Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Қорадоғий Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиш муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ва аҳлига табрик йўллади
Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Муҳйиддин Қорадоғий Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилиши муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда халқига табрик йўллади.
Ушбу табрик видео кўринишида бўлиб, мазмуни қуйидагичадир:
“Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), У зотнинг оила аъзолари, саҳобалари ҳамда ҳидоятга эргашганларга Аллоҳнинг салот ва саломлари бўлсин!
Баракотли, азиз, гўзал, биз учун севикли бўлган Ўзбекистон ҳукуматидаги ҳурматли ака-укалар, опа-сингиллар! Сизларни барчангизни Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза табрик ила муборакбод этаман!
Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу режалаштирган муборак иши – буюк имомлардан бўлмиш Имом Термизий номидаги илмий-тадқиқот маркази ташкил қилиниши мени жуда ҳам хурсанд қилди. Ўзбекистон юрти жуда ҳам кўплаб муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа қатор соҳаларда етук олимларни етиштириб чиқарган. Улар сабабли ислом маданияти, балки бутун инсоният маданияти бойиди. Мана шундай юрт учун бундай марказларнинг очилиши ажабланарли иш эмас. Шунинг учун мен Ўзбекистон ҳукуматини, шунингдек у ердаги мусулмон халқни ушбу қилинаётган муборак иш муносабати билан табриклайман. Аллоҳ таолонинг изни ила ушбу маскан нафақат Ўзбекистон ҳамда унинг қўшни давлатлари, балки бутун дунё миқёсида ўзининг ижобий самарасини беради, инша Аллоҳ.
Биз Ислом дининиг ўзлиги, тарихи билан шон-шарафга сазовор бўлдик. Шунингдек, ғарб дунёси ҳам ушбу тарих ила зафарларга эришди. Шунинг учун биз ўз тарихимизни ўрганишимиз, аввалги уламоларимиз сингари унга эргашишимиз лозим.
Ислом дини мўътадил дин бўлиб, у фақат бунёдкорликни хоҳлайди, вайрон қилишни эмас, жамиятни бирлаштиради, фирқаларга бўлмайди, инсонларни севади, уларни ёмон кўрмайди. Бу дин ўзбек халқи ва бошқа халқлар учун Аллоҳнинг раҳматидир. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари, ва У зотнинг рисолатларидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё, 107), деган.
Аллоҳ таоло Ўзбекистон диёри – унинг Президенти, ҳукумати, халқи, олимлари, толиби илмлари барчасига баракалар ёғдирсин, уларни бундан-да кўпроқ муваффақиятларга эриштирсин!Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳ!”
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 14 февральдаги қарорида ўз аксини топган.
Қарор ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинди.
Али Муҳйиддин Қорадоғий 1949 йилда Ироқнинг Қорадоғ шаҳрида туғилган. 1975 йилда Бағдод Ислом институтини, 1980 йилда Қоҳирадаги Азҳар университетини тамомлаган. 1985 йилда Азҳар университетида Шариат ва қонун йўналиши бўйича фан доктори илмий даражасини, 1995 йилда профессор унвонини олган. У молиявий муаммолар, банк иши ва иқтисод каби мавзуларга оид ўттиздан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий мақолалар муаллифидир. Ҳозирда Жаҳон мусулмон уламолар кенгашининг Бош котиби лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Манба: markaz.tiu.uz
Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари ташаббуси билан Марғилон шаҳридаги “Саид Жалолхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Юнусхон Мамарасуловнинг Новосибирск ва Кемерово шаҳарларига ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида ташкил этилган учрашувларда Юнусхон домла Мамарасулов халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, инсонни эзгу амалларга ундайдиган ушбу ойликни муносиб ўтказиш мақсадида бу йил юртимизда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.
Юртимизда маҳалла аҳли, жамоатчилик вакиллари уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кексалар ва ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларга эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказишга катта эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.
Имом-хатиб фуқароларимиз, айниқса, ёшларнинг асл исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган турли бузғунчи диний оқимларга кириб қолишига йўл қўймаслик масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Ўзбекистонда “Рамазон – меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик ва шукроналик ойи” шиори остида ишлаб чиқилган, эҳтиёжманд оилалар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахсларга ёрдам кўрсатишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳақида гапирди.
Новосибирск вилояти муфтийси Абдулҳамид Шокиржонов билан бўлиб ўтган учрашувда экстремистик руҳдаги ғояларнинг кириб келишига йўл қўймаслик, Новосибирск ва вилоят мусулмон уммати томонидан соф Ислом арконларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Ўзбекистон фуқароларининг минтақа ҳаётидаги иштироки каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Россия томони Ўзбекистондан етакчи имом-хатибларни масжидларда маърузалар ўқиш ва жума намозларини адо этиш учун таклиф этишни амалиётга жорий этиш муҳимлигини қайд этди.
Юнусхон домла Мамарасулов Новосибирск жоме масжидида жума намозида иштирок этди. Мазкур масжид Сибир федерал округи ҳудудидаги энг йирик масжид бўлиб, бу ерда 500 дан ортиқ киши, жумладан, кўплаб ватандошларимиз ҳам ибодатини адо этади.
Юртимиздан ташриф буюрган имом-хатиб ўз марузасида барча йиғилганларни муборак Рамазон ойи билан самимий муборакбод этиб, Рамазон ойининг эзгулик, меҳр-оқибат ва маънавий бирлик фасли эканига эътибор қаратди.
Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда муқаддас ойни муносиб ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини, маҳаллаларда ободонлаштириш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва хайрия тадбирларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Кемерово шаҳрига ташриф доирасида имом-хатибнинг Сибирдаги энг йирик маданий мажмуа қурилишида ишлаётган ватандошлар билан учрашувлари бўлиб ўтди. У ерда ҳозирда икки ярим мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари фаолият юритмоқда.
Юртдошларимиз нафақат машаққатли меҳнатларига ўз вақтида ҳақ тўланаётгани, балки уларга яратилган шароитлар: уч маҳал бепул овқат, ётоқхона, тиббий суғурта, иш берувчи ҳисобидан барча зарур ҳужжатлар билан таъминланганидан мамнунлигини билдирди.
Бўлиб ўтган мулоқот чоғида ҳамюртларимиз Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси билан доимий алоқалари ва мунтазам равишда ўтказилаётган сайёр консуллик қабуллари туфайли миграция қонунчилигини бузиш ҳолатлари кузатилмаётганини таъкидлади.
Ўтказилган суҳбатлар давомида имом-хатиб йиғилганларга халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, инсонни эзгу амалларга чорлайдиган ушбу ойликни муносиб ўтказиш учун бу йил ҳам Ўзбекистонда катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Буларнинг барчаси инсонпарварлик тамойилларига асосланган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани айтилди.
Имом-хатиб Кемерово масжидига ҳам ташриф буюриб, у ерда муқаддас Рамазон ойида ўз фикр ва ғояларини пок сақлаш муҳимлиги ҳақида маъруза қилди.
“Саид Жалолхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Юнусхон домла Мамарасулов Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Новосибирск шаҳридаги “Осиё–Сибир” улгуржи-тақсимлаш марказида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар учун ташкил этилган ифторликда иштирок этди.
Ифторликда икки юздан ортиқ юртдошларимиз қатнашди. Имом-хатиб ўз нутқида Рамазон ойининг маънавий моҳиятини очиб берди, Қуръон сураларидан ўқиб, Исломнинг анъанавий қадриятларига содиқ қолиш муҳимлигини таъкидлади.