Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида «Бу илмни кейинги келган одамлардан одиллари (тақводорлари) кўтариб юрадилар. Улар илмни ғулуга кетувчиларнинг ўзгартиришидан, ботилга чиқарувчиларнинг динни ўзиники қилиб олишидан ва жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қиладилар», деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан эди.
Уламолар томонидан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни «Имамул ҳудо», «Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна» деб аталган ва эътироф қилинган. Барча уламолар у зот ҳақида илиқ фикрларни билдиришган. Жумладан, Имом Кафавий раҳимаҳуллоҳ «Аъламул ахёр» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: «Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчисидир. Аллоҳ у кишига сиротул мустақим, яъни тўғри йўлни насиб қилиш ила нусрат берди ва у киши дин нусрати йўлида юрди. Буюк китобларни тасниф этди ва ботил эътиқод соҳибларига раддия берди»[1].
Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий раҳимаҳуллоҳ «Ал-Фатҳул мубин» асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб адашган ва мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олимлардан эди»[2].
Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ «Завожир ан иқтирофил кабоир» китобида Имом Мотуридий ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:
«Аҳли Сунна эътиқоди деганда Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳларнинг эътиқодлари назарда тутилади»[3].
«Ар-Ровзатул баҳия» китобининг муаллифи Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса Аҳли Сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган:
«Шуни билки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир. Бу икки қутб: Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг, ҳидоятга эришиб бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан»[4].
Аллома Тошкупризода раҳимаҳуллоҳ ақоид илмининг икки имоми ҳақида «Мифтаҳус саодат» китобида шундай деган: «Аҳли Сунна вал Жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир: бири ҳанафий мазҳабига мансуб Абу Мансур Мотуридий. Иккинчиси эса шофеъий мазҳабига мансуб Абул Ҳасан Ашъарийдир»[[5].
Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ «Мирқотул мафатиҳ» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади:
«Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми» оятидаги ҳавойи нафсга Китобу суннатга хилоф бўлган эътиқодий фосид ҳавойи нафсларнинг барчаси киради. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мункар ёмон ҳавойи нафсни баён қилиб шундай деган: «Мункар ҳавойи нафс бу Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имоми: Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг эътиқодларига мухолиф бўлган фосид эътиқодлардир»[6].
Имом Кавсарий раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ҳақида «Муқаддиматул Кавсарий» китобида шундай деган:
«Ашъарий ва Мотуридий булар ернинг машриқу мағрибида Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имомидир. Улар санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп китоб таълиф қилишган. Бу икки имом ўртасидаги хилофларнинг аксари лафзийдир. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди. Байзовийнинг «Ишаротул маром фи иборотил имом» китоби бу борадаги энг яхши китобдир. Зубайдий «Иҳё»нинг шарҳида Байзовийнинг ўша китобидан нақл қилган»[7].
Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Рижалул фикр вад даъва» китобида бу зот ҳақида шундай деган: «Имом Мотуридий кенг фикрли, заковат ва фаҳм эгаси, турли фанларни ўзлаштирган буюк олим бўлган»[[8].
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтининг
4- босқич талабаси Нурмуҳаммедова Васила
[1] Абул Бақо Ҳусайн Кафавий. Аъламул ахёр мин фуқаҳои мазҳабин Нўъмон мухтор. – Теҳрон: Кутубхона Мажлис шўро, 2011. – Б. 138
[2] Абдуллоҳ Мустафо Муроғий. Ал-фатҳул мубийн фи табақатил усулиййин. – Байрут: Дорул ирфон, 1986. – Б. 241
[3] Ибн Ҳажар Ҳайтамий.Завожир ан иқтирофил кабаир. – Қоҳира: Дору дарбул ислам, 1987. – Б. 80
[4] Шайх Абдулвожид Халлоф. Хилофу танаввуъил Мотуридий вал ашъарий. – Қоҳира: Дору кутубил илмийя, 1425. – Б. 23
[5] Аллома Аҳмад ибн МустафоТошкуброзода. Мифтаҳус саодат. – Байрут: Дору кутубил илмийя, 1985. – Б. 33
[6] Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон. Мирқотул мафотиҳ – Байрут: Дору кутубил илмия, 1998. – Б.452
[7] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Муқаддимот Кавсарий. – Байрут: Дорус салом, 1425. – Б. 51
[8] Абул Ҳасан Надавий. Рижалул фикри вад даъвати. – Байрут: Дору муассасатир рисала, 2003. – Б. 432
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا أبو قلابة الرقاشي نا أبو عامر العقدي ووهب بن جرير وعبد الصمد بن عبد الوارث وحفص بن عمر قالوا: نا هشام بن أبي عبد الله عن يحيى بن أبي كثير عن الحضرمي بن لاحق عن سعيد بن المسيب قال: سألت سعد بن أبي وقاص عن الطيرة فانتهرني فقال: من حدثك فكرهت أن أحدثه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم يقول :”لا عدوى ولا طيرة وإن تكن الطيرة في شيء ففي الفرس والمرأة والدار“ وقال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم :”إذا سمعتم بالطاعون بأرض ولستم بها فلا تدخلوها وإذا كان بأرض وأنتم بها فلا تخرجوا منها“.
Саид ибн Мусаййибдан ривоят қилинади: “Саъд ибн Абу Ваққосдан тияра ҳақида сўрадим, мени бундан қайтариб: “Сенга бу ҳақда ким айтди?” деб сўради. Мен унга айтишни истамадим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман деди”: “Юқиш ҳам йўқ, тияра ҳам йўқ. Агар тияра (шумланиш) бирор нарсада бўлса, у: отда, аёлда ва ҳовлидадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Агар бирор ерда вабо тарқалганини эшитсангиз, сизлар у ерда бўлмасангиз, у ерга кирманг! Агар вабо бир жойда тарқалса-ю, сизлар ўша ерда бўлсангиз, у ердан чиқманг!” дедилар.
Изоҳ: “Юқиш йўқ” дегани касалликнинг ўзида юқиш қуввати йўқ, балки касаллик Аллоҳнинг изни билан пайдо бўлади, яъни касаллик юққан кишида ҳам мазкур касалликни Аллоҳ яратади, деганидир. Бу гап эътиқодга боғлиқ.
Аммо амалга келганда етиши мумкин бўлган зарарлардан сақланиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳадиснинг давомида вабо тарқаган жойга кирмасликка буюрганлар.
“Тияра” – шумланиш. Бу cÿз арабча “тойр” сўзидан олинган бўлиб, қуш деганидир. Жоҳилият даврида араблар бирор муҳим ишни қилмоқчи бўлca, масалан, сафарга чиқишдан олдин ёки бирор ишда иккиланса, қўлига қуш олиб, учиришарди. Агар қуш ўнг тарафга учса, ўша ишни қилишар, чап тарафга учса, қилишмас эди. Мана шу иш “тияра” деб аталган ва “тияра”, “татойюр” (“тияра қилиш”) сўзлари умумий шумланишга ҳам ишлатиладиган бўлиб кетган.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси