Қуръони Карийм нозил бўлганига мана XIV аср бўлибдики, унинг маънавий озуқаси кўнгилларга ҳаёт бахш этмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда васфини келтирмаган бирор жабҳа йўқки, кундалик ҳаётда керак бўлмаса. Инсоннинг ибтидосидан то интиҳосигача шу буюк калом қамраб олган. Ҳар бир иш булутсиз осмондаги юлдузлар каби аниқ ва равшан тушунтирилган. Неча асрки шу дастурул амални маҳкам тутганлар муваффақият ва шарафдадирлар. Уларнинг энг шарафлиси оламлар сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Уларнинг хулқлари ислом эди, ул Зот тирик Қуръон эдилар. Ҳар бир ишларида Ҳикмат, ҳар бир сўзларида маъно бор эди.
Аллоҳ таоло "Қалам" сурасининг тўртинчи оятида: " Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!", деб марҳамат килган. Ҳаммамиз яхши биламизки, ҳар бир жамият оила деб аталган пойдеворлардан иборатдир. Хўш, ислом пойдеворини қуришда буюк хулқ эгаси-Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қай йўлни тутганлар? Бу хонадон раҳбарлигини қай йўсинда олиб борганлар?
Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: "Оиша розияллоҳу анҳодан: "Пайғамбар алайҳиссалом ўз аҳлларининг олдида нима қилар эдилар?", деб сўрадим. "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг хизматида бўлар эдилар. Агар намоз ҳозир бўлса намозга чиқардилар. Ул Зот каттазанг киши эмас эдилар. Балки кўпинча ўз ишларини ўзлари бажарардилар", дедилар.
Умра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади: "Оиша розияллоҳу анҳодан: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилардилар?", деб сўралди. Оиша онамиз: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан бири эдилар. Кийимларини тозалар, қўйларини соғардилар", дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай эдилар. Қўл остидагиларга ёрдам беришлик, улардан фойдаланишдан кўра Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳбуброқ эди.
Ул Зот ҳар бир завжаларига алоҳида муомала қилар эдилар. Ҳар бирининг дунёқараши, ёши, қизиқишларига аҳамият берардилар.
Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар. Мен ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг вазним оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва:" Ҳалиги билан биру бир", дедилар.
Барчамизга маълумки, Оиша онамиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ҳовлида истиқомат қила бошлаганларида тўққиз ё ўн ёшлар атрофида бўлганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ёшларига мос шароит яратиб беришга уринар, уларнинг даражаларига тушиб муомала қилардилар. Ёшлари улуғ бўлишларига қарамасдан Оиша онамиз билан югуриш мусобақасини уюштирар, Ҳайит байрами муносабати билан ўтказилган томошаларни кўришни истаганларида кўтариб олиб томоша қилдирар, Оиша розияллоҳу анҳо билан уйнагани келган дугоналарига ижозат берардилар.
Улар ҳеч бир аёлларини ёмон кўрмас, жеркиб уларга озор бермас эдилар. Ҳаттоки улар вафотларидан сўнг ҳам уларни яхшилик ва ҳурмат ила ёдга олардилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа зикр қилинса, унга мақтов ва хаққига истиғфор айтишдан зерикмайдиган одатлари бор эди. Бир куни у зот уни яна эслаб қолдилар. Менинг рашким келиб:" Аллоҳ сизга ўша қари хотин ўрнига бошқасини берган", дедим. Бас, у зотнинг қаттиқ ғазабланганларини кўрдим. Ҳушим бошимдан учиб кетди. Ичимда:" Аллоҳим агар Росулингни ғазабини мендан кетказсанг, Энди ҳеч қачон уни ёмон зикр қилмайман", дедим. Менинг ҳолимни кўрганларида у Зот:" Нима дединг?! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхшироғини бермади. Одамлар менга куфр келтирганларида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончи қилганларида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганда, у молини мен учун сарфлади. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас ундан фарзандлар берди", дедилар.
Оналаримиз ичида энг биринчиси, исломга илк бош эгган аёл. Хадийжа розияллоҳу анҳони Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим эҳтиром билан эслар, қаттиқ ҳурмат қилар ва севардилар. Илк елкадошлари, уларни энг кўп қўллаб-қувватлаган соҳибалари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидан чукур жой эгаллаган эдилар. Ана шундай буюк ҳурмат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни умрларининг охирига қадар қалбларида яшади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига юмшоқлик билан муносабатда бўлар ва уларнинг ғам чекмаслиги учун ҳаракат қилардилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:" Софияга Ҳафсанинг уни "Яҳудийнинг қизи", дегани етди. Бас у йиғлади. Сўнг у йиғлаб турганда олдига Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар ва:"Сени нима йиғлатди?", дедилар. "Ҳафса менга "Яҳудийнинг қизисан", деб айтди", деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:" Сен набийнинг қизисан. Амакинг ҳам набий, эринг ҳам набий. У нима билан сендан ортиқ фахр қилар экан?", дедилар. Кейин у Зот:" Аллоҳдан қўрқ, эй Ҳафса!", дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари тенги йўқ қалб эди. Ҳеч бир инсон хоҳ у аёл бўлсин, хоҳ эркак ул зотдан ёмонлик кўрмаган эди. Ўз яқинларига елкадош бўлган Росулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга битмас-туганмас саловоту дурудлар бўлсин. Бизни шундай зотнинг уммати қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Нурия Жумаева
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
КИРИШ
Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизми?
Агар шундай бўлса, сиз кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз. Бу касаллик – номофобия деб аталади.
Номофобия – инглизча “no mobile-phone-phobia” – телефонсизликдан қўрқиш. Мобил телефонсиз ёки ундан узоқда қолишдан қўрқиш (фобия) ҳисобланади.
МАВЗУНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ
Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб баҳолашмоқда.
Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилишини ҳисобга олсак, бу касалликка чалиниш сони юқори эканини англаш мумкин.
ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи номофобия яъни телефонга қарамлик касаллиги ҳозирда кўпроқ ёш болалар ва ўсмирларда учрамоқда. Уларда асабийлик, ўжарлик, хотиранинг пасайиши, умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталикларнинг ривожланиши кўпаймоқда.
Аслида гаджетлар болаларнинг севимли “ўйинчоғи”га айланишига айрим ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлмоқда. Зеро, бу – хархаша, инжиқликлардан халос бўлишнинг осон йўли. Оналар ўз телефонларини болага тутқазадилар ва бемалол бошқа ишлар билан машғул бўлиш мумкин.
Мутахассислар болаларнинг ютуб орқали мультфильмлар томоша қилиши уларнинг ақлий ривожланишига хизмат қилмаслигини, балки боланинг асаб тизими, уйқусизлик, хотиранинг пасайиши каби ҳолатларга сабаб бўлишини айтишади.
Психологлардан бири айтади: “Қабулимга жуда кўп ота-оналар болаларини олиб келишади: уларда дарсларни ўзлаштиришда орқада қолиш, ўртоқлари билан чиқиша олмаслик, бутун дунёдан, воқеликдан узилиш кузатилади.
Энг ачинарлиси, ота-она телефондан фойдаланишни тақиқласа, уларга қўл кўтаришгача бораётган болалар бор. Шунинг учун 15 ёшгача болаларга телефон, гаджетлар олиб бермаслик лозим”.
Телефонга муккасидан кетишнинг инсон саломатлигига бошқа яна кўплаб салбий таъсирлари ҳақида қатор илмий тадқиқотлар, аниқ факт ва далиллар мавжуд. Қуйида сизга уларнинг айримларидан мисолларни тақдим этаман:
КЎЗГА ТАЪСИРИ
Телефон экранларидан узоқ муддат фойдаланиш – кўриш муаммоларини келтириб чиқаради. Чунки аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келади.
Кўз касалликлари бўйича мутахассис доктор Малик Холид айтади: “Ҳар куни қоронғи хонада ярим соат телефон ишлатган одамнинг кўзларида рак касаллиги келиб чиқиши кузатиляпти. Кўз қизариб пардани ўраб олади, у пардани олиб ташлаш имконсизлиги учун бу дард давосиз қолмоқда”.
РАДИАЦИЯ ТАЪСИРИ
Телефонлардан чиқувчи радио сигналларнинг салбий таъсири кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Айниқса, бош мия тўқималари зарарланади. Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, унинг зарари бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина намоён бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан хасталанган ёшлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳар куни атиги 15 дақиқа мобил телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси ҳосил бўлиши учун етарлидир.
Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) телефонлардан чиқувчи радиацияни “таҳдидли” деб эълон қилган ҳамда телефондан ортиқча фойдаланиш мия ракини ва бошқа хасталикларнинг хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашган.
ДИҚҚАТНИ ЖАМЛАЙ ОЛИШГА, ЭЪТИБОРНИНГ ПАСАЙИШИГА САБАБ БЎЛАДИ
АҚШ Педиатрия Академияси (AAP) тадқиқотчилари, телефон ёш болаларнинг психик ривожланиш босқичини кескин ўзгартириб юбориши, диққатни жамлай олиш қобилияти бузилиши, турли психологик оғишлар юз бериши, ҳатто порнографик қарамлик келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирадилар.
УЙҚУСИЗЛИК, УЙҚУ ТИЗИМИНИНГ БУЗИЛИШИ
Телефон экранидаги ёруғлик мияга турли сигналлар юборади, натижада миянинг уйқуга кириши қийинлашади.
Harvard Medical Schoolда олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, кеч бўлганда телефондан фойдаланиш уйқуни бузади ва инсонларнинг кун давомидаги фаоллигини пасайтиради.
СТРЕСС ВА ДЕПРЕССИЯ
Телефондан ортиқча фойдаланиш, айниқса ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлаш, стресс ва депрессияни оширади.
Буюк Британия UnHerd сайтининг “Ижтимоий тармоқлардан воз кечиш инсоннинг руҳий саломатлигини яхшилайди” номли эълон қилган мақолада бундай дейилади:
“Бугун ижтимоий тармоқларда қандай маълумотларни кўрганингизни эслашга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, сиз ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Буни ижтимоий тармоқлар қисқа ва узоқ муддатли хотирани ёмонлаштириши ҳақидаги илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ижтимоий тармоқлардан воз кечиш туфайли инсоннинг руҳий саломатлиги яхшиланади” (https://unherd.com/2025/08/were-trapped-in-big-techs-mind-maze/).
ЕЧИМ:
Эҳтимол ёшларни бу касалликдан сақлаш учун мактабларни телефондан фойдаланишни қатъий тақиқлаш лозимдир. Зеро, бир қанча давлатларда мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Масалан, Франция, Финландия, Хитой, Италия ва Португалия каби давлатларда телефондан фойдаланиш тақиқланади.
Хитойда ўқувчилар мактабга телефон олиб боришса ҳам, дарс бошланишидан олдин уни ўқитувчига топширишади.
Франция эса боғча, бошланғич ва ўрта мактабларда смартфонлардан фойдаланишни қонунан тақиқланган. Яна бир маълумот: Яқинда Франциянинг бир ҳудудида тажриба тариқасида нафақат мактабларда, балки жамоат жойларида телефондан фойдаланиш тақиқланди.
ДАВО:
Аллоҳ таоло нимаики дард берган бўлса, унинг давосини ҳам бериб қўйган. Жумладан, ижтимоий тармоққа қарамликнинг давоси ҳам бор. Ҳар қандай дарднинг асосий муолажаси парҳез бўлганидек, интернет қарамлик дардининг муолажаси ҳам “парҳез”дир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф киши нафсини тарбиялаш ва унга одоб бериш ҳамда нафсни турли камчилик ва нуқсонлардан сақлашда улкан асос бўлиб хизмат қилади.
Бир маслаҳат, дам олиш кунлари оилавий телефонни бир неча соатга ўчириб қўйиш одатини шакллантиринг. Ахир болалар катталардан ўрнак олишади. Аста-секин бу вақтни ошириб бориш мумкин.
ХУЛОСА
Демак, номофобия:
Жисмоний зарар – семизлик, уйқусизлик, кўзлар зарарланиши, юрак касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари кўпайишига олиб келади.
Ижтимоий зарар – бундай одамлар юзма-юз муносабатлардан қочишади, виртуал ҳаётда яшашади ва воқеликни қабул қилиш қийинлашади. Турли қимор ўйинларига берилиб кетиш, оилавий муносабатларга путур етказиш, ҳаётдан баҳра олишдан маҳрумлик келиб чиқади.
Психологик зарар – депрессияга тушиши, ўз жонига қасд қилиш, доимий қўрқув ва безовталик билан яшашга сабаб бўлади.
СЎНГГИ СЎЗ
Сўзимизни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати – уни манфаатсиз ишга машғул қилиб қўйганидир”.
Шундай экан, ғанимат умрингизни бекорчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан ўтказиб юборманг!
Даврон НУРМУҲАММАД