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида, у гуноҳга шерик бўлади. Баъзилар эса “Фалончи жоҳил, фаҳми йўқ”, деб, ўзларини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади. Кўпчилик бир кишини мақтаса, унга ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб, обрўсини тўкиш пайидан бўлади. Aйримлар бошқаларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида баъзиларни камчилик ва айбларини айтиб, ғийбат қилишади.

Инсон ғийбат туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиши ҳақида фикр қилиши мазкур гуноҳдан сақланишда муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, банда қиёмат куни ғийбатчининг савоблари олиниб бошқага берилиши ёки  унинг зиммасига ўзганинг гуноҳлари юкланишини доимо ёдда тутиши лозим. Ғийбат пайти ҳамма ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг камчилик ва нуқсонлари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, шукр қилсин. Инсон ўзини энг ёмон айб – ғийбатчилик ила булғамасин. Ўзини бошқалар ғийбат қилишини хоҳламаганидек, ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин. Ғийбатга сабаб бўладиган иллатларни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Ҳар дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабларни йўқ қилиш билан бўлади.

Мўмин-мусулмонлар ўзлари ғийбатдан сақланиб, бошқаларни ҳам бу гуноҳдан тийилишига ҳаракат қилишлари зарур. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мўминнинг биродаридир. Ҳар бир мўминнинг зиммасида мусулмонларнинг қони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиш бурчи бор”, деганлар. Шунинг учун,  ҳар биримиз ўз бурчимизни тўлиқ адо этмоғимиз лозимдир.

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” китоби асосида

Абдусамад ТОЖИДДИНОВ

тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳажингиз мабрур бўлсин!

13.07.2022   6218   2 min.
Ҳажингиз мабрур бўлсин!

Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.

Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».

Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

Мақолалар