Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Довуд алайҳиссалом рўзаси ҳақида тушунча берсангиз, уни жума куни ҳам тутса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Довуд алайҳиссалом рўзаси ҳақида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
Абул Аббос Маккий айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу таоло анҳумонинг шундай деганини эшитдим: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сен доимо рўза тутар ва кечалари ибодат қилар экансан?” – дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим.
У зот алайҳиссалом: “Агар сен шундай қилсанг, кўзинг заифлашиб, нафсинг толиқади. Ким йил бўйи рўза тутса, рўза тутмабди. Ҳар ойда уч кун рўза тутиш – йил бўйи рўза тутиш кабидир”, дедилар.
“Мен бундан ҳам кўпроғига қодирман”, дедим.
У зот алайҳиссалом: “Унда Довуд алайҳиссаломнинг рўзасини тут, у киши бир кун рўза тутар ва бир кун оғзи очиқ бўлар ҳамда душманга йўлиққанда қочмас эди”, дедилар.
Кимдир мазкур ҳадисга амал қилиб, Довуд алайҳиссалом рўзасини тутаётганда унинг рўзаси жума кунига тўғри келиб қолса, ҳеч кароҳиятсиз жоиз бўлади.
Кишининг нафл рўза тутишга одатланган кунлари ёки Ашуро куни каби фазилатли рўзалар жума, шанба ёки якшанба кунларидан бирига тўғри келиб қолса, шу куни рўза тутиши дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.