Ислом ахлоқида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.
Инсонларга яхшилик қилиш – уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло хитоб қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси 77 оят).
Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганлар:
“Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам эҳсондир”.
Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал!
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат бўлади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб берадилар: “Яхшиликка далолат қилади” Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.
Ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим, дедилар, сўнгра турли хайрли, маъруф ва яхшиликларни санаб ўтдилар. Мусулмон кишиси бу амалларни қилиши орқали улуғ савобларга эришиши мумкин. Демак, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади.
Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксик қалбларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар – чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида ҳам бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъю-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу ҳақда Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб деганлар:
“Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади”.
Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшилик. Жалолиддин Румийнинг қалб тавофини каъба тавофидан машаққатли эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас:
Тавофи Байтул Халил кори осон аст,
Тавофи байтул Жалил кори мардон аст.
“Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим”, - деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса – жаннатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб:
“Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, - деб айтганлар.
Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлиши муқаррардир. Барчаларимизни доимо эзгу ишлар, яхши амалларга муяссар айлаб, юртимиз, маҳалламиз, хонадонимизларга файз-барака ато этишини Яратгандан сўраймиз!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илм таҳсил қилишда ва илмдан ҳақиқий насибадор бўлишда олимлар бир қанча воситаларни санаб ўтганлар. Хусусан, Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари ўзларининг “Маъалим иршадийя фи синаъати толиби илм” (Ҳақиқий талаба етиштиришдаги йўл-йўриқлар) асарида илм таҳсил қилиш жараёнида – “тафарруғ” яъни, буткул илм учун ажраб чиқиш, илм олишдан тўсадиган ҳар қандай ишлардан фориғ бўлишни алоҳида боб сифатида келтирадилар. Бу борада олимларнинг ақлбовар қилмас ҳикоялари бор-ки, илм ўрганаётган ҳар бир талабани жиддий ўйлантиради.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Илм олишдан ва илмда юксак чўққиларни забт этишдан тўсадиган омиллар шу қадар кўп-ки, уларни санаб чиқиш мушкил иш. Шу боис, толиби илм ўз-ўзини ҳамда қимматли вақтини назорат қилиб бориши, зиммасидаги мажбуриятларини адо қилишдан маън қиладиган, чалғитадиган ишлардан узоқ туриши шартдир! Ҳар қандай илмдан чалғитадиган нарсаларни нажоти йўлидаги тўсиқ ва тўғаноқ деб билиши керак. Илмга мутлақ ажраб чиқиш ва бор-будини сарф қилишнинг нақадар зарурий эканлигини Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларидан англаб олсак бўлади: “Илм шундай (буюк) ишки, унга то бор-йўғингни бағшида қилмагунингча, сенга бир қисмини ҳам бермайди. Агар сен унга борингни берсанг – бир қисмини сенга бериши ҳам насия (хоҳласа беради, хоҳласа йўқ)” (Хатиб Бағдодий, “Тарих”)
Ушбу жумлалар ортидан Хатиб Бағдодий фақиҳ Абу Аҳмад Наср ибн Аҳмад Иёзийнинг гапини келтиради: “Ушбу илм (шариат илмлари)га дўконларини тарк қилган, боғу роғларини қаровсиз қолдирган, дўстларидан узоқда бўлган ҳамда яқинлари вафот этиб, жанозаларига қатнаша олмаган инсонгина ета олади”. Ибн Аҳмад Иёзий ўз гапларининг амалий исботи ўлароқ Қози Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ҳеч ҳам ажрамаган, узоқ муддат ёнларида юриб илм таҳсил қилиб, ҳанафий фиқҳида машҳур фақиҳ рутбасига етган.
Илмга буткул ажраб чиққанлар орасида Имом, Ҳофиз Мунзирий роҳимаҳуллоҳнинг ҳам ҳикояси бор:
“У киши Қоҳирадаги “Комилийя” Ҳадис мактабида илм берар эди. Бир куни 30 ёшлар орасидаги Муҳаммад исмли фарзанди вафот этди. У илмда анча кўзга кўриниб қолган ёш олимлардан эди. Мунзирий фарзандининг жанозасини мадраса биносининг ҳовлисида ўқиди ва тобутини мадраса эшигигача кузатиб борди. Кўзларидан шашқатор ёшлари оққан ҳолда: “Эй, жигарпорам! Сени Аллоҳ таолога омонат топшираман”, деди-да, мадраса ҳовлисига қайтиб кирди” (Тожиддин Субкий, “Тобақот”).
Яна шунга яқин ҳикоялардан бирини раҳматли Ҳазрат отам айтиб берган эди: “Шайх, аллома Муҳаммад Роғиб Тоббах роҳимаҳуллоҳнинг катта ўғиллари Муҳаммад вафот этганидан бир кун ўтиб ўзининг нашр ишларига – “Матбаъати илмийя”га қайтган эди. У киши жанозанинг эртасига “Хусравийя” мадрасаси (Ҳалабдаги дунёвий институт)га дарсга келади. Талабалар устознинг дарров дарсга келганидан ҳайратга тушишади ва орада висир-висирлар тарқалди. Гап-сўзлар шайхнинг ҳам қулоғига етади: “Катта ўғлини яқинда кўмиб келганди-я…” Уларга қарата шайх айтди: “Боламдан-ку, айрилиб, хасрат ўтида ёнмоқдаман. Энди илмнинг баракасидан ҳам мосуво бўлиб яна хасрат чекайми?!”
Имом Сулайм ибн Айюб Розий раҳимаҳуллоҳ ҳақида Субкий “Тобақоти Вусто”да қуйидагича баён қиладилар: “Сулайм Рай шаҳридан илм олиш учун Бағдод сари йўл олди. Айтилишича, илм олиб юрган кезларида унга оиласидан ора-сира хат келиб турар эди. У бирорта хатни очиб ҳам кўрмасди. Фақат йиғиб, тўплаб борарди. Ўзи кўзлаган маълум бир йиллар ўтганидан кейин хатларни очиб кўрди. Уларда кимнингдир вафот этгани ва яна кўплаб илм олишдан тўсиқ бўладиган яқинларининг хабарлари ёзилган эди”.
Муҳаммад Аввома айтади: “Илм олиб юрган кезларимнинг бошларида шунга ўхшаш хабар қулоғимга чалинган эди. Шайх Аҳмад ибн Абдулкарим Турмониний Ҳалабий ҳазрат Азҳари Шарифда 13 йил илм таҳсил қилибдилар. Бу муддат оралиғида уйларидан хатлар келиб турар, бирортасини ҳам очмас, уларни хонанинг токчасига қўйиб борар экан. Таълим муддати тугаб, уйга қайтишдан олдин хатларни ўқий бошлабдилар. Уларнинг баъзисида кимдир вафот этгани, яқин қариндоши турмуш қургани ва яна қандайдир содир бўлган ўзгаришлар ёзилган экан. У киши мазкур хабарлар илм олишдан тўсиқ бўлишини, юракка яқин хабарлар эса буткул илм даргохини ташлаб кетишига сабаб бўлиб қолишини жуда яхши билар эдилар!” (Иқтибос тугади).
Энди таълим олаётган ҳар бир талаба (ўзимизга ҳам) ҳақли савол туғилади – бизнинг ҳаётимизда илм нечанчи ўринда? Унга қанча куч ва вақт сарфлаяпмиз? Қози Абу Юсуф айтганларидек илмдан бир нима олиш учун борлиғимизни бермаётганимиз аниқ! Баъзи соатимиз ёхуд баъзи дақиқаларимизни ажратар эканмиз, ана шу вақтда бирорта чалғитувчи иш, хабар ва ўй-хаёллардан фориғмизми? Айтайлик, бир кунда дарс учун 2 соат ажратсак, шунинг неча дақиқаси соф илм таҳсили учун сарф бўлмоқда?!
13 йил хатларни ўқимаслик у ёқда турсин, қўл телефонимиз 24/7 тартибида ишлайди. Интернет ҳам мунтазам ёниқ. Намоз, дарс, таом, уйқу сафар ёки учрашувлар билан бандлигимизда ҳам “жиринг” этган хабарномани албатта очиб ўқиймиз. Ҳаттоки, светафорда турганда ҳам телефон титамиз. Соатлаб reels томоша қиламиз. Зеҳнимизни банд қиладиган маълумотларни яхши кўрамиз. Қайси футболчи қайси жамоага қабул қилинган, қайси санъаткор ким билан дебат қилган, қайси фудблогер янги таомни реклама қилган, яна қайси ошпаз эркак хотинига яшил сомса қилиб берганини мароқ билан томоша қиламиз.
Аксар мавзулари бефойда бўлган “гап” ва “чойхона”лар, кети тугамайдиган ўтиришлар, бемаза телефондаги ўйинлар, акцияга тушган маҳсулотлар, қимматбаҳо машиналар, уларнинг бир-биридан фарқлари, кунлик ретцептлар, янгидан-янги брендлар ва ҳаказо! Санаса, шайҳ Аввома айтганларидек, адо қилиб бўлмайди.
На илмга қизиқамиз? На илм йўлига кирганимиз таълим учун ўзимизни буткул бағшида қила олмаймиз. Тўлиқ ажраб чиқиш қийин бўлсада, маълум бир соатларимизда ҳам битта смс, битта шарҳ ўқиймиз. Қизиқ! Айни пайтда катта “олим”, билимдон сиёсатчи, уддабурон тижоратчи, шахсий қарашларига эга мотиватор-блогер, ўтиришларда қўли ширин ошпаз, спорт залларида энг кучли штангсит, тоғ, дала ҳовлиларга ташна саёҳатчимиз! Аслида биз ҳеч киммиз. Илм машаққатига тоқати йўқ, аммо мақсади улкан “ажойиб хаёлпараст”миз.
Илм таҳсил қилинаётган вақтда толиби илм имкон қадар ўйин-кулгу, ўтириш ва турли чалғитувчи ишлардан ўзини сақлаши, бутун диққат-эътиборини матн ёдлаш, маълумотларни жамлаш, янгидан-янги билимларни ўрганиш, уларни ўзлаштиришга, талаба дўстлари билан ҳар куни устоз берган вазифаларни биргаликда такрор қилишга сарфламоғи лозим. “Семент заводига мен, ғишт заводига мен” каби яшаётган талаба билсин-ки, ундан катта олим чиқмайди. Имом Шофеъий таъкидлаганидек, “Агар бир дона пиёз сотиб олиш учун бозорларда юрганимда, менда катта олим чиқмас эди!”
Аллоҳ барчамизни фойдали илм таҳсил қилишда ва уни ҳаққини адо қилишда кўмак берсин!
Фахриддин Муҳаммадносир,
«Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари» кафедраси катта ўқитувчиси