Шарқ халқларида бир масал бор. Ким ўқиган, кимлардир ўқимаган. Ўқиганлар орасида уқмаганлари ҳам бўлиши табиий ҳол.
Бир яйловда учта сигир эмин-эркинликда, тинч ва хотиржамликда ҳаёт кечирар эди. Яйлов ёнида ўрмон жойлашган бўлиб, у ердаги ёввойи ҳайвонлар ҳам ўз ҳаёт тарзига кўра умргузаронлик қилишарди. Уч сигирдан бирининг ранги оқ, иккинчисиники қора, учинчисининг ранги қизил эди. Учала сигирнинг бошқалар билан иши йўқ, шунингдек, бошқаларнинг ҳам улар билан иши йўқ эди. Барча ҳайвонлар ўз ташвишлари билан овора. Уларга ҳужум қилиш, уларни овлаш на бўрининг, на шернинг хаёлига келмасди. Мободо шундай бўлган тақдирда ҳам сигирлар бирлашиб, ҳамла қилмоқчи бўлган ҳайвондан ўзларини ҳимоя қилишар эди.
Шу яйлов ёнидаги ўрмонда номаълум махлуқ пайдо бўлди. У ҳам бир неча бор сигирларга ҳужум қилиб кўрди. Аммо, фойдаси бўлмади. Аксинча яйловдагиларнинг барчаси унга қарши бирлашди. Махлуқ уларни йўқ қилиш режаси ҳақида яна бош қотирди. Ҳийлаларнинг зўрини ҳам ўйлаб топди. Оқ байроқ кўтариб чиқди. Яйловдагиларга ўз мурожаатини эълон қилди:
“– Келинглар, ҳаммамиз тинч-тотув яшаймиз, мен ўзимни сизларга таништирсам, мана шу ўрмон, яйлов, дарё ва қир-у адирларнинг хўжайини мен бўламан. Мен шундай куч-қудратга эгаманки, ҳеч ким амримга қарши чиқолмайди. Шундай экан мен сизларга ўз хизматимни таклиф қилмоқчиман. Хоҳласангиз, мен сизларни бўри, шер каби йиртқич ўрмон ҳайвонларидан ҳимоя қиламан. Шунда сизлар хоҳлаган жойингизда эмин-эркин яшаб, ўз жойингизга ўзларингиз ҳокимлик қиласизлар!”
Яйловдаги сигирлар бу махлуқни ким уларга хўжайин қилиб сайлаб қўйгани, яйлов шундоқ ҳам ўзлариники экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадилар. Баъзиларининг кўнгли ҳокимликни, баъзилари бўридан ҳимояланишни ўйлаб, махлуқнинг таклифига бажонидил рози бўлдилар. Бетайин махлуқ ўзини яйлов хўжайини эканилигини билдириш учун, яйлов атрофининг ҳар ерига пешоб қилиб чиқди. Бир неча марта сигирлар учун зарарсиз бўлган тулки каби кичик ҳайвонларни яйловдан қувиб чиқарди. Бу билан бошқа ҳайвонлар назарида у ўзини яйловнинг мутлақ ҳокими қилиб кўрсатди.
Кунлар шу зайлда давом этди. Ўйланган режали ҳийлани амалга оширадиган кун ҳам етиб келди. Махлуқ кенгаш чақирди. Негадир кенгашга қизил ва қора сигирларни таклиф қилди. Аммо оқ сигирни таклиф қилмади. Кенгашда “хўжайин” ўз муддаосини баён қилди:
“Кўриб турибсизлар яйлов кенг ва катта, уни бир ўзим ҳимоя қилишга қийналяпман. Мана сизларнинг рангингиз тўқ. Шунинг учун хавф-хатар ҳам йўқ. Аммо оқ сигирнинг ранги кечаси тиниқ, кундузи ҳам кўзга яққол ташланади. У сабабли сизларни ҳимоя қилишга қийналяпман. Рухсат берсангиз, ундан қутулсак...”. Улар ўзаро келишдилар. Келишувдан сўнг, махлуқ оқ сигирга ҳужум қилди ва уни еб битирди. Бу махлуқнинг йиртқич экани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади. Бепарволик, лоқайдлик шу зайлда давом этди.
Кунлар, кунлардан кейин ҳафталар ўтди. “Йиртқич”нинг кўнгли сигир гўштини тусаб қолди. Ўйлаган режасини давом эттирди. Ёнига қора сигирни чақирди: “Сенинг рангингга гап йўқ. Қизил сигир кўп муаммоларни келтириб чиқаряпти. Охирги пайтларда гапга ҳам кирмай қўйди. Бунинг устига унинг ранги ҳам хира. Ундан қутулиш ҳақида фикрингни билмоқчи эдим?!” Улар келишдилар. Кенгашдан чиқибоқ, “йиртқич” қизил сигирга ҳужумга ўтди ва уни еб битирди.
Йиртқич қизил сигир гўштини ҳам ҳазм қилиб бўлганидан кейин, хотиржамлик билан қора сигирнинг олдига борди. Қора сигир ажали яқинлашганини сезди. У “йиртқич”дан “дўстлик” ҳурмати ўзини ваҳшиёна ўлдирмасликни илтимос қилди. “Йиртқич” унга “дўстлик” ҳурмати сифатида охирги сўзни айтишга ҳам рухсат берди. Қора сигир охирги сўзини айтди:
“Бу ҳолатга тушишимни биринчи сигирга ҳужумга ўтганингдаёқ билган эдим! Нега лоқайдлик қилдим. Афсус...энди кеч!”.
Инсонларга панду насиҳат қилишда зарбулмасалларнинг ўрни беқиёс. Масал орқали воқеа-ҳодисалар ва уларнинг оқибатлари баён қилинса, одамларга янада тушунарлироқ, таъсирли ва зеҳнга ўрнашиб қолиши осон бўлади.
Албатта, бу зарбулмасалдан кўплаб чиройли ибратларни олиш мумкин:
И. Ахроров
Тошкент ислом институти проректори
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси