Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Насаб илми олимлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари ҳақида қуйидаги силсилани келтирадилар:
У киши Усмон ибн Аффон ибн Абул Осс ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусой.
У кишининг оналари Арваа бинти Курайз ибн Робийъа ибн Ҳабиб ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусой.
У кишининг оналарининг онаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари Байзаа бинти Абдулмуттолибдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу машҳур «Фил ҳодисаси»дан олти йил кейин Тоиф шаҳрида таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.
У кишининг оталари Макканинг энг бой тижоратчиларидан эди. Катта тижоратчининг ўғли Усмон ҳам катта тижоратчи бўлдилар.
Ибн Асокирнинг ривоят қилишича, «Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўрта бўй, яъни новча ҳам, пакана ҳам эмас, чиройли юзли, оппоқ, яноқлари қизғиш, юзида чечакдан қолган излар бор, серсоқол, икки елкаси кенг, болдирлари кичкина, билаклари узун, билакларини тук қоплаган, жингалаксоч, бошининг тепасида сочи йўқ, олд тишлари энг гўзал одамлардан эди. Сочлари қулоқларидан пастга тушиб турарди. Уларни сарғиш рангла ҳинолаб оларди. Тилла тиш қўйдирган эди».
Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Ҳазм ал-Мозанийдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни кўрганман. Ҳеч қачон ундан кўра чиройлироқ эркак ёки аёлни кўрганим йўқ».
Шу билан бирга, у киши ёшликларидан гўзал ахлоқлар, олий инсоний фазилатларга одатланиб бордилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўта ҳаёли ва иффатли зот эдилар. Мазкур сифатлар билан бир қаторда, у киши жуда ҳам сахий эдилар, ўз қавмларига хайр-эҳсонни кўп қилар эдилар. Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ёшлик даврларидаёқ ўз қавмлари бўлмиш Бани Умайя ичида катта обрўга эга бўлган эдилар.
Исломга келишлари
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳақида биринчи бўлиб холаларидан эшитганлар:
«Бир куни Усмон кўчадан уйига келса, холаси Саъдо бинти Курайз ўтирган экан. У қавмнинг коҳинаси бўлиб, рамлга хат чизишни (фол очишни) ўрганган эди. Бу нарса юлдузларга қараб хабар айтишга ўхшаган иш эди. У аёл ўз синглисининг ўғли Усмоннинг кўркам, хушсурат, гўзал, оқ-сариқ, жингалаксоч бўлиб келаётганини кўриб, шеър айта бошлади:
Суюнчи. Кетма-кет табрик учта.
Сўнгра учта ва бошқа яна учта.
Яна бир бошқаси, ҳаммаси ўнта.
Ёмондан сақландинг, келди яхшилик сенга.
Никоҳландинг, валлоҳи сен афийфага – гулга.
Бикр эдинг, учрадинг бикрга, ўхшаган сенга.
Қадри улуғнинг қизини топдинг.
Ажиб бир иш биносин қилдинг.
Зикри эл оғзига тушувчи бўлдинг.
Холасининг бу гапларидан ажабланган Усмон унга қараб: «Хола, нималар демоқдасиз?» деди. У бўлса яна шеър айтишга тушди:
Усмон, Усмон, эй Усмон!
Сендадир гўзаллик, лисон.
Бу набийдир, у билан бурҳон.
Юборди уни ҳақ билан Дайён.
Келди унга танзийлу Фурқон.
Эргаш унга, тутмас сени авсон.
Усмоннинг ажабланиши яна ҳам зиёда бўлди. Холасидан эшитган нарсалардан яна ҳам ҳайрати ошди. Унга қараб:
«Эй хола! Сиз бизнинг юртда ҳеч бўлмаган нарсани гапирмоқдасиз. Уни менга баён қилиб беринг», деди.
Холаси:
Муҳаммад ўғлидир Абдуллоҳнинг.
Элчидир ҳузуридан Аллоҳнинг.
Келтирди туширганини Аллоҳнинг.
У ила чақирадир Аллоҳга.
Унинг чироғи чироғдир.
Унинг дини ютуқдир.
Унинг иши нажотдир, –
деди-да, ўрнидан туриб, ўз уйи томон равона бўлди.
Саъдаанинг сўзлари Усмоннинг қалбига ўрнашиб қолди. У Абу Бакр билан тез-тез учрашиб турар эди. Унинг олдига борди. У ёлғиз ўтирган экан. Усмон бориб, унга яқин ўтирди. Абу Бакр Усмоннинг ўйга толганини кўриб, унга нима бўлганини сўради. У холаси Саъдаа бинти Курайздан эшитганларини айтиб берди. Шунда Абу Бакр унга қараб:
«Эй Усмон! Сен пишиқ-пухта одамсан. Ҳақни ботилдан ажратишинг осон. Қавмимиз ибодат қилаётган мана бу бутлар нима ўзи!? Унсиз, эшитмайдиган, кўрмайдиган, зарар ҳам, фойда ҳам бермайдиган тошлар эмасми!?» деди.
«Тўғри айтасан. Аллоҳга қасамки, худди шундай, эй Абу Бакр», деди Усмон.
«Ундай бўлса, холанг – Курайзнинг қизи сенга тўғри айтибди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг Расулидир. Аллоҳ уни Ўз пайғамбарлиги ила халойиққа юборди. Унинг олдига бориб, гапларига қулоқ осишни истайсанми?» деди у.
«Ҳа», деди Усмон».
Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тарғиботлари билан мусулмон бўлдилар. Бугина эмас, эркаклар ичидан биринчи бўлиб иймонга келган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари мусулмон бўлган кунларининг ўзидаёқ жаннатнинг башоратига сазовор бўлган зотлардан беш кишининг Исломга келишига сабабчи бўлганларини ҳаммамиз яхши биламиз. Ана ўша беш кишининг ичида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.
«Ал-Истийъоб» китобида келтирилган ривоятга биноан, худди ўша куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни динга чақирганлари келиб чиқади.
Амр ибн Усмон розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Холам, Арваа бинти Абдулмуттолибни кўргани кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кириб қолдилар. Мен у зотга назар сола бошладим. Ўша кунлари у зотнинг ишларидан баъзи нарсалар зоҳир бўлган эди. У киши олдимга келиб:
«Эй Усмон, сенга нима бўлди?» дедилар.
«Сиздан, сизнинг ичимизда тутган ўрнингиздан ва сизга қарши айтилаётган гаплардан ажабланмоқдаман», дедим.
«Лаа илааҳа иллаллоҳ!» дедилар.
Шунда, Аллоҳнинг Ўзи билади, бутун вужудимни титроқ босди. Кейин у зот:
«Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарса бор. Осмону ернинг Робби ила қасамки, албатта, у (ваъда) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир»ни ўқидилар («Зарийат» сураси, 21-22-оятлар). Сўнгра туриб, чиқдилар. Мен ҳам ортларидан чиқдим. Кейин мусулмон бўлдим».
Афтидан, ўша пайт йўлда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга дуч келганлар ва у киши ҳам тарғиб қилиб, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлганлари эълон қилинган бўлса керак.
Ўша пайтда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ёшлари ўттиз тўртда эди.
Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, Абу Бакр, Али ва Зайд ибн Ҳорисадан кейин Исломга келган киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлганлар.
Албатта, бошқалар қатори, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам мусулмон бўлишлари билан кофирларнинг озорларига дучор бўлдилар. У кишини биринчилардан бўлиб, амакилари Ҳакам ибн Осс Исломдан қайтаришга ҳаракат қилди. У ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга: «Ота-боболарингнинг динидан юз ўгириб, янги пайдо бўлган динга кирасанми?!» деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу унинг гапига кирмади. Шунда Ҳакам у кишини арқон билан боғлаб, қамаб қўйди ва:
«Ушбу динни тарк қилмагунингча арқонларни ечмайман», деди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлсалар: «Аллоҳга қасамки, бу динни тарк қилмайман, ундан ажрамайман», деб туриб олдилар.
Охири амакилари ноумид бўлди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди