Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Ноябр, 2025   |   25 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:50
Қуёш
07:12
Пешин
12:13
Аср
15:22
Шом
17:07
Хуфтон
18:22
Bismillah
16 Ноябр, 2025, 25 Жумадул аввал, 1447
Мақолалар

Тикувчи ва набира ҳақида ҳикоя

22.10.2024   5638   1 min.
Тикувчи ва набира ҳақида ҳикоя

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қадим замонда бир тикувчи бўлган экан. У ўз ҳамқишлоқларига бир-биридан чиройли кийимлар тикиб берар экан. Тикувчининг кичик ёшдаги бир набираси бўлиб, у жуда зийрак, ҳаракатчан бола экан. У доимо бобосининг ёнида юриб, унинг ишларига қарашар, ҳар бир қилаётган ишини диққат ва этибор билан кузатиб борар экан.

Кунларнинг бирида тикувчи набирасига бир ҳикматни таълим бермоқ истабди. Катта ҳажмдаги бир матони келтириб, қайчи билан уни кесиб майда-майда бўлакларга бўлибди. Сўнгра қайчини бир чеккага улоқтирибди. Шундан кейин тикувчи игна олиб келибди ва у билан кичик-кичик бўлакларга бўлинган мато парчаларини бир-бирига улаб тика бошлабди. Натижада чиройли бир кийим пайдо бўлибди. Кийимни тикиб бўлгач, игнани бошидаги салласининг бир чеккасига санчиб қўйибди.

Буни кузатиб турган зийрак набира бобосидан сўрабди: “Бобо нима учун матони кесиб, парчалаб бўлганингиздан кейин қимматбаҳо қайчингизни ерга улоқтирдингиз, аммо тикиб бўлганингиздан кейин бир чақа турадиган игнани бошингиздаги саллангизга санчиб қўйдингиз?”.

Тикувчи бобоси жавоб берди: “Эй, набирагинам, агар эътибор берган бўлсанг, қайчи бутун бир матони парча-парча қилиб бўлиб ташлади. Аммо, кичкинагина инга ўша парчаларни бир-бирига улаб чиройли кийим тикди. Бундан шундай хулоса олиш мумкинки, одамлар орасида шундай кишилар бўладики, улар бутун бир жамиятни ўртасига фитна уруғини сочиб, уларни бир-биридан айриб ташлайди, жамиятни парчалаб юборади. Ана ундай кишиларнинг ўрни оёқ остида, улар шунга муносиб. Аммо, одамларни бирлаштириш, уларни ҳамжиҳат қилиш йўлида саъй-ҳаракат қиладиган кишилар доимо ардоқланади, уларни бошингга кўратсанг арзийди. Сен ҳам доимо одамларни бир-бирига дўст, аҳил-иноқ қиладиган кишилардан бўлгин, деди.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Дунё васвасасидан сақланиш

14.11.2025   7368   2 min.
Дунё васвасасидан сақланиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон келтирганларга ушбу бақосиз дунёга нисбатан тўғри муносабатда бўлишни ва бу масалани ҳеч қачон ақл кўзи ва қалб кўзининг диққат эътиборидан четда қолдирмасликни қайта-қайта эслаб келганлар. Гап бу ерда одамларнинг дунёда ўзларини йўловчидай тутишлари ҳақида бормоқда. Бу эслатма бандани дунёга кўр-кўрона муҳаббат қўйишдан ҳимоя қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу дунёда ғариб (мусофир) ва йўловчидай бўлинг. Ва ўзингизни дунёни тарк этганлар қаторида ҳисобланг. Тонг отганда нафсингизга шом ҳақида, кеч кирганда эса эртанги тонг ҳақида гапирманг (унгача яшайман деб чамаламанг, кафолатингиз йўқ). Касаллик келгунча соғлиқдан, қарилик келгунча ёшликдан, бирор иш билан банд бўлгунча бўш пайтингиздан, ўлим келгунча яшаб турган ҳаётингиздан фойдаланинг! Ҳақиқатда эртага сизни ким деб аташларини[1] билмайсиз” (Ибн Умардан ривоят қилинган, Термизий ривояти).

Имом Жунайд Бағдодий қуддиса сирруҳудан:

– Қайси илмлар кўпроқ фойдали? – деб сўрашганида у зот қуддиса сирруҳу жавоб бердилар:

– Бу Сени Аллоҳни таниш – маърифатуллоҳга ва нафсга итоат этмаслик йўлига элтувчи билимлардир. Фойдали илмлар ўз соҳибини шикастанафаслик, ҳилм, камтаринлик (тавозу), нафс билан бетиним кураш, кўнгилни поклаш йўлида риёзатлар чекиш, ўзини назорат қилиш, Аллоҳдан қўрқиш, дунё матоҳларидан ва уларга интилувчилардан кўнгил узиш йўлига олиб боради. Бундай илмлар оз билан қаноатланишга, бу дунёга муккаси билан кетганлардан узоқлашишга, бу олами фонийни шу оламнинг бойликлари учун яшаётганларга қолдиришга, одамларга самимий устоз ва маслаҳатчи бўлишга, уларга нисбатан чиройли муомала ва меҳрибонлик кўрсатишга, тариқат аҳллари билан ҳамсуҳбат бўлиш каби  нарсаларга етаклайди”.

Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу мўминларни бу ўткинчи дунёнинг мевалари бўлган ҳою ҳаваслар гирдобида масту маҳлиё бўлишлик, нафснинг хоҳишларига қул бўлишлик офатидан кўп огоҳлантирардилар:

“Сиз учун икки сабабга кўра хавфсирайман: узундан-узоқ орзу-ҳаваслар гирдобида қолишлигингиз ва нафсоний талабларга эрк беришларингиздан. Шундай экан, бу ўткинчи дунёнинг эмас, абадий ҳаётнинг фарзандлари бўлинг!”.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.


[1] Эртага сизни ўликлар ёки тириклар орасида эслашларини билмайсиз. Муҳаррир.