Жорий йилнинг 11 декабрь куни мавлид ойи муносабати билан Қўштепа туманидаги имом-хатиблар томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Туман бош имом-хатиби Р.Жалилов, «Мўйи Муборак» масжиди имом-хатиби Л.Суярқулов ҳамда «Ғиштмон» масжиди имом-хатиби И.Ҳайдаровлар томонидан ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқароларга қишқи кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.
Худди шундай тадбирлар Қува, Олтиариқ, Фурқат туманларида ҳам ташкиллаштирилиб, унда имом-хатиблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қишқи кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда маиший эҳтиёж учун зарур бўлган ашёларнинг эҳтиёжманд хонадонларга кириб боришига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Зеро, киши ўзи яхши кўрган нарса, одатда, ўзи учун фойдали, ёқимли ва хайрли нарса бўлади. Бу нарсаларни ўзгага ҳам раво кўриш, ўзга шахснинг бу одамга нисбатан меҳри ва ҳурматини оширади. Ўзаро алоқалар яхшиланади. Бунинг натижасида жамият мустаҳкам ва фаровон бўлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.