Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

УМАВИЙЛАР ДАВРИ: Бану Умайянинг таърифи

10.11.2024   13231   11 min.
УМАВИЙЛАР ДАВРИ: Бану Умайянинг таърифи

Иккинчи китоб

Тарих барча ўтган авлодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих орқали тириклар ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қилади лар ҳамда ўзларига зарар етадиган нарсалардан воқиф бўлиб, ундан четда бўладилар.

Ислом mapuxu деганда, одатда, Ислом давлатлари ҳамда мусулмон халқларнинг ваҳий нозил бўлган илк даврдан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган тарихи назарда тутилади. Аммо аслида ушбу тарих дунё бошланганидан то хозирги, биз яшаб турган пайтгача бўлган даврни ўз ичига олади. Зеро, бу тарих илк инсон, илк пайғамбар – Одам алайҳиссаломдан бошланади.

Шайх Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ушбу асари Ислом тарихининг мухтасар баёни бўлиб, муаллифнинг сўнгги китобларидан биридир.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога У Зотнинг жалолига ва жамолига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Охирги набий Муҳаммад мустафога гўзал ва мукаммал салавот ва саломлар бўлсин!

«Ислом тарихи» деб номланган китобимизнинг ушбу иккинчи жузида умавийлар давлатининг тузилишидан бошлаб, то мусулмон оламида бугунги кунгача юз берган воқеа-ҳодисалар хусусида сўз боради. Бу жуда хам мухтасар тарзда бўлиши турган гап. Албатта, ушбу саҳифалардан жой олган шахслар, ҳодисалар, воқеликларнинг ҳар бири ҳақида неча-неча алоҳида китоблар битилган ва бундан кейин ҳам битилажак. Бизнинг мақсадимиз эса тафсилотлар эмас, балки ўқувчига тарихимиз ҳақида умумий маълумотлар тақдим қилиш бўлди.

Шу билан бирга, маълум ўринларда баъзи нозик масалалар юзасидан мутахассисларнинг таҳлилларини келтиришга, мусулмон умматининг тарихидаги бурилиш нуқталарига, хусусан, уларнинг умумий таназзули масаласига алоҳида эътибор қаратишга, бу каби масалаларни кенгроқ ёритишга ҳаракат килдик.

Мақсадимиз ўзликни англаш, тарихни бор ҳақиқатлари би­лан ўрганиш, тўғри хулоса чиқариш, камчиликларни такрорламаслик ва ютуқларни мустаҳкамлаб ривожлантиришдир.

Тўртинчи боб

Умавийлар даври

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар» (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).

Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.

 

Биринчи фасл

Бану Умайянинг таърифи

Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.

Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.

Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.

Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш

Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилгани, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.

Бу тухмат ва коралашлар турли-туман булиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:

1.  Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.

2.   Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.

3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.

4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.

5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану ума­йялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийхлар мисолида кўринади.Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлгани бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.

Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

1.  Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.

Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.

Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.

Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.

Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.

2.   Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.

3.   Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.

4.   Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.

Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.

 

Умавийлар халифалиги

(ҳижрий 41–132; милодий 661–750)

Умавийлар халифалиги даври рошид халифалик тугагандан сўнг, ҳижрий 41 йил (милодий 661 йил) Рамазон ойида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин, имом Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳунинг ҳалифаликдан воз кечишлари ва ҳижрий 41 йил 25 рабиъул аввал (милодий 661 йил 28 июль) куни Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга байъат қилиниши билан бошланади. Бу давлат ҳижрий 132 йил 11 жумодус-соний (мило­дий 750 йил 25 январь) куни Зоб жангида халифа Марвон ибн Муҳаммаднинг енгилиши билан ниҳоясига етади.

Умавийлар давлатининг ҳукмронлиги 91 йил давом этган. Ушбу вақт мобайнида бу давлатга иккита оила раҳбарлик қилиб, 14 халифа фаолият олиб борган. Дамашқ шаҳри умавийларнинг пойтахти ҳисобланган.

 

Бану Умайянинг халифалари

Суфёнийлар оиласи

1.  Муовия ибн Абу Суфён. Ҳижрий 41–60 (милодий 661–680) йиллар.

2.  Язид ибн Муовия. Ҳижрий 60–64 (милодий 680–683) йиллар.

3.  Муовия ибн Язид. Ҳижрий 64 (милодий 683–684) йилда 40 кун халифалик қилган.

Ҳижрий 64–73 (милодий 684–692) йилларда умавийлар­нинг ҳукми Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги билан қўшиб олиб борилган.

Марвонийлар оиласи

4.  Марвон ибн Ҳакам. Ҳижрий 64–65 (милодий 684–685) йиллар.

5.  Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам. Ҳижрий 65–86 (милодий 684–705) йиллар.

6.  Валид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 86–96 (милодий 705–714) йиллар.

7.  Сулаймон ибн Абдулмалик. Ҳижрий 96–99 (милодий 714–717) йиллар.

8. Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон. Ҳижрий 99–101 (милодий 717–720) йиллар.

9. Язид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 101–105 (милодий 720–723) йиллар.

10. Ҳишом ибн Абдулмалик. Ҳижрий 105–125 (милодий 723–743) йиллар.

11. Валид ибн Язид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 125–126 (милодий 743–744) йиллар.

12. Язид ибн Валид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 126 (ми­лодий 744) йил.

13. Иброҳим ибн Валид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 126–127 (милодий 744–745) йиллар.

14. Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон. Ҳижрий 127–132 (милодий 745–750) йиллар.


Кейинги мавзулар:

Бану Умайя халифалари
Муовия ибн Абу Суфён халифалиги

 

УМАВИЙЛАР ДАВРИ: Бану Умайянинг таърифи
Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   2490   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар