Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Октябр, 2026   |   14 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:27
Қуёш
06:46
Пешин
12:12
Аср
15:46
Шом
17:31
Хуфтон
18:44
Bismillah
25 Октябр, 2026, 14 Жумадул аввал, 1448

Жамарот

29.07.2016   26035   1 min.
Жамарот

Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.

Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.

Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.

Ҳаж ва умра
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислоҳотлар шукуҳига гувоҳ бўлиш ажиб саодатдир

23.10.2026   18912   5 min.
Ислоҳотлар шукуҳига гувоҳ бўлиш ажиб саодатдир

 

Мен Қамаши туманининг Чим маҳалласида туғилиб, катта бўлганман. Бундан йигирма йиллар олдин қишлоқдан пойтахтга талаба бўлиб келганман. Ўшанда қишлоғимиздан саноқли талаба ўқир, айниқса, ўқишга шартнома асосида кирганларнинг аксари оилавий шароити туфайли ўқий олмасди.
 
Талабалик пайтимиз бир курсдошим таътилда меҳмон бўлиб келди. Қиш. Қор қалин. Қоронғи тушганда келгани учун шошиб қолдик. Ўтин масала, электр ҳам йўқ, ўзимиз бир хонада, бир сандал кўзида исиниб ўтирар эдик. Ора-сира бир ток берилар, шунда ҳам унинг кучи телевизорга етмас, чироқларни хирагина ёритарди.

Ота-онам борларини тўкиб, менга шартнома пули тўлаётгани учун уйда меҳмонга яхшироқ таом тайёрлашга масаллиқ чиқмади. Ўшанда меҳмонга чироқ ёруғида, сандал чўғига қўйиб, иккита тухум қотириб бера олдик, холос. Жуда хижолатда қолгандим. Лекин бундай етишмовчилик аксар жойларда кузатилар, курсдошим шароитни тушунади деган юпанчим бор эди...
Яна бир хотира болалигимда отам раҳматли рўзғорни зўрға эплаб юрганини ҳис қилмай, бир сафар уйда шакар йўқлигидан аразлаб, мактабга оч кетганим, бу билан уларни руҳан қийнаб қўйганим эди...
Бугун-чи!..

Ҳар сафар қишлоғимизга фарзандларимни олиб борар эканман, ўша хотираларни айтиб берсам, уларга эртакдай туюлади. Бу гапларим нафақат болаларимга, балки қишлоғимизнинг бугунги ёшларига ҳам муболағали туюлса керак. Чунки бугун уларнинг аксари тупроқ йўлнинг ёзда қандай чангиши, қишда қанчалик лой бўлишини, сандал нималигини билишмаса керак... Улар учун иссиқлик манбаи сандал эмас, бир тугмани босиш орқали ёнадиган иситиш мосламалари, юрадиган кўчалари равон асфальт йўллар...

Шу кунларда қишлоғимизга давлатимиз раҳбари ташриф буюргани, Чим маҳалласидаги мисли кўрилмаган ўзгариш­ларни эътироф этганини кўриб, бундан бор-йўғи йигирма йил олдинги ўша шароитлар ёдимга тушди. Қалбимни катта қувонч, фахр-ифтихор эгаллади. Айниқса, йигирма мингга яқин аҳоли яшайдиган Чимда бугун ишсиз ҳам, камбағал ҳам қолмагани, маҳалламиз бутун мамлакатдаги бошқа қишлоқларга намуна қилиб кўрсатилгани ҳаяжонимни оширди. Кунлар келиб қадрдон Чим қишлоғим бутун мамлакатга замонавий ва обод маҳалланинг ёрқин намунаси бўлишини ўшанда хаёлимга ҳам келтирмагандим.

Бугун Чимнинг кўчаларини кезар экансиз, кўзингиз 640 ўринли янги мактаб­га, 240 ўринли замонавий боғча ва оилавий поликлиникага, янги маҳалла биноси, ёшлар маркази, спорт мажмуаси, истироҳат боғи, замонавий иссиқхоналар, ­кўркам ­тўйхоналарга тушади. Жамият учун керакли бўлган замонавий ёқилғи қуйиш шохобчалари, савдо ва маиший хизмат мас­канлари, “яшил” бозорчалар дейсизми — барча-барчаси Чим қишлоғимизда муҳайё.
Кейинги йилларда қатор иссиқхоналар қурилиб, аҳоли хонадонларида гулхайри етиштириш йўлга қўйилгани оилалар даромадини янада оширди. Элдошларимизнинг юз-кўзида эртанги кунга умид, ислоҳотларнинг амалга ошишига катта ишонч намоён бўлмоқда.

Чимдаги энг катта ютуқлардан бири таълимга қаратилаётган эътибор ҳамда унинг натижалари бўлмоқда. Бизнинг давримизда қишлоғимиздан ҳар 100 ёшдан атиги 4-5 нафари олийгоҳларда ўқиган бўлса, бугун қишлоқнинг ўзида қад ростлаган ўқув-тайёрлов курслари, замонавий тўгараклар сабабли уларнинг сони ошган.

Шу йилнинг ўзида қишлоқдаги 3 жияним талаба бўлди. Яратилган бундай юксак шарт-шароитлар эвазига деярли ҳар икки ёшдан бири талабалик бахтига муяссар бўлмоқда. Бу эса қишлоғимиздан эртага янада кўплаб маърифатли, билимли ва келажагига қатъий ишонган, жамиятга наф келтирувчи зиёлилар етишиб чиқади дегани.

Яна бир гап. Юртимизда билим ва маърифат соҳиблари, маданият ва адабиёт аҳли, китобхон оилалар доим ардоқланмоқда. Президентимизнинг ёш ёзувчи Жавлон Жовлиев ва “Китобхон оила” танловида совриндор бўлган ёш оилага Тошкент шаҳридан икки хонали уй берилгани бошқаларда ҳам жуда катта қизиқиш ва рағбат уйғотади. Бу ишлар зиёлиси қадрланган элнинг келажаги, албатта, порлоқ бўлишидан далолатдир.
Нафақат Чим маҳалласи, балки Қамаши туманида, қолаверса, бутун воҳада кечаётган ислоҳотлар шиддати дилни фахрга тўлдирмоқда. Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиларининг халқаро имтиҳонларда эришган зафарлари, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ёшларининг “Заковат” мусобақаларидаги ғолиблиги, косонлик оддий мактаб ўқувчисининг халқаро SAT имтиҳонида максимал юқори баллни қўлга киритгани юртдошларимизга ғурур бағишлади. Бу натижалар Президентимиз томонидан таълимга ва ёшлар келажагига қаратилаётган юксак эътиборнинг натижасидир.

Бугун қишлоқлардаги ҳар бир хонадонда тўкинлик, эртанги кунга ишонч ҳукм сурмоқда. Кўчаларимиз обод, мактаб­ларимиз билимли ёшлар билан тўла. Буларнинг бари тинчлик-хотиржамликдан. Инсон қадри улуғланган, билим ва маърифат туғ қилинган бундай заминда яшаш, мана шундай катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиш ажиб саодатдир.

Айтиш жоизки, бугун сизу биздан кўп нарса талаб қилинмайди. Неъматларни қадрлаш, шукронасини қилиш, имконият­лардан унумли фойдаланиш, ўзимиз ва жамиятга наф келтириб яшаш керак, ­холос.
 
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ,
Журналист

Ўзбекистон янгиликлари