رَوَى عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ " يأتي في آخر الزمان أناس من أمتي يأتون المساجد يقعدون فيها حلقاً ذكرهم الدنيا وحب الدنيا لا تجالسوهم ، فليس لله بهم حاجة " .
Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Охир замонда шундай умматимдан бўлган бир қавм келадики, масжидларда халқа қилиб ўтиришади. Дунё сўзларини гапирадилар, чунки улар дунёни яхши кўрадилар. Улар билан ўтирманглар! Чунки Аллоҳ улардан беҳожатдир” дедилар.
عن ابن عباس قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« الكلام في المسجد يأكل الحسنات كما تأكل النار الحطب ».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидда гапирилган дунёвий гап (қадам босиб келган) савоб амалларини барчасини ейди, олов ўтинни егани каби” дедилар.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ لِلْمُنَافِقِينَ عَلاَمَاتٍ يُعْرَفُونَ بِهَا تَحِيَّتُهُمْ لَعْنَةٌ وَطَعَامُهُمْ نُهْبَةٌ وَغَنِيمَتُهُمْ غُلُولٌ وَلاَ يَقْرَبُونَ الْمَسَاجِدَ إِلاَّ هَجْراً وَلاَ يَأْتُونَ الصَّلاَةَ إِلاَّ دَبْراً مُسْتَكْبِرِينَ لاَ يَأْلَفُونَ وَلاَ يُؤْلَفُونَ خُشُبٌ بِاللَّيْلِ صُخُبٌ بِالنَّهَارِ ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларнинг бир нечта белгилари борки ўшалар билан таниладилар: саломлари лаънатга хос, таомлари бировни норози қилиб тортиб олинган, тўдалаб қўйган ғаниматлари ҳаромдан, масжидга келсаларда фақат бир намозхонни ғийбат қилиш учун ёки масжидагиларни сўкиш учун ва беҳаё сўзларни айтишлик учун келадилар. Намозни кечиктириб кибрланиб ўқийдилар. Уларнинг дўсти ҳам йўқ, биров билан дўстлашмайдилар ҳам. Хуфтонда тахтадай қотиб ухлаб қоладилар, бомдодда эса бақир-чақир қилиб баҳслашиб турадилар” дедилар.
عن ابن مسعود قال: قال رسول اللّه صلى الله عليه وسلم: " قال الله عز وجل في بعض الكتب: إن بيوتي في أرضي المساجد وإن زواري فيها عمارها فطوبى لعبد تطهر في بيته ثم زارني في بيتي فحق على المزور أن يكرم زائره "
Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло баъзи (нозил қилган) китобларида шундай сўзларни деди: “Масжидлар ердаги менинг уйларимдир. Ундаги мени зиёратчиларим эса, масжидга 5 вақт намоз учун келувчиларидир. Бахт бўлсин шундай бандагаки, уйидан чиройли хушбўйланиб чиқади-да, менинг уйимга Мени зиёрат қилиш учун келади. Энди мезбоннинг бўйнидаги ҳақ шуки, ўз меҳмонини икром қилишлигидир”
Мавлоно Жалолиддин Румий дейдилар:
Агар Хожа шавад аз банда розий,
Ба у ёр ҳаст истиқболи мозий.
Шавад ай банда гар мавло баозор,
Ҳамма дар ҳар ду олам аз ту безор.
Агар Ҳудо бандадан рози бўлса,
Келажакда унга дўст бўлгай.
Гар Ҳудо бандадан бўлса норози,
Икки оламда ҳамма сендан безор.
Аллоҳ таоло бизларни масжидга савоб умидида бориб гуноҳлар орттириб қайтишимиздан ўзи асрасин.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон – бу фақатгина рўза тутиш ва ибодат ойи эмас, балки оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш учун энг қулай даврдир. Ушбу муборак ойда оилавий муҳитни яхшилаш, фарзандларни тарбиялаш ва бир-бирига меҳр кўрсатиш имкони янада ошиб, жамоавий ибодат ва бирдамлик ҳисси кучаяди.
Рамазон – шукр, сабр ва саховат ойи бўлиб, айнан шу фазилатлар оилада муҳаббат ва илиқ муҳитни шакллантиради. Қуйида Рамазонда оилавий муҳитни мустаҳкамлаш йўллари ва уларнинг исломий ҳамда илмий асослари ҳақида батафсил маълумот берилади.
1. Биргаликда ифторлик ва саҳарлик қилиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Одамнинг эрталаб ва кечки овқатини бирга ейиши – баракадир" (Имом Муслим ривояти).
Ҳар куни бир дастурхон атрофида жам бўлиб овқатланиш оила муносабатларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Кундалик ҳаётда иш, ўқиш ва бошқа мажбуриятлар туфайли бу доимий амалга ошмайди. Бироқ Рамазон ойи буни одатга айлантириш учун ажойиб имкониятдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ифтор ва саҳарликни барча оила аъзолари биргаликда тайёрлаши лозим.
Болаларни кичик вазифаларга жалб қилиб, уларни жамоавий ишга ўргатиш.
Ифтордан аввал дуолар ўқиш ва оилавий маънавий суҳбатлар ўтказиш.
2. Биргаликда ибодат қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойи ибодатга эътиборни кучайтириш учун энг мос вақтдир. Оила аъзолари биргаликда намоз ўқиши, Қуръон тиловати қилиш ва диний суҳбатлар уюштириши – уларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлайди.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Камида бир вақт намозни биргаликда ўқиш.
Қуръон ўқишга ва дуоларни ёдлашга рағбатлантириш.
Таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ёки уйда ўқиш.
3. Оилавий сабр ва қаноатни ривожлантириш.
Қуръонда бундай марҳамат қилинади: "Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари ҳисоб-китобсиз берилади" (Зумар, 10).
Рўза – сабр ва шукрни шакллантирадиган энг муҳим ибодатлардан биридир. Оила аъзолари Рамазон ойида ўзларини тарбиялаб, сабрни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантиришлари лозим.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Келиб чиққан муаммоларга хотиржам ва сабр билан ёндашиш.
Фарзандларни сабрга ўргатиш учун уларга кичик вазифалар бериш (масалан, бир ҳафта давомида ҳар куни дуоларни ёдлаш).
Рамазонда сабр ва қаноат ҳақида оилавий суҳбатлар ташкил этиш.
4. Саховат ва меҳрибонликни кучайтириш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Энг яхши одам – оиласи учун энг яхшисидир" (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойи – саховат ва меҳр-муҳаббат ойидир. Оилавий муҳитни яхшилашнинг энг яхши усулларидан бири – бир-бирига ва бошқаларга саховатли бўлиш, муҳтожларга ёрдам беришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Биргаликда хайрия ишларини амалга ошириш.
Фарзандларга садақа қилиш одатини ўргатиш.
Оила аъзолари бир-бирига меҳрибон ва самимий муносабатда бўлишлари керак.
5. Оилавий анъаналарни шакллантириш оилани бирлаштиришнинг энг яхши усулларидан бири – Рамазон ойида биргаликда амалга ошириладиган анъаналарни шакллантиришдир.
Амалиётда қўллаш йўллари:
Ҳар куни ифтордан кейин оилавий ҳикоя ёки тажриба алмашиш одатини жорий қилиш.
Фарзандлар билан Рамазон тақвими тузиш ва уларнинг ибодатини кузатиб бориш.
Рамазон охирида оилавий йиғилиш ўтказиб, йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган яхши ишларга режа тузиш.
Рамазон оила аъзоларини бирлаштириш, меҳр-муҳаббатни кучайтириш ва умумий диний муҳитни мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир. Ифтор ва саҳарликни бирга қилиш, ибодатни жамоавий адо этиш, сабр ва қаноатни шакллантириш, саховат ва меҳрибонликни ривожлантириш, шунингдек, оилавий анъаналарни яратиш орқали оила муносабатларини мустаҳкамлаш мумкин.
Рамазон – фақатгина рўза ойи эмас, балки оилани мустаҳкамлаш, меҳр-оқибатни кучайтириш ва Аллоҳга яқинлашиш учун энг гўзал даврдир. Шундай экан, бу муборак ойда оила муҳитини янада илиқ ва самарали қилишга ҳаракат қилайлик!
Осимхон Муҳиддинов