Инсонда руҳ ва нафс бордир. Руҳнинг озуқаси шариатга мувофиқ бўлган барча амаллар бўлиб, кимки бирон шаръий амални қилса руҳ қувватланади. Мана шу сабабдан намоз ўқиб бўлгач руҳий таскинлик топилади.
Нафснинг истаги эса шариатнинг хилофи бўлган нарсалар бўлиб, ўша амал сабаб нафси аммора қувватланади. Намоз қазо бўлганида, қазони ўқимай юравериш, ўқиш қийин бўлиши ўша нафси аммора истаги бўлиб, у шундан қувватланаверади.
Руҳ ва нафс бир-бирининг зидди бўлиб бирининг қувватланиши иккинчисини кучсизланиб, қувватсиз бўлишига олиб боради.
Мусулмон киши ибодатларга қанча ҳарис бўлса, намозини вақтида ўқиса, закотини таъхирсиз адо қилса, садақотлари тўкис бўлса, Каламуллоҳ тиловатида бардавом бўлаверса, руҳи қувватланиб, нафси аммораси кучсизланаверади. Ибодатлар унга севимли бўлаверади.
Кимки шаҳватига қул бўлиб, зинога гирифтор бўлса, ҳалол-ҳаром фарқига бормасдан луқмасига эътиборсиз бўлаверса, нафси кучайиб, руҳи қувватсизланаверади. Оқибатда ибодатлар унинг учун қийин, ёқимсиз бўлаверади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي ۚ إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي ۚ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ
«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир», деди. Юсуф сураси. 53 оят.
Мана бу муборак оятда Роббимиз жалла шаънуҳу бизларга нафси амморамиз ҳолатини баён қилиб, Ўзи раҳм қилмаса ҳолимиз хароб бўлишини таъкидламоқда. Роббимизнинг бизга раҳм қилиши эса, шариатга мувофиқ амалларга муяссар қилиши билан бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни истиқомати шариатда маҳкам қилсин.
Имом Раббоний (қ.с)нинг
Мактубот китоби асосида
Суннатуллоҳ Абдулбосит тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризо – Аллоҳнинг қазосига мувофиқ кечаётган барча ҳодисаларга нисбатан кўнгилнинг мамнун ва хурсандчилик кайфиятидир. Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча ҳукмларига рози бўлган банда улуғ мукофотларга сазовор бўлади.
“Қиёмат куни Аллоҳнинг жарчиси унинг номидан баланд овозда:
– Менинг ҳаммадан-да мусаффо бандаларим қаердалар? – деб нидо қилганида фаришталар:
– Сенинг ўша ҳаммадан-да мусаффо бандаларинг кимлардир? – деб сўрайдилар.
Шунда Аллоҳ таоло:
– Улар мен берганга қаноат айлаб, қазоимдан рози бўлганлар, – деб жавоб беради”.
Яна ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинган экан: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди: “Менинг олдимда менга яқинлашишлигинг учун қазоимга рози бўлишлигингдан кўра севимлироқ йўл йўқ” (Ибн Аббосдан ривоят қилинган, Мужоҳид ривояти).
Имом Абул Ҳасан Шозалий қуддиса сирруҳу васият қиладилар: “Ўзингнинг хоҳишу иродангдан кечиб, Аллоҳнинг хоҳишу иродаси томон қочгил. Агар кимдир ўзининг ихтиёрича ниманидир хоҳласа, ҳали уни оладими ё йўқми, бу номаълум... Агар ўша хоҳлаган нарсасини олганида ҳам олгани унда қоладими-йўқми, буни билмайди. Агар бордию ўша нарса унда умрининг охиригача қолганида ҳам бунда унинг учун хайр борми ё йўқми, англаш қийин. Модомики, шундай экан, билгилки, яхшилик фақат Аллоҳнинг сен учун ирода ва ихтиёр этган тақдиридагина мавжуддир, холос!”.
Кунлардан бирида ҳазрати Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида саҳоба Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг “Мен учун бой юрганимдан кўра камбағаллигим, соғлигимдан кўра дардмандлигим яхшироқдир” деган сўзларини эслаб бундай дедилар:
– Аллоҳ Абу Заррни раҳматига олган бўлсин, бу гап уларнинг ўзларига хосдир, аммо мен бу ҳақда бундай дейман: “Кимда-ким Аллоҳ ихтиёр этган нарсани энг яхши ихтиёр деб билгувчи бўлса, Унинг ихтиёрининг олдида ўзга ҳеч бир нарсани ихтиёр этмайди” (Ибн Асокир ривояти).
Улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бундай маънода мактуб йўллаганлар: “Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишликда жамлангандир. Агар шундай қилолсанг, қандай ҳам яхши, йўқса, сабрли бўлгин!”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.