Жувайрийя розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Ҳорис ибн Абу Зирор ибн Ҳабиб ибн Оиз ибн Молик ибн Мусталақдир.
Жувайрийя розияллоҳу анҳо ҳижратдан ўн беш йил олдин (мелодий олти юз саккизинчи йили) туғилдилар.
Жувайрия розияллоҳу анҳо Масофеъ ибн Сафвонинг беваси эди. Унинг эри Масофеъ Исломга ва мўминларга нисбатан энг ашаддий душман эди.
У Мурайсиъ жангида ўлдирилди ва ортида хотини бева қолиб, мусулмонларга асир тушди. У вақтда асир тушган хотинлар ё чўри сифатида сотилар ёки ҳизматкор қилиб олинар эди. Улар асло озод, ҳур хотинлар билан тенглаша олмас эдилар. Улар озодлик каби улуғ неъматдан маҳрум эдилар, фақатгина шартнома асосида пул топиб ёки эгалари уларни пул эвазига сотиб озод қилишлари мумкин эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби асира аёлларга эҳтиром қилишни ирода этиб, улар билан ҳур, озод хотинларни тенглаштирдилар. Ва шу тариқа Исломнинг олийжаноб, баракали ва хайрли, инсонлар орасида адолат қилгувчи дин эканини амалий тасдиқладилар.
Ривоят қилинишича, Жувайрия розияллоҳу анҳонинг отаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Менинг қизимга ўхшаганлар асира бўлмаслиги керак, уни озод қилсангиз”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Жувайриянинг ўзидан сўранг, нимани ихтиёр этса, шу бўлур”, дедилар. Отаси хурсанд бўлиб, Жувайрия розияллоҳу анҳонинг фикрини сўраганида, аёл Аллоҳ ва унинг Расулини ихтиёр этганлигини билдирди. Жувайрийя розияллоҳу анҳо ҳижратни бешинчи йили исломни қабул қилдилар. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Мусталақ қабиласи сардорининт қизи Жувайрия розияллоҳу анҳога ҳижратни бешинчи йили уйландилар.
Дарҳақиқат, саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу равишларига амалий эргашдилар. Зеро, улар севимли пайғамбарлари қилган бирон ишни тарк қилишмас, у кишининг барча ишларини бажаришар ва барча суннатларига пайдар-пай эргашиб борар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жувайрия розияллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг мусулмонлар тушундиларки, бу Зоти шариф энди Бани Мусталақ қабиласига куёв бўлдилар. Шу воқеанинг ҳурмати юзасидан қўлларидаги Бани Мусталақ қабиласидан асир тушган барча аёлларни озод қилдилар.
Бани Мусталақ қабиласи бу олийжаноблик ва авфу марҳаматни кўргач, барчаси Аллоҳга ва унинг Пайғамбарига иймон келтиришиб, Исломни қабул қилдилар. Шу тариқа Жувайрия розияллоҳу анҳо ўз қавмига энг кўп хайр ва барака келтирган аёллардан бўлиб қолди.
Жувайрия розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадисларни ривоят қиганлар. У кишининг ҳадислари саҳиҳ китоблардан ўрин олган.
Ривоят қилинишича, Жувайрия розияллоҳу анҳо мўминларнинг оналари — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида энг кўп ибодат қиладиганлардан эди.
Жувайрийя розияллоҳу анҳо ҳижратнинг эллик олтинчи (мелодий олти юз етмиш олтинчи) санасида олтмиш беш ёшларида Мадинаи мунавварада вафот этдилар. Жанозаларини Марвон ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу ўқиди. Бақий қабиристонига дафн қилиндилар.
Манбалар асосида
Тожиддинов Абдуссомад
Абдулбосит ўғли тайёрлади
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги "Абу Сахий" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Исро ва меърож воқеаси ҳикматлари” мавзусида маъруза қилиб бердилар.
Ислом тарихидан маълумки, пайғамбарликнинг ўнинчи йилида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кечада Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдириб, у ердан осмонларга кўтарди. Бу ҳақда Исро сурасининг 1-оятида бундай хабар берилган: “Ўз бандаси (Муҳаммад)ни бир кечада Масжидул Ҳаромдан атрофини баракотли қилганимиз Масжидул Ақсога олиб борган Зот (Аллоҳ) барча нуқсонлардан покдир. Биз унга оятларимиздан (мўъжизаларимизни) кўрсатиш учун (шу ишни қилдик). Албатта, У эшитувчи ва кўрувчидир”.
Маърузада айтилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонларга жисмлари билан кўтарилганлар. Ҳар осмонда пайғамбарлар ва кўплаб фаришталар билан кўришганлар. У зотга жаннат ва жаҳаннам аҳлининг ҳоли қандай бўлиши кўрсатилган. Сидратул-мунтаҳо – яратилган мавжудотлар илми ва ҳаракати тугайдиган жойга етиб, Аллоҳнинг ғайб оламида кўпгина ажойиботларни кўрганлар. Ўшанда баъзи оятлар нозил бўлган, беш вақт намоз фарз қилинган.
Муфтий ҳазратлари ушбу буюк мўъжизадан олишимиз зарур бўлган айрим ҳикматларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Аллоҳнинг қудрати мутлақо чексизлиги, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мақомлари нақадар улуғлиги, намоз – энг олий мақомда амр қилинган улуғ ибодат экани, имон – ғойибга ишониш экани кабиларни оят ва ҳадислар билан шарҳлаб бердилар.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу буюк мўъжизадан муносиб ибрат олиб, имон-эътиқодда собитқадам, ҳаёт синовларида сабрли, Ўзидан умидини узмайдиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати