Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Солиҳ бир киши ўз ўғлига бундай деди: Ўғлим, айтадиганларимга диққат билан қулоқ сол, зеро булар сенга дунё ва охиратингда нафи тегади.
Ўғил деди: Айтинг отажон, жон қулоғим билан тинглайман.
Солиҳ киши деди: Вафосиз одам ақлсиз бўлади. Ростгўйлиги йўқ одамда мардлик ҳам бўлмайди. Илмга иштиёқсиз одам билимга эга бўлмайди. Ҳаёсиз одам карамли бўлмайди. Бетавфиқ кимса ҳеч қачон тавба қилмайди. Илмдан фойдалироқ ҳазина йўқ. Ҳилмдан кўра кўпроқ фойда келтирувчи мол йўқ. Одобдан кўра юксакроқ ҳасаб йўқ. Ақлдан ишончлироқ ҳамроҳ йўқ. Ўлимдан кўра ишончлироқ далил йўқ. Гуноҳларни тарк этишдан кўра фойдалироқ эҳсон йўқ. Гуноҳлардан кўра оғирроқ юк йўқ. Тафаккурдан кўра афзалроқ ибодат йўқ. Ёлғондан кўра ёмонроқ нарса йўқ. Аҳмоқликдан кўра ортиқроқ такаббурлик йўқ. Жаҳолатдан кўра ортиқроқ фақирлик йўқ. Таъмагирликдан ортиқ хорлик йўқ. Бахилликдан қабиҳроқ ор йўқ. Қаноатдан кўра ортиқ бойлик йўқ.
Эй ўғлим, ким ҳақиқатга қарши курашса албатта мағлуб бўлади. Ким мусулмоннинг айбини очишга уринса, Аллоҳ уни шарманда қилади. Ким ўзининг фикри билан мағрурланса адашади. Ким одамлардан ўзини юқори олса хор бўлади. Ким машварат қилса надомат қилмайди. Ким уламоларнинг мажлисида ўтирса ҳурмат топади. Ким ақлсизларнинг мажлисида ўтирса таҳқирланади. Ким оз гапирса оқибати хайр бўлади. Ким ёлғончилик билан танилса ҳеч қачон унга ишонч билдирилмайди. Ким шаҳватга берилса охир-оқибат шарманда бўлади.
Эй ўғлим, мен барча тотли нарсаларнинг мазасини татиганман. Лекин офиятдан кўра тотлироғини кўрмадим. Аччиқ нарсаларни ҳам тотиб кўрганман. Лекин одамларга муҳтож бўлиб қолишдан аччиқроғини кўрмадим. Оғир тош ва темирларни ҳам кўтариб кўрганман, лекин қарздан кўра оғирроқ юкни кўрмадим.
Эй ўғлим, яхшилар билан ошна бўл, ёмонлардан йироқ бўл. Чунки, яхшилар билан ошна бўлсанг сени қадрлашади, зулмга учрасанг сенга ёрдам беришади, гапирсанг гапингга қулоқ солишади. Аммо ёмонларга яқин юрсанг сени қадрлашмайди, омонатингга хиёнат қилишади, сирингни очиб шарманда қилишади, керак бўлмай қолганингда ташлаб кетишади.
Эй ўғлим, дин ва ахлоқда ўзингдан юқори бўлганларга боқ, молу давлатда ўзингдан қуйи бўлганларга боқ.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
1. Қуръони каримда доимо кеча кундуздан олдин зикр этилади:
وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ
“У кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни яратган Зотдир” (Анбиё сураси, 33-оят).
Бу Ислом динида кун Қуёшнинг ботиши, яъни кечанинг кириши билан бошланишига далолат қилади.
2. Қуръони каримда доимо ўлим ҳаётдан олдин зикр этилади:
كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ
“Ўлик эканингизда сизни тирилтирган Аллоҳни қандай инкор этасиз?” (Бақара сураси, 28-оят).
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا
“У сизларни қайси бирингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).
Бунинг сабаби, инсон аввал бошда ўлик бўлган, сўнгра Аллоҳ таоло уни тирилтирган.
3. Қуръони каримда доимо ейиш ичишдан олдин зикр этилган:
كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا
“Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар” (Аъроф сураси, 31-оят).
كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ
“Сизлар қилиб ўтган яхши амалларингиз эвазига бемалол еб-ичинглар” (Тур сураси, 19-оят).
Бунинг сабаби, таом тановул қилингач албатта, кетидан суюқлик ичиш фойдалидур.
4. Қуръони каримда доимо мевалар гўштдан олдин зикр этилган:
وَأَمْدَدْنَاهُم بِفَاكِهَةٍ وَلَحْمٍ مِّمَّا يَشْتَهُونَ
“Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева ва гўшт билан қувватлантирурмиз” (Тур сураси, 22-оят).
وفاكهة مما يتخيرون ولحم طير مما يشتهون
“Ўзлари танлаб оладиган мева ва иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан таъминлармиз” (Воқеа сураси, 20-21-оятлар).
Бунинг сабаби, таомланишда аввал мева еб, ундан кейин гўштли таомни тановул қилиш фойдалидир.
Валлоҳу аълам биссавоб.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ