Қўлингизга қоғоз-қалам олиб, маҳзун пайтларингизда хоҳ ошкора, хоҳ махфий айтадиган сўзларингизни эслаб, ёзиб кўринг. Бу –айтаётган ҳар бир сўзингизни ўйлаб гапиришга одатлантирадиган машқдир. Ўзингизни яхшилаб тафтиш қилинг. Оғзингиздан чиқаётган сўзларга ҳарфма-ҳарф эътиборли бўлинг. Бу машқни тахминан бир ой давом эттиринг. Охирида ёзиб чиққан сўзларингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Бу ёзувлар сизнинг аслида қандай одам эканингизни кўрсатади. Хафа бўлганингизда яхши гап айтасизми ёки сўкинасизми – ихтиёр ўзингизда!
Ғамга ботган пайтларингизда ўзингизни дуоибад қилганмисиз? Натижа қандай бўлган?
Покиза синглим!
Бугун бир яхшилаб ўйлаб кўринг! Сизга йўлиққан мусибат-балоларни, касалликларни бир сарҳисоб қилиб чиқинг! Кейин эса ўзингизга «Мана шу синовларни ўзимга ўзим тилаб олган эканманми?» дея савол беринг. Сўзимдан ажабланаётган бўлишингиз мумкин, лекин бошингизга тушган синовларга бир назар ташласангиз, аввал қилган дуоибадларингизни эслаб кўрсангиз, кўп нарса аён бўлади. Ҳозирда сизни қийнаб келаётган баъзи муаммоларга аввал қилган дуоибадингиз сабаб бўлган бўлиши, сиз эса буни ҳатто ёдингиздан чиқариб юборган бўлишингиз мумкин. Бундай ҳолат Юсуф алайҳиссаломда ҳам бўлган. У зот тутқунликда кўп йиллар қолиб кетганларида Аллоҳ таолога нидо қилиб, «Ё Роббим! Зиндонда узоқ қолиб кетдим», дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Буни ўзинг сўрагансан! Сен зиндон сўрадинг, Мен эса уни бердим. Бунинг ўрнига офият сўраганингда, дуоингни ижобат қилган бўлардим», дейди.
Дарҳақиқат, Юсуф алайҳиссалом аёллар билан бўлиб ўтган фитнада бундай деб юборган эдилар:
«Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун зиндон яхшироқ. Уларнинг ҳийласини Ўзинг мендан нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан» (Юсуф сураси, 33-оят).
Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан бир кеча-кундузда икки марта афв ва офият сўраб дуо қилар эдилар. У зот бу дуони йиллар давомида, узлуксиз қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кеч кирганда ҳам, тонг отганда ҳам шу дуони канда қилмас эдилар: «Аллоҳим! Менга динимда, дунёимда ва охиратимда афв ва офият бергин. Аллоҳим, динимда, дунёимда, аҳлимда ва мол-мулкимда афв ва офият бергин. Аллоҳим, авратимни (гуноҳларимни) яширгин, қўрқинчларимни омонликка айлантиргин. Аллоҳим, мени олдимдан, ортимдан, ўнгимдан, сўлимдан ва устимдан муҳофаза қилгин, суиқасдга қолишдан Ўзинг паноҳингда асрагин».
Бир қиз айтади:
«Турмушга чиқишимдан олдин сиқилган пайтларимда ўзимни ўзим дуоибад қилар эдим. Кўп йиллар шундай ўтди. Баъзан бир кунда бир неча марта ўзимни қарғар эдим. Қачон бирор нарсадан сиқилсам, «Аллоҳим, ўлсам қутуламанми? Мени қўл-оёғимдан, кўзимдан жудо қилгин!» деб бақирардим. Шунга ўхшаш ҳар хил ёмон гаплар айтиб, ўзимни ўзим қарғар эдим. Оиламдагилар эса бу сўзларимга парво қилмас, ўзини эшитмаганга олишарди. Аллоҳ таоло эса мени ҳар сафар кечираверган экан, янги-янги имкониятлар бераверарган экан.
Бу иллатдан турмушга чиққанимдан кейин ҳам қутулолмай, ўзимга ёмонлик, ўлим, бедаво дард ва шу каби балоларни сўраб дуо қилавердим. Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, турмуш ўртоғим бу дуоибадларимга қаттиқ эътибор берар, мени бундан қайтарар эди. Лекин мен ўзимни ўзим қарғашдан тўхтамасдим. Бир куни у мени бу ишдан қайтариш учун ажойиб ҳийла ўйлаб топди. Ўзимни дуоибад қилаётганимни эшитса, «Аллоҳ менинг қаеримни шол қилсин? Ўнг тарафимни ёки чапимними? Фақат қўлларим ишламай қолсинми ёки оёқларим ҳамми?» дер эди.
Мен эса эримнинг бу сўзларидан баттар жаҳлим чиқиб, яна ҳам кўпроқ қайсарлик қилишга ўтардим. Шу йўсинда ўн йил ўтди. Аллоҳ айбларимни яширар, мени офиятда сақлар эди. Лекин кўза кунида синди – тўсатдан ёмон дардга чалиндим: бир оёғим ишламай қолди. Шунақанги ғам-ғуссага ботиб қолдимки, йиғидан тўхтамай қолдим. Бир куни: «Нима учун Аллоҳ шундай навқирон ёшимда менга бу дардни раво кўрди?» деб ҳасрат қилиб ўтирсам, эрим: «Бу неча йиллардан буён ўзингиз Аллоҳдан тилаб олганингиз-ку! Шол бўлишни ўзингиз дуо қилиб сўрардингиз-ку? Нега энди сўраганингизни берганида хафа бўляпсиз?» деди.
Одам ғамга ботган, ғазабланган пайтида ҳам ўзини қарғаб, дуоибад қилмаслиги кераклигини шундагина тушундим. Дуоибадни дуои хайрга алмаштириб, нима бўлганда ҳам Аллоҳдан соғлик, омонлик сўрайдиган бўлдим».
Муҳтарама синглим!
Ўзингизни дуоибад қилишингиз худди осмонга тош отгандек гап. Ўша тош бошингизга келиб тушиши мумкин. Ўша дуоибадларингиз Аллоҳ дуоларни ижобат қиладиган вақтга тўғри келиб қолиши мумкин. Қарабсизки, дуоларингиз ижобат бўлиб, ўша бало бошингизга келиши мумкин.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي أُسَيْدٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلَّمَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ وَأَنَا عِنْدَهُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَوَايَ قَدْ هَلَكَا، فَهَلْ بَقِيَ عَلَيَّ مِنْ بِرِّهِمَا شَيْءٌ؟ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَعَم، أَرْبَعَةُ أَشْيَاءَ: الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عُهُودِهِمَا مِنْ بَعْدِهِمَا، وَصِلَةُ رَحْمِهِمَا الَّتِي لَا رَحْمَ لَكَ إِلَّا مِنْ قِبَلِهِمَا»، فَقَالَ الرَّجُلُ: مَا أَكْبَرَ هَذَا أَوْ مَا أَطْيَبَهُ يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «فَاعْمَلْ بِهِ».
Абу Усайддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишимдан бирор нарса қолдими?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа! Тўрт нарса қолди: уларга дуо қилишинг, уларга истиғфор айтишинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажаришинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилишинг», дедилар.
Шунда ҳалиги одам: «Бу қандай ҳам улуғ!» ёки «Қандай яхши, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Энди шунга амал қил!» дедилар».
Шарҳ: Аслида вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматига раҳм кўрсатиб, уларнинг ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.
Ана шу йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда.
Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этганларидан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.
1. Дуо қилиш.
Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ўз ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин ҳам қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг аъмоли хайрларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
2. Истиғфор айтиш.
Ота-онасининг гуноҳини кечишини Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишда давом этган бўлади.
Ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.
3. Ота-онанинг ваъдаларини бажариш.
Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари, қариндошларига яхшилик қилиш.
Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетганларидан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савоблар етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмон фарзанд ота-онасига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш ҳаракатида бўлиши.
2. Ота-онага уларнинг ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинлиги.
3. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб туриши лозимлиги.
4. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига истиғфор айтиб туриши кераклиги.
5. Фарзанд вафот этган ота-онасининг аҳдига вафо қилиши кераклиги.
6. Фарзанд вафот этган ота-онасининг дўстлари, яқинлари ва қариндошларига яхшилик қилиб туриши кераклиги.
Бундан тушуниб оламизки, ота-она ўтиб кетса ҳам, уларга яхшилик қилишнинг эшиклари очиқдир. Мана шу ривоятда келганидек, боланинг зиммасида ота-онанинг яна тўртта ҳаққи қолар экан. Уларни бажариш боланинг вазифаси экан.
عَنْ هَمَّامٍ قَالَ: قُلْتُ لِكَعْبٍ: أَحْتَسِبُ عِنْدَ اللهِ مَا فَاتَنِي مِنْ بِرِّ الْوَالِدَيْنِ. قَالَ: لَمْ يَفُتْكَ بِرُّهُمَا، اسْتَغْفِرْ لَهُمَا، وَاجْعَلْ لَهُمَا حَظًّا مِنْ صَلَاتِكَ وَصِيَامِكَ وَصَدَقَتِكَ تَكُنْ مِنَ الْأَبْرَارِ، إِنْ شَاءَ اللهُ.
Ҳаммамдан ривоят қилинади:
«Каъбга: «Ота-онага қилолмай қолган яхшилигим учун ҳам Аллоҳдан савоб умид қиламан», дедим.
«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».
Шарҳ: Ровий Ҳаммам ўзини қийнаб юрган масалани Каъбул Аҳборга дилидан чиқариб баён қилди: «Ота-онамга қилолмай қолган яхшиликларим учун Аллоҳнинг Ўзидан сабр сўрайман», деди.
Мана шу гап уни доимо қийнар эди. Ота-онаси тирик чоғида уларга кўнгилдагидек хизмат қила олмади. Улар ўтиб кетганларидан кейин қадрларини тушуниб етди. Энди афсус-надомат чекмоқда. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу экан-да. Ота-она тирик чоғида, олдида турганларида уларнинг қадрини тушуниб етмабди. Дунёнинг ташвишини қилибди. Болам-чақам, дебди. Мана, энди афсус қилмоқда. Қани эди, ҳозир ота-онаси тирик бўлсалар-у, у кечаю кундуз ихлос билан хизматларини қилиб, дуоларини олса. Афсус, афсус! Энди иложи йўқ. Улар қайта тирилиб келишмайди. Ҳаммам уларга яхшилик қила олмайди. Бутун умри афсус билан ўтади.
Каъбул Аҳбор кутилмаганда Ҳамманинг хаёлида йўқ гапни айтиб қолди.
«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».
Ҳа, ота-онангга яхшилик қилолмай қолганинг йўқ. Улар вафот этиб кетган бўлсалар, ҳозир ҳам ортларидан яхшилик қилсанг бўлаверади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига меҳрибон Зот. У бизга ота-оналаримизга уларнинг ўлимидан кейин ҳам орқаларидан яхшиликларимиз етиб борадиган эшикларни очиб қўйган. Бунинг учун сен уларнинг икковларига истиғфор айтиб тур. «Аллоҳим, отамни мағфират қил, онамни мағфират қил, гуноҳларини кечир», деб тур.
Ота-онангга намозингда дуо қилиб тур. Рўзангдан ҳам уларга насиба ажрат. Савобини уларга бағишла. Уларни йўқлаб, садақа қилиб тур. Ўша садақанинг савобини уларга бағишла. Бу ишларинг ота-онангга худди тириклик чоғларида яхшилик қилганингдек бўлади.
Демак, инсон ота-онасининг ортидан дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, намозидан, рўзасидан, садақасидан ҳосил бўлган савобларни бағишлаб туриш билан ҳам ота-оналарига қиладиган яхшилигини давом эттириши мумкин экан.
Фарзанднинг ота-онасининг ўлимидан кейин уларга яхшилик қилиши ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар билан чекланиб қолмайди. Балки булардан бошқа ишлар билан ҳам ота-онага уларнинг вафотларидан кейин яхшилик қилиш мумкин. Ана шундай ишлардан баъзилари кейинги бобларда келади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.