Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар инсон вафот этса, амаллари тўхтайди. Фақатгина учта ишдан, садақаи жориядан ёки фойдали илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан унга савоб бориб туради”(Имом Муслим ривояти). Ушбу муборак ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафот этганидан кейин ҳам унинг ортидан бориб турадиган савобли ишларни сизу-биз умматларига баён қилиб бермоқдалар. Бу эзгу амалларнинг дастлабкиси эса садақаи жориядир. Уламоларимиз садақаи жорияга бошқа инсонларга фойда келтирадиган, уларга мафаати тегиб турадиган ҳар қандай савобли иш дея таъриф берадилар. Яъни инсон ҳаётлик чоғида масжид, мадраса, мактаб ёки шифохоналар бунёд этса, кўпригу-йўллар очиб инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилса, у инсон дунёдан ўтганидан сўнг ҳам қилган бу ишларининг савоби унга етиб туради.
Истиқлол йилларида марҳум Биринчи Президентимиз ташаббуслари билан юртимиз ободлиги йўлида мисли кўринмаган мувафаққиятларга эришилди. Шаҳару-қишлоқларимиз чирой очиб, янги йўллар, кўприклар бунёд қилинди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида Фарғона водийсини юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган темир йўлни қурилиши тарихий воқеа бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло марҳум Юртбошимизни қилган бу садақаи жорияларини ажрини ўзи кўпайтириб берсин. Охиратларини обод қилсин!
У кишининг вафотларидан кейин ҳам шогирдлари муҳтарам Президентимизнинг Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида ободончилик ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу савобли ишларнинг давоми сифатида “Новза” жоме масжидининг ёнида, Бунёдкор ва Муқимий шоҳ кўчалари кесишадиган чорраҳада кўприк қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди. Мазкур улкан ишга арзимас ҳисса қўшиш мақсадида “Новза” масжиди имом хатиби, масжид қавми, ҳайъат аъзолари, намозхонлар ташаббуслари билан ҳомийларни жалб қилган холда куни кеча 8-март куни хайрия эҳсони ташкиллаштирилди. Унда масжид фаоллари, отахонлар иштирок этиб, Қуръони карим тиловат қилиниб, Юртимиз Раҳбарияти бу ишга бош-қош бўлиб турган азизларимиз ва қурувчиларнинг ҳаққига дуойи хайрлар қилинди. Тадбир сўнгида ош тарқатилиб, уларнинг юртимиз ободлиги йўлида қилаётган ишларига мувафаққият тиланди.
А.Собиров,
Чилонзор тумани “Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني وأبو عبيدة السري بن يحيى بن السري قال: نا يعلى بن عبيد نا الأعمش عن عمارة عن عبد الرحمن بن يزيد قال: قال عبد الله: كنا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم شبابا ليس لنا شيء قال :”يا معشر الشباب من استطاع منكم الباءة فليتزوج فإنه أغض للبصر وأحصن للفرج ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإن الصوم له وجاء.“
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга эдик. Ҳеч нарсамиз йўқ йигитлик чоғимиз эди. У зот алайҳиссалом: “Эй ёшлар! Сизлардан ким оила қуришга қодир бўлса, уйлансин. Зеро, бу кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, мана шу унинг учун бичилишдир”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси