Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Фитна вақтида нима қилиш керак?

13.11.2024   1341   4 min.
Фитна вақтида нима қилиш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара, яъни мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқнинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар. Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?". У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинг ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринг!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиснинг умумий маъноси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асаранинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар.
Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган манман, мутакаббир кишиларни ва Ислом динига номувофиқ ишларга гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.
Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нима деб амр қиласиз?" дедилар. Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар нажот топишлари мумкинлигини сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини, фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар.


Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  • Фитналарга тўлган замонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин келиши.
  • Мол-давлат инсонни дунёнинг турли фитналарига солиши.
  • Мусулмонлар орасида ҳам дин-диёнатдан кўра бу дунё бойликларига кўпроқ эътибор берадиган кишилар пайдо бўлиши.
  • Мусулмонларни нафратлантирадиган ишларни кўпайиши.
  • Дунё ва дин ишларини олим кишилардан маслаҳат сўраб бажариш.
  • Мусулмон кишилар юрт амирига, подшоҳига итоат қилиши лозим эканлиги.
  • Билмаган ишнинг ҳикматини раҳбардан сўрашнинг жоизлиги.
  • Фитнали замонлар келганда ҳам мусулмонлар ўз зиммаларидаги Аллоҳнинг ҳақларни унутмаслиги.
  • Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилиши.

Ҳадиси шарифда жамият фуқароларини ўзаро иттифоқликка чақириб, фитналaрдан эҳтиёт бўлишга буюрилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин. Чунки султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият, яъни Ислом динидан бехабар, жоҳиллар ўлимини топади!” дедилар.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Суфиев Жаъфархон

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

22.11.2024   4955   2 min.
Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».

Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар