Бу воқеа Лондон шаҳрида бўлган. Ўт ўчирувчилардан бирининг катта ити бўлиб, уни Боб деб чақиришар эди. Боб ёнғин бўлаётган жойга кириб, ўт ичида қолиб кетган кичкина болаларни қутқаришга ўргатилган эди.
Бир куни Боб ва ўт ўчирувчилар ёнаётган уй олдига келишди. Уй аланга ичида қолган, атрофда одамлар тўпланган эди. Одамлар ичида бир аёл уй ичида икки яшар қизчаси қолиб кетганини айтиб қаттиқ йиғларди. Ўт ўчирувчилар Бобни уй ичига юборишди. Боб аланга ичига кириб кўздан ғойиб бўлди. Бир оздан кейин кичкина қизчани кўйлагидан тишлаб олиб чиқди. Онаси қизини кўриб жуда севинди. Бобни бағрига босиб, бошини силади. Лекин Боб яна уй ичига интилар эди. Ёнаётган уйда яна кимдир бор бўлса керак, деб ўйлаб Бобни қўйиб юборишди. Боб бир зумда олов ичида йўқолди. Орадан бир оз вақт ўтди. Ҳамма нафасини ютиб Бобни кутар эди. Шу пайт олов ичидан Боб отилиб чиқди. Яна бир қизчани кўйлагидан тишлаб олиб келар эди. Ҳамма болани олиш учун унга интилди. Боб яқинлашганда қарашса, у бола деб олиб чиққан нарса каттагина қўғирчоқ экан. Ҳамма кулиб юборди. Боб эса ўзининг қилган ишидан мамнун бўлиб одамларга қараб турарди.
Баъзан жониворларнинг фидоийлиги инсонлар учун ҳавас қиларли даражада бўлади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Зикр араб тилида "эслаш", "ёдга олиш" деган маънони англатади. Шариатимиз истилоҳида эса Аллоҳни эслаш, Унинг буюклигини эътироф қилиш ва банданинг Яратганга бўлган муҳаббатини изҳор этиш демакдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
"Мени зикр қилинг, Мен ҳам сизни ёдга оламан. Менга шукр қилинг ва ношукурлик қилманг!" (Бақара сураси, 152-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам зикрнинг фазилатлари ҳақида кўплаб ҳадислар айтганлар. Масалан: "Ким Аллоҳни кўп зикр қилса, Аллоҳ ҳам уни эслайди" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ислом уламолари зикрни турли тоифаларга ажратганлар. Қуйида уларнинг баъзилари келтирилади:
Қалбий зикр (ботиний зикр).
Бу зикр тил билан айтилмайди, балки инсон қалбида Аллоҳни доимо эслаб юриши билан амалга оширилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:
"Улар тик турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам ва ёнбошлаган ҳолларида ҳам Аллоҳни зикр қиладилар…" (Оли Имрон сураси, 191-оят).
Лисоний зикр (тил билан айтиладиган зикр).
Бу зикр тил орқали Аллоҳнинг исмларини ёки Унинг буюклигини мадҳ этиш орқали амалга оширилади. Масалан:
Тасбиҳ (سبحان الله) – "Аллоҳ покдир";
Таҳлил (لا اله الا الله) – "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ";
Такбир (الله أكبر) – "Аллоҳ буюкдир";
Таҳмид (الحمد لله) – "Ҳамд (мақтов) Аллоҳгадир".
Бу зикрлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Лаа илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу акбар – бу сўзлар осмон ва ер оралиғини тўлдиради" (Имом Муслим ривояти).
Қуръон тиловати ҳам зикр саналади. Аллоҳ таоло Қуръонни зикр сифатида таърифлаган:
"Бу (Қуръон) эслатмадир (зикрдир). Ким хоҳласа, Парвардигорига йўл тутар" (Муззаммил сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Дуолар ҳам зикр ҳисобланади. Ҳар қандай дуо – Аллоҳни зикр қилишнинг бир шаклидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп дуолар қилганлар ва умматларини ҳам бунга тарғиб қилганлар.
Жамоат билан қилинадиган зикр.
Зикр жамоат билан қилинса, унинг ажри янада кўп бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бир гуруҳ одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига тўпланиб, унда Аллоҳнинг китобини ўқиб ва уни ўзаро ўрганиб чиқишса, уларнинг устига хотиржамлик нозил бўлади, раҳмат уларни қоплайди ва фаришталар уларни ўраб олади", деб марҳамат қилганлар. (Имом Муслим ривояти)
Амалий зикр (ибодат билан амалга ошириладиган зикр).
Намоз, рўза, садақа, ҳаж ва бошқа ибодатлар ҳам зикрнинг бир шаклидир. Чунки бу ибодатларни бажариш орқали инсон Аллоҳни эслайди ва Унга яқинлашади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
"Намозни адо эт. Албатта, намоз (инсонни) фаҳш ва ёмон ишлардан қайтаради. Аллоҳнинг зикри эса, энг улуғидир" (Анкабут сураси, 45-оят).
Зикр ҳар бир мусулмоннинг қалбини тирилтирадиган ва уни Аллоҳга яқинлаштирадиган буюк ибодатдир. Уни қалб билан, тил билан, амалий жиҳатдан ва жамоат билан адо этиш мумкин. Зикр қилишга кўниккан инсоннинг қалби мунаввар бўлади, ҳаёти тинч ва ҳузурли бўлади.
Аллоҳ таоло бизни ҳам Ўзини доимо эслайдиган бандаларидан қилсин!
Абдулмалик АЛИМОВ,
4-курс талабаси.