Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446

Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борувчи 2 қадам

13.11.2024   4820   2 min.
Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борувчи 2 қадам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Камтарлик либосининг қиёси йўқ, уни ҳеч нарсага таққослаб бўлмайди. Аллоҳга дуо қилишнинг энг самарали йўли бу – камтарликдир. Имом Аҳмад Рифоий ўзининг китобларидан бирида бундай дейдилар: “Аллоҳга олиб борадиган йўл иккита қадамдан иборатдир. Биринчи қадамда, оёқингизни бўйнингизга қўясиз, иккинчисида эса, Аллоҳ таолога тўғридан-тўғри мурожаат қиласиз. Бўйингга оёқни қўйиш нима дегани? Яъни бу камтар бўлишни англатади. Камтарлик одамлар учун эмас, балки Аллоҳ азза ва жалла учундир.

Яна бошқа олимлардан бири, ҳозир исмлари эсимда йўқ, айтадилар: Аллоҳ таолога олиб борадиган йўлларни кўрдим. Уларнинг аксарияти тирбанд экан. Камтарлик йўлига назар солдим, унинг бўш, очиқ ва қисқа эканини кўрдим. Нима учун?

Агар сиз амалларингиз билан мағрурланиш йўлидан ўтмоқчи бўлсангиз, қанчадан-қанча одамлар ўзларининг амаллари билан мағрурланишининг гувоҳи бўласиз.

Агар сиз Аллоҳ ризолиги учун курашиш, жанг қилиш йўлидан ўтсангиз, ўзингиздан фахрланишни сезасиз. Албатта ҳар бир инсон бундан фахрланиши мумкин. Бундай қиладиганлар кўп.

Агар сиз Аллоҳ розилиги учун мол-дунё, маблағ сарфлаш, эхсон, хайрия қилиш йўлидан ўтмоқчи бўлсангиз. Ё Аллоҳим мен фалон нарсаларни берганман, камбағалларга миллион пул сарфладим дейишингиз мумкин. Бунда ҳам нафс ўзини-ўзи мағрур ҳис қилади ва бундай қиладиганлар ҳам кўп.

Аммо камтарлик йўли билан Аллоҳнинг розилигини излайдиган киши ўзини ожиз ва кучсиз ҳис қилади. Аллоҳнинг ҳақларини, ибодатларини бажаришда ўзининг нуқсон, камчиликларини кўради. Бу ажойиб туйғу, ажойиб. Бу туйғуни ким сезиши мумкин? Қалби кирлардан холи бўлганлар. Улар ўзини ҳеч нарсага, ҳеч нарсага қодир эмасликларини англайдилар. Аммо Аллоҳ таоло улар учун ҳамма нарсани пайдо қилади.

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
раҳимаҳуллоҳ маърузаларидан Даврон Нурмуҳаммад таржимаси

Бошқа мақолалар

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

09.06.2025   5938   4 min.
Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

Ҳар янги куннинг тонгини кўрганингизда қалбингизни зикр ила тўлдиринг. Иймон зикрларига қулоқ тутар экансиз, борлиқ Яратган Зот сари талпинаётганини ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло айтади: «...Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур...»[1]. Балки уйда, балки кўчада, қаерда бўлсангиз-да, Аллоҳнинг зикрига шошилинг. Зикрларни кўпайтирганингиз сари Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ортиб боради, осмонлару ернинг Холиқи бўлган Аллоҳ таолодек буюк Зот суянчиғингиз эканини англайсиз...

Ушбу мисраларни доим ёдда тутинг:

Гар эрса қалблар Холиқин зикридин мосуво,
Алар жасад ичидин жой олган тош каби гўё.

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг.
Тошда на меҳр ва на ҳис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббини зикр қиладиган билан зикрдан йироқда бўлган киши худди тирик билан ўлик кабидир” [2],  деганлар.

Яна Набий алайҳиссалом: “Сизларга амалларингизнинг энг хайрлиси ва Султонингиз ҳузурида энг покиза, даражангизни юқорилатадиган, сизлар учун тилло-кумушларни эҳсон қилгандан-да, душманингизга йўлиқиб, унинг бошини танасидан жудо қилишингиз, у ҳам сизнинг каллангизни бўйнингиздан узиб ташлашидан-да яхшироқ амал қайси эканини билдириб қўяйми?!” дедилар. Саҳобалар: ”Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: У Аллоҳнинг зикридир”,3] дедилар.

Убайд ибн Умайр айтадилар: “Мўминнинг амал дафтаридаги ҳамд ила тасбеҳ – у билан дунё тоғларича тилло судралиб юришидан хайрлидир”.

Набий алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг фазилат излаб кезиб юрувчи фаришталари бўлиб, улар зикр айтиб ўтирилган давраларни излаб юришади. Шу аснода зикр бўлаётган даврани топишса, фаришталар зикр ҳалқасидагилар билан биргаликда ўтиришади ва бир-бирларини қанотлари билан ўраб олишади, шу тарзда зикрдаги кишилар билан дунё осмонининг ораси фаришталар билан тўлиб кетади. Зикр ҳалқасидаги кишилар тарқалиб кетишса, фаришталар осмонга кўтарилиб кетишади.

Кейин Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб тургани ҳолда, улардан: “Қаердан келдинглар? – деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг олдидан келдик. Улар Сенга тасбеҳ айтяптилар, такбир, таҳлил айтиб, Сенга мақтов йўллаяптилар ва Ўзингдан сўрашяпти”, деб жавоб қайтаришади.

Аллоҳ таоло: “Улар Мендан нимани сўраяпти?” – дей­ди. Фаришталар жавобан: “Сендан жаннатингни сўрашяпти”, дейишади.  Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” – дея фаришталардан яна савол сўрайди. Фаришталар жавоб бериб: “Йўқ! Эй Яратган Зот!” – дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: “Мабодо улар жаннатимни кўрадиган бўлсалар, ҳолат қандай бўлади-я?” – дейди. Фаришталар: “Улар яна Сендан паноҳ тилашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло савол тариқасида: “Нимадан паноҳ беришимни сўрашяпти?” – дейди.

Улар: “Жаҳаннамингдан, эй Яратган Зот!” – деб жавоб қайтаришади. “Улар дўзахимни кўрганми?” – деб сўрайди Аллоҳ таоло. Жавоб қайтариб: “Йўқ!” – дейишади улар.

Аллоҳ таоло: “Улар дўзахимни кўришса қандай бўларкин?” – дейди.

Фаришталар: “Улар яна Сендан мағфират қилишингни сўрашяпти”, дейишади.

Аллоҳ таоло: “Сўзсиз уларнинг гуноҳларини кечирдим, уларга сўровларини ато этдим ва паноҳ тилаган нарсаларидан уларни Ўз паноҳимга олдим”, дейди.

Фаришталар: “Эй Яратган Зот! Улар орасида фалончи, ўта хатокор қул ҳам бор. У ўтиб кета туриб уларнинг олдига ўтириб олди”, дейишади. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилади: “Уни ҳам кечирдим! Улар ҳаммажлислари бадбахт бўлмайдиган кишилардир”, дейди»[4]дедилар. 

 


[1]  Исро сураси, 44-оят.
[2]  Имом Муслим ривояти.
[3]  Имом Термизий ривояти.
[4]  Имом Муслим ривояти.