Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қадим замонда бир тикувчи бўлган экан. У ўз ҳамқишлоқларига бир-биридан чиройли кийимлар тикиб берар экан. Тикувчининг кичик ёшдаги бир набираси бўлиб, у жуда зийрак, ҳаракатчан бола экан. У доимо бобосининг ёнида юриб, унинг ишларига қарашар, ҳар бир қилаётган ишини диққат ва этибор билан кузатиб борар экан.
Кунларнинг бирида тикувчи набирасига бир ҳикматни таълим бермоқ истабди. Катта ҳажмдаги бир матони келтириб, қайчи билан уни кесиб майда-майда бўлакларга бўлибди. Сўнгра қайчини бир чеккага улоқтирибди. Шундан кейин тикувчи игна олиб келибди ва у билан кичик-кичик бўлакларга бўлинган мато парчаларини бир-бирига улаб тика бошлабди. Натижада чиройли бир кийим пайдо бўлибди. Кийимни тикиб бўлгач, игнани бошидаги салласининг бир чеккасига санчиб қўйибди.
Буни кузатиб турган зийрак набира бобосидан сўрабди: “Бобо нима учун матони кесиб, парчалаб бўлганингиздан кейин қимматбаҳо қайчингизни ерга улоқтирдингиз, аммо тикиб бўлганингиздан кейин бир чақа турадиган игнани бошингиздаги саллангизга санчиб қўйдингиз?”.
Тикувчи бобоси жавоб берди: “Эй, набирагинам, агар эътибор берган бўлсанг, қайчи бутун бир матони парча-парча қилиб бўлиб ташлади. Аммо, кичкинагина инга ўша парчаларни бир-бирига улаб чиройли кийим тикди. Бундан шундай хулоса олиш мумкинки, одамлар орасида шундай кишилар бўладики, улар бутун бир жамиятни ўртасига фитна уруғини сочиб, уларни бир-биридан айриб ташлайди, жамиятни парчалаб юборади. Ана ундай кишиларнинг ўрни оёқ остида, улар шунга муносиб. Аммо, одамларни бирлаштириш, уларни ҳамжиҳат қилиш йўлида саъй-ҳаракат қиладиган кишилар доимо ардоқланади, уларни бошингга кўратсанг арзийди. Сен ҳам доимо одамларни бир-бирига дўст, аҳил-иноқ қиладиган кишилардан бўлгин”, деди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.