Ҳурматли мухлислар! Энди ҳафтанинг ҳар душанба, сешанба ва чоршанба кунлари тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар олиб борилади. Ушбу дарсларни таниқли уламолар ва Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари ўтказишади. Агар Сизда мавзу юзасидан қандайдир саволлар бўлса, уларни олдиндан телеграмдаги “@MuslimUzAdmin1Bot”га юборишингиз ёки дарс жараёнида тўғридан-тўғри беришингиз мумкин.
Шунингдек, ушбу онлайн дарсларни қуйидаги ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали тўғридан-тўғри кузатишингиз мумкин:
Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal/
Instagram: https://www.instagram.com/muslimuzportali/
Youtube: https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ
Бугун соат 15:00 да фиқҳ ва 16:00 да ҳадис фанларидан тўғридан-тўғри дарслар бўлиб ўтади, барчани онлайн кузатиб, ўз билим савияларини оширишларини тавсия этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.