Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Руҳий таскинлик – 1
Икки амал ҳар бир мўминга манфаат келтиради:
- ҳусни хулқ;
- кенг қалблик.
Икки амал мусулмоннинг даражасини баланд қилади:
- Тавозеъ;
- Муҳтожларга ёрдам бериш;
Икки амал бало-офатни даф қилади:
- Садақа;
- Силаи раҳм.
“Муфлис яъни банкрот одам ким?” деб сўрадилар. “Банкротлик 3 турга бўлинади”, дейилди.
Биринчиси, овчи ит каби. Қийналиб бир ҳайвонни овлайди-ю, лекин овлаган ўлжасини бошқаси илиб кетади.
Иккинчиси, бахил одам каби. Қанча тер тўкиб бойлиқ йиғади, аммо тўплаган барча мол-дунёси бошқалар учун қолади.
Учинчиси, ғийбатчи одам каби. Не машаққатлар билан хайрли ишлар қилади, бирок унинг савоби ғийбат қилган одамларига ўтиб кетади.
4 та қоидани ҳаётингиз учун асос қилиб олинг!
1. Одамларни рози қиламан деб ўзингизни ўзгартирманг!
2. Одамларнинг олқиши учун бошқа одамларга тақлид қилманг!
3. Омадсизлик сабабли ғамга ботманг!
4. Ютуқларингиз билан кибрга берилманг!
Энг афзал ризқ бу – мол-дунё эмас! Балки энг афзал ризқ бу – қалб хотиржамлиги, пок қалб, соғлом фикр ва ақл, она дуоси, ота ғамхўрлиги, фарзанд табассуми, сизни кўрмай қолишса излайдиган, унутсангиз ёдингизга соладиган, дуоларида унутмайдиган содиқ дўстлардир.
Солиҳ дўст юлдуз кабидир, агар йўлдан адашсангиз сизга тўғри йўлни кўрсатадилар, Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясида сизни кутадилар чунки улар сизни фақат Аллоҳ таоло учун яхши кўрадилар.
Денгиздаги балиқ оғзини очмаса қармоққа илинмайди. Шундай экан, тилингни тишларинг ортида сақла! Билгинки, барча хатолар тилдандир. Ёмғир каби яхшиликлар олиб келувчи бўл!
Асло дунё мендан юз ўгирган дема! Эҳтимол, сен унга тескари тургандирсан.
Ибн Жузий айтадилар: “Ибодатнинг машаққати кетади, лекин савоби қолади. Гуноҳнинг ҳам лаззати кетади, аммо азоби қолади”.
Бир киши баланд бино ва қасрларни кўриб: “Аллоҳ таоло шунча бойликларни тақсимлаганда биз қаерда эдик?” деб дўстидан сўради. Дўсти уни шифохонага олиб борди-да: “Аллоҳ таоло шунча касалликларни тақдир қилганида биз қаерда эдик?” деди. Шундай экан ҳар бир ҳолатда ва вақтда Аллоҳга ҳамд айтинг!
Агар турмушнинг синов ва ташвишларидан чарчаган бўлсангиз, маҳзун бўлманг! Эҳтимол, Аллоҳ таоло Ўзига ёлвориб дуо қилишингизни истаётгандир. Табассум қилишингиз учун бахтни кутманг, балки бахтли бўлмагунингизча табассум қилишда давом этинг!
Ҳадеб хавотирга тушаверманг, ахир ҳар бир иш Аллоҳнинг изни ила бўладику?! Нега ҳали номаълум ишлар ҳақида бунча қайғурасиз, ахир ҳар бир нарса Аллоҳга маълумку!
Шундай экан, хотиржам бўлинг! Ҳафиз бўлган Аллоҳ таоло сизни кўриб турибди. Қалбингиздан: “Ҳар бир ишимни Аллоҳга топшираман” деб айтинг!
Биз қайси амалимиз сабабли Аллоҳнинг раҳмати билан Жаннатга киришимизни билмаймиз. Ўқиган намозимиз ёки қилган хайр-эҳсон, садақамиз сабаблими, сув улашганимиз ё бир мўминнинг ҳожатини осон қилганимиз, дуо ёки зикримиз сабаблими? Шундай экан, амал қилинг, бирор амалингизни кичик санаманг! Аллоҳ таолога холис тоат ва ибодат қилинг!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони карим инсониятни ҳидоятга бошловчи Китоб. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини башарият ичидан танлаб олган ҳабиб пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилди.
Қуръони каримдаги ҳар бир сура фазилатли. Лекин айрим сура ва оятларнинг алоҳида фазилатлари бор. Масалан, залзала сураси. Ушбу сура Қуръони каримнинг ярмига тенг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Изаа зулзилат сураси Қуръоннинг ярмига тенг келади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси Қуръони каримнинг ярми ҳисобланишига сабаб – ушбу сурада қиёматнинг даҳшатлари баён этилган. Қуръони каримнинг деярли ярим қисмида бу кун ҳақида огоҳлантирилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Изаа зулзилатил арзу” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми(ни ўқиганнинг) савоби берилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси – Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Суранинг номи унинг биринчи оятидан олинган. Залзала – “зилзила” деган маънони англатади. Сурада қиёмат қоим бўлгандаги зилзила ҳақида сўз кетади. Сура қиёмат кунидаги баъзи воқеаларнинг васфи билан бошланади. Сўнг одамларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб ҳақида сўз кетади.
Даврон НУРМУҲАММАД