Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2025   |   5 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2025, 5 Ражаб, 1447

Хуш келдинг, моҳи рамазон!

25.05.2017   75354   8 min.
Хуш келдинг, моҳи рамазон!

Шукрона

Тинч-осойишта юртда умргузаронлик қилиб, фарзандлар камолини кўриш инсон учун чинакам бахт. Шукурки, бугун биз ана шундай хотиржамлик ҳукмрон, пок ниятларимиз рўёбга чиқаётган диёрда яшаяпмиз.

Бинобарин, истиқлол мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш ҳамда ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларни таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш имкониятини берди.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини му­носиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори жамия­тимиздаги эзгу қадриятларни янада юксалтириш, шунингдек, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби улуғвор муносабатлар юксак эъзозланаётганлигининг яна бир тасдиғи бўлди.

Халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик ҳамда мурувват сингари фазилатлари Муборак айёмда ташкил этиладиган турли маросимларда янада кенг қулоч ёзади. Зотан, ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятида ҳам бу масалалар яққол акс этиб турибди.

Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни беқиёс. Хусусан, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фа­зилатларни шууримиз, қалбимизга синг­дириб, сайқал беришимизда унинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда, Рамазон ойини жойларда, миллий анъана ҳамда қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгилангани бу борадаги аъмолларни самарали бажаришда айни муддао бўлди. Зеро, Рамазон эзгу амаллар ойидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу муборак ойнинг ташрифи ҳақида марҳамат қилиб: “Бу ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари эса беркитилади, шайтонлар кишанла­нади”, деганлар  (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, аммо рўза Мен учун. Унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилади (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бундай амр қи­лади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қи­линди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара, 183, 184).

Ояти каримадан англашиладики, рўза қадимги динларда ҳам бор бўлган ибодатдир. Фақат бошқа динларда рўзанинг тартиби, куни ва қоидаси турлича бўлган. У фақат Ислом динидагина илоҳий маънони касб этади.

Дастлаб рўзани истаган одам тутар ёки бунинг ўрнига бир мискиннинг қорнини тўй­дириши мумкин эди. Бироқ кейинчалик бу ҳукм ўзгарди, ким бу ойда ҳозир бўлса, албатта, рўза тутиши шарт эканлиги амр қилинди: “Рамазон ойи — одам­лар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олма­ган кунларининг) саноғи бош­қа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукур қилишингиз учундир”  (Бақара, 185).

Рамазон ойида ҳар бир мў­мин-мусулмон рўза тутиши лозим. Фақатгина касал инсон, са­фардаги киши, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутмаслиги мумкин. Узрли ҳолатни тарк этгач, қазосини ўтайди. Узрли ҳолатлар борасида тафсир китобларда, суннати набавияда алоҳида тўхталиб ўтилган.

Агар беморнинг тузалишдан умиди бўлса, рўза ойида тутмайди, тузалгач, қазосини тутиб беради. Бироқ ёши улғайган кишилар эса фидя берадилар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “...Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир...” ояти кекса чол ва кампирга тегишлидир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар ва таом берурлар” (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти). Бу ўринда ҳомиладор ва эмизикли аёллар тузаладиган бемор сифатида кўрилади. Яъни ҳомиладорлик ёки эмизиш бартараф бўлгач, бу заифлик аёл кишидан соқит бўлади. Ана шунда аёл тутмаган рўзасининг “...саноғи бошқа кунлардан” ўтайди. Касал одам агар рўза сабабли заифлашса, беморлиги зиёда бўлса, рўзасини тутмайди. Тузалгач, адо этади. 

Рамазони шарифда рўза тутмасликка вақтинча изн берилган яна бир тоифа – бу ойда сафарга чиққанлардир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғзилари очиқ ҳам бўлган. Бас, сафарда ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).

Аввал бошда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига фарз қилинган рўза ҳозиргисидан фарқли бўлган. Ифтор вақти қуёш ботганидан хуфтонгача эди. Рўзадор хуфтон намозигача ифторлик қилиб олмаса, эртасига ифтор вақти киргунича яна рўзадор ҳолида қолиб кетар эди.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни саҳарлик қилиб рўза тутишга чорлаганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бордир” дедилар” (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, ифтор қилиш, уни тезлатиш лозимлиги суннати набавийда кўп бор такрорланган. Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайр­да бўлурлар, деди” (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).

Ҳадиси  қудсий: “Аллоҳ азза ва жалла:  “Мен учун бандала­римнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир”, деди” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Яъни, яхшилик хоҳлаган мўмин киши вақти кириши билан ифторлик қилишга чақирилади. Зеро, ифторликни тезлатган киши Холиқи Зулжалолга севимли бўлишдек шарафга ноил бўлади. Шу билан бирга, ифтор чоғида дуо қилиш ҳам фазилатли саналади. Бу пайтдаги дуо тўсиқсиз қабул бўлади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон ифтор қилсалар: “Аллоҳумма лака сумту ва ала ризқика афтарту”, яъни “Эй Аллоҳ, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Табароний ривояти).

Албатта, Рамазон хайру эҳ­сон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Мамлакатимиздаги жоме масжидлар имом-хатиблари ҳомийлар кўмагида Рамазонда бир қанча савобли ишларни амалга оширадилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий Вакиллик ходимлари кам таъминланган оилаларга, кекса, ногирон, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қарияларга ҳомийлар кўмагида ҳар йилгидек Рамазон ҳайити арафасида беминнат ёрдамларини кўрсатади.

Муборак Рамазон ойи барча юртдошларимизга хайрли, баракотли келсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий

2017 йил 24 май 21-сон “Nuroniy” газетаси   

Рамазон
Бошқа мақолалар
Видеолар

Амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди

24.12.2025   4759   4 min.

Шу йил 23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси ўтказиб келинаётган амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилик қилди. Шунингдек, унда Диний идора бўлими бошлиқлари Исломиддин домла Зуҳриддинов, Музаффар домла Камолов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Дилмурод Раҳимовлар қатнашди.

Мазкур тумандаги “Исломобод” масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ва Олмазор туманидаги масжид имом-хатиблари ҳам иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Зайниддин домла Эшонқулов мазкур китоб бугунги ҳаётимиз билан нақадар уйғун экани, динимизда ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати юксак улуғланиши, ҳар бир диний соҳа ходимининг фаолияти учун дастурамал бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу китоб барча иштирокчиларга тарқатилди.

Тадбир давомида туман бош имом-хатиблари учун намунавий махсус кийим намунаси тақдимот қилинди. Унда чакмон, духоба ва миллий дўппилар намойиш қилинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, хусусан, Олмазор туманида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда шаҳардаги имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқлар эътироф этилиб, баъзи камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Рустамов Эргашали бошчилигида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан таркиб топган Ишчи гуруҳ тузилиб, улар Олмазор туманидаги 21 та масжид ва маҳалласига бириктирилди.

Тадбир доирасида амалиёти назарда тутилган йўналишлар бўйича қуйидагилар амалга оширилди:

Биринчи йўналиш бўйича имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 105 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди: Хусусан:  

- 20 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилиб, тушунчалари тўғриланди;

- 15 та хонадонда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, муқаддам судланганлар билан суҳбат қилинди;

- 20 та нотинч оила ўрганилиб, муаммонинг сабаблари бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди;

- 15 та хонадонда ичкиликка ружу қўйганлар билан суҳбат қилиниб, зарарли одатлардан сақланиш тўғрисида насиҳат қилинди;

- ногирон, касал, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 20 та оилага кирилиб, улардан ҳол-аҳвол сўраш баробарида совға-саломлар улашилди, даволаниш ва дори-дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди.

Кирилган 105 та хонадоннинг ичидан моддий имконияти чекланганларига  ҳомийларни жалб қилган ҳолда жами 42 000 000 (қирқ икки миллион) сўмлик рўзғорлик маҳсулотлари эҳсон қилинди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди;

Иккинчи йўналиш бўйича имом-хатиб фаолияти ўрганилди. Жумладан, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатлари кўриб чиқилди.

Учинчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган 21 та масжидда пешин намозини адо қилиб, жамоатга маъруза қилиб бердилар. Тинчлик неъмати, шукроналик, ақидада адашмаслик, мазҳабга эргашиш каби муҳим мавзудаги чиқишларда 3800 га яқин тингловчи қамраб олинди.

Шунингдек, якуний йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича сўз юритди.

Йиғилишда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан мулоқатни мунтазам йўлга қўйиш, кадрлар масаласига эътиборни кучайтириш, маърузаларни Фатво марказидан чиқарилган жума тезислари ва қўшимча адабиётлардан фойдаланган ҳолда бойитиш, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари маърузалар қилиш ҳақида сўзлади.

Диний идора Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исломиддин Зуҳриддинов масжидларда иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш, эҳсон қутилардаги тушумларни комиссия аъзолари иштирокида далолатнома асосида банкдаги ҳисоб рақамларга кирим қилиш, тўй ва маракаларни ихчамлаштириш, жаноза маросимларда бидъат-хурофатларга чек қўйиш тўғрисида гапирди.

Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов мавжуд маҳаллаларга барча имом-хатиб ва имом-ноибларни бириктириш, маҳалла еттилиги билан ҳомкорликда ишларни йўлга қўйиш, шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида маъруза қилиш, кибер жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Олмазор тумани имом-хатиблари ютуқ ва камчиликлари юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

ВИДЕО