Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Ноябр, 2025   |   30 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:55
Қуёш
07:18
Пешин
12:14
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:20
Bismillah
21 Ноябр, 2025, 30 Жумадул аввал, 1447

Диний бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт калити

15.11.2024   8896   5 min.
Диний бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт калити

Жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкам қарор топтиришнинг энг муҳим тамойилларидан бири ижтимоий ва диний бағрикенгликдир. Юртимизда турли конфессиялар вакиллари ягона оила бўлиб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаётгани, жонажон Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бизнинг энг катта бойлигимиздир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Юртимизда қадимдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.

Конституциямизнинг 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасада барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб кўрсатилган. Бу Асосий қонунда шунчаки белгиланмасдан, амалда ҳам намоён бўлмоқда. Буни нафақат жамиятнинг ҳар бир фуқароси ҳис қилмоқда, айни пайтда жаҳон ҳам жамияти эътироф этмоқда, ўзбек моделининг мазкур масаладаги тажрибасидан намуна олмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг асосий омилларидан бири муроса тамойили бўлган диний бағрикенгликдир.

Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Ҳатто бу ҳудудларни босиб олганлар ҳам Марказий Осиё халқларининг маданияти олдмда бош эгибгина қолмай, унинг энг қимматбаҳо анъаналарини, шу ҳудудда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналарини авайлаб қабул қилганлар”. Буларнинг барчаси жуда қадимдан аждодларимиз ўзаро муносабатларда ўзига хос шарқона муроса тамойилларига амал қилганини кўрсатади. “Сўнги икки аср давомида ҳам ўзларини “маданиятли” ва “маърифатли” хисоблаб келган давлатлар оммавий қирғинлар ва диний таъқиблар билан ўзларига доғ туширган пайтда Ўзбекистон замини халқлар ва маданиятлар тинч бирлашган жойгина бўлиб қолмай, балки қувғин қилинган халқларга бошпана ҳам берди”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни ўзларига тажовуз қилиб, уруш очмаган ўзга дин вакилларига яхшилик қилишга қизиқтириб шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар.

Ислом дини бошқа дин вакилларининг тирикларини ҳурмат қилиш билан чекланиб қолмади, уларнинг ўликларини ҳам эҳтиром қилди. “Саҳиҳи Бухорий”да Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидаги воқеа ривоят қилинади: “Бир куни олдимиздан бир жаноза ўтди. Шунда Набий алайҳиссалом бу жаноза учун ўринларидан турдилар ва биз ҳам (ул зотга эргашиб) ўрнимиздан турдик. Биз: “Ё Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси!” дедик. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг!” дедилар”.

Пайғамбарнинг саллолаҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: “Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман”.

Соҳибқирон Амир Темур “Тузук”ларида: “Менинг қўл остимдаги қирқ аймоқ ҳаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, наймани юздан устун қўймадим. Барча муваффақиятларим гарови шундадир” деб ёзган.

Инсонни, аввало, инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланган – бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлар аро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида фаолият олиб борган инсон давримизнинг ҳам муқаддас динимизнинг ҳам талабларини бажарган бўлади.

Жаннатмакон юртимизда яшаётган миллатларнинг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлиб, она Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин!

Одилжон Нарзуллаев,
Янгийўл туман “Қирсадақ жоме масжиди имом хатиби

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Акса урганда ва эснаганда бажариладиган суннатлар

21.11.2025   260   2 min.
Акса урганда ва эснаганда бажариладиган суннатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).


1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.


2. Аксирганда овозини пасайтириш.

Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).


3. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.

Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ”(Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).


4. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш. Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар