Халқаро анжуман
Глобал дунёда аждодларнинг илмий мероси ҳамда бой ҳаётий сабоқларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Ёшлар тафаккурини билим зиёси билан тўлдиришга ҳаракат қилмас эканмиз, уларни чалғитадиган, ўз домига тортадиган бузғунчи ғоялар саноқсиз. Бироқ тафаккур ҳимоясига бир бутун бўлиб, жамият миқёсида киришилмас экан, натижаси ҳаминқадар бўлиб қолаверади. Шукрки, зоҳирий-ботиний хатарларга сергак миллатимиз бу борада анчайин жипс. Айни ҳаракатларга давлат миқёсида эътибор қаратилаётгани эса натижалар чўғини оловга айлантиради.
Президентимизнинг 2024-йил 15-августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида, унинг доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши белгиланган.
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2024-йил 18-октабр, 211-сон
Боку шаҳрида Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Миллий фанлар академиясига ташриф буюриб, илмий-маданий ҳамкорликни кенгайтириш ва муштарак тарихий меросни ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.
26 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомидбек Эшматбеков иштирок этди.
Музокараларда тарихий қўлёзмалар ва илмий манбаларни тадқиқ этиш, буюк алломалар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий муассасалар ва музейлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга хизмат қилади.