Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сохр ал-Ғомидий ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!” деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар”. Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Табароний, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ибн Можа Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Эй Аллоҳим, умматимнинг пайшанба кунги барвақт (қилган ишлар)ида барака бергин!” дейилган).
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан эрта тонгда мусулмонлар бажарган ишларнинг баракали бўлишини сўраб қилган дуолари ва бунинг тасдиғи ўлароқ ҳадис ровийсининг ҳаётидан ибратли воқеа ҳам келтирилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!”, деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар.
Яъни: Аллоҳим, менинг умматим ичидан эрта тонгда барвақт амал қилувчиларнинг амалларига, касб-кор қилувчиларнинг касбларига, илм талабида бўладиганларнинг илмларига барака бергин. Уларнинг ишлари ва амалларини серунум, ривожли ва давомли қилгин!
Мазкур дуо орқали, ўз навбатида у зот умматларини ҳар қандай ишни бажаришда барвақт ҳаракат қилиш, эрта тонгдан ризқ ёки илм талабида бўлишга тарғиб қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда тунни уйқу вақти, кунни эса тирикчилик олиб борадиган пайт қилиб қўйганини айтган. Шунга биноан, куннинг аввалидан ҳаракатда бўлиш яхши натижаларга сабаб бўлади.
Умматларини эрта туришга ва барвақт ҳаракатда бўлишга ундаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларига энг аввал ўзлари амал қилардилар. Агар у зот бирон ерга вазифа билан кичик бир гуруҳ ёки каттароқ қўшинни юбормоқчи бўлсалар, куннинг аввалида юборардилар.
“Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди”.
Ушбу ҳадис ровийси Сохр ибн Вадоъа ал-Ғомидий тижорат билан шуғулланар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб, Сохр ҳам бирон ерга савдо карвони юбормоқчи бўлса, куннинг аввалида барвақт жўнатарди. Суннатга астойдил амал қилгани, қолаверса, эрта тонгда ризқ талабида бўлгани учун унинг савдосига барака кириб, ишлари олға силжий бошлади. Натижада Сохр розийаллоҳу анҳу бой-бадавлат кишилардан бирига айланди.
Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро, эрталабдан ҳаракат қилиш барака ва муваффаққият(омили)дир” (Имом Табароний “Авсат”да ривоят қилган).
Ҳар биримиз эрта тонгдан ризқ талабида бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки барвақт қилинган ҳаракат барака ва ютуқлар калитидир. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Сабаби буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтиб турибдилар. Аввалги саҳиҳ ривоятда ҳам бу маъно таъкидланган эди.
Олдин айтиб ўтганимиздек, “ризқ” бир тарафдан моддий неъматларни, иккинчи тарафдан эса маънавий-руҳий неъматларни ҳам ўз ичига олади. Чунончи, ақл, илм, идрок, зеҳн ва шу кабилар ҳам инсонга бериладиган ризқдир. Шу сабаб ҳам, китобларимизда эрта тонгда илм талаб қилишга тарғиб қилинади ва уламолар ҳаётидан ибратли ҳолатлар мисол қилиб келтирилади. Эрта тонгда илм талаб қилишнинг фазилатли эканига сабаб шуки, ҳадисда айтилаётганидек, бу пайт баракалидир. Маълумки, уйқудан уйғонгач, инсон танасида тетиклик, миясида ҳам бардамлик кузатилади. Бундан ҳолатда ўқилган илм, ёд олинган оят ёки ҳадис хотирага мустаҳкам ўрнашади ва зеҳнга яхши сингийди. Хуллас, хоҳ дунёвий ҳожат бўлсин, хоҳ ухровий – зикр ва дуо каби ибодатлар бўлсин, агар улар эрта тонг адо этилса, Аллоҳ бундай ишларга барака ва ривож ато этади.
Амр ибн Усмон ибн Аффон отасидан ривоят қилади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонгги (уйқу) ризқни(нг келиши)ни тўсади” (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ушбу ҳадиснинг санади заиф).
“Ризқни тўсади” жумласи “ризқнинг баракали бўлишини ман қилади” маъносини англатади. Зеро, тонг чоғида то қуёш чиққунча ухлаб ётувчи қанчадан-қанча одамлар борки, улар ризқдан бутунлай маҳрум бўлиб қолмайдилар. Балки уларнинг ризқида барака ва ишларида унумдорлик бўлмайди.
“Файзул-қодийр” китобида шундай дейилган: “Кимки кунини хайрли суратда бошласа, қолган қисми ҳам хайрли-баракали бўлади. Ишлари ўнгидан келади. Аллоҳ тарафидан ўша банданинг ризқига барака берилади. Ривоятларда келишича, қуёш чиққунча бўлган вақт оралиғида ризқлар тақсимланар экан. (Уйғоқ бўлиш билан) ризқ тақсимотида иштирок этмаган банда ундан маҳрум бўлган билан баробардир. Чунки, тонг отгач ҳам уйқудан уйғонмаган банда ўрнидан ланж ва дили хира бўлиб туради. Тирикчилиги ва касб-корида ҳам шижоат ва серғайратлилик йўқолиб, ишига ҳафсаласизлик билан ёндашади. Шу зайл ризқининг баракаси кетади”.
Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш чиқишидан олдинги уйқудан қайтарганлар” (Ибн Можа ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).
“Қуёш чиқишидан олдинги уйқу” бу тонг пайтидаги уйқудир. Аввалги ҳадисда эрталабки уйқу ризқнинг баракасини кетказиши айтилган бўлса, бу ерда ўша вақтда ухлашдан қайтарилмоқда. Чунки тонг чоғи, яъни бомдод намозидан кейинги вақт зикр-тасбеҳ, таҳлил, истиғфор айтиш ёки ризқ талабида ҳаракат қилиш учун қулай фурсатдир.
Бағавийнинг “Шарҳус сунна” китобида: “Бизга хабар қилинишича, Ер бомдод намозидан кейин ухловчи олимдан шикоят қилиб, Аллоҳга мурожаат қилар экан”, дейилган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен тонг пайтида ухлаб ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимдан ўтиб қолдилар. У зот мени оёқлари билан қимирлатиб: “Эй қизалоғим, тур, Роббингнинг ризқ (тақсимлаш)ига гувоҳ бўл. Асло ғофиллардан бўлма! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла тонгдан қуёш чиққунча бўлган пайт оралиғида одамлар ризқларини тақсимлайди”, дедилар (Байҳақий ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг чоғидаги уйқудан қайтарганлари яна бир бор таъкидланмоқда. Хуллас, банда тонг пайтида уйғоқ ҳолда бўлиб, бирон манфаатли иш билан машғул бўлиши, дунё ва охират ободлиги учун интилиши лозим.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Қуръони каримни жамланиш тарихида китобат – ёзиб қолдириш ўзига хос ўрин тутган. Оятларни ёзиб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлариданоқ бошланган, котиб саҳобалар ҳар бир оятни нозил бўилиши билан кечиктирмай ёзиб олишга катта эътибор беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръонга бандалар сўзи аралашиб қолмаслиги учун Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олмасликни буюрганлар.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида эса тарқоқ саҳифалардаги оятлар бир бутун ҳолга – Мусҳаф шаклида ёзиб қолдирилган. Бу жамлашда бош котиблик вазифасида бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу фақат оғзаки тиловат билан кифоянмадилар, балки, эшитган ҳар бир оятларни мавжуд битикларга солиштириб, оғзаки тиловат ёзувдаги билан мос келиб, тасдиғини топса, Мусҳафга қўшардилар. Бу ҳолат ҳам Мусҳаф тарихида ёзишни нечоғли юқори аҳамият касб этишини кўрсатади.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарлара тарқатилган Мусҳафлар эса, кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. Ўша замонларда Мусҳафлар қўл меҳнати билан кўчирилган
Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг набиралари Алий Зайнулобидин айтадилар: “Мусҳафлар варағи кетма-кет (бир-бирига боғланган, уланган) бўлмас эди, кимда Мусҳаф бўлса масжид минбарини олдига келиб, “Ким хоҳласа мендан кўчириб олсин” дер эди. Хоҳловчилар келиб ундан бир саҳифа, бир саҳифа қилиб Мусҳафни охиригача кўчириб олишар эди”[1].
Абу Ҳакима ал-Абидий айтадилар: “Мен Куфа шаҳрида хаттотлар билан биргаликда Мусҳафни кўчирар эдим. Кунлардан бирида Алий розияллоҳу анҳу биз кўчирган нусхалардан бирини кўрдилар ва бизнинг ёзгани хатимиз у зотни жуда ажаблантирди, шунда “Аллоҳ нурлантирган нарсани (Мусҳафни) мана шундай нурлатаверинглар”, бошқа бир ривоятда “Аллоҳ таоло бунга (Мусҳафга) нур бергани каби сизлар ҳам нурлантиринглар” дедилар[2]”.
Исломнинг дастлабки асрларидаги ҳолат шундай бўлган. Ўша замонларда нашр қилиш имконияти бўлмагани учун кимга Мусҳаф керак бўлса, хат саводи борлар ўзи кўчириб оларди, хат саводи бўлмаганлар хаттотларга илтимос қилиб, баъзан ҳақ тўлаш эвазига кўчиртириб олар эди. Хаттотлар имон-эътиқодининг мустаҳкамлиги, Қуръони каримга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва асосийси, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятини ҳис қилиб, омонатдорлик билан ўз касбига ёндашуви натижасида Мусҳафлар бехато кўчирилар, камдан-кам ҳолларда йўл қуйилган камчиликлар Қуръонни ёд олган ҳофизлар тарафидан ўз вақтида тўғриланарди ҳам. Айрим моҳир хаттотлар умри давомида юзлаб нусхалар кўчириб, эхтиёжига ярашасини сотар, қолганларини илм давраларига, масжид ва толиби илмларга вақф қилиб тарқатар эди.
Нашр қилиш дастгоҳи ихтиро қилингач, китоб нашр қилиш жабҳасида мисли кўрилмаган ютукққа эришилди. Дастлаб нашр дастгоҳлари Германияда 1431 мелодий санада ишлаб чиқилди. Йиллар давомида бу ускунларнинг салоҳияти ва имкониятлари кенгайди, дастлаб Италия, сўнгра Франция давлатларида ишлатиладиган бўлди. Кейинчалик дунёнинг бошқа илғор мусулмон мамлакатларига ҳам тарқалди. Жумладан, Ҳалаб шаҳрида 1698 йилда, Ливанда 1733 йилда сурён тилида, кейинчалик араб тилига ихтисослашган, Байрутда 1753 йилда “Қудайс” номли нашриёт фаолияти жорий қилинди. Мисрга Франциялик ҳарбий қўмондон Бонапарт 1798 йилда ўзи билан нашр дастгоҳини олиб кириши натижасида Қоҳирадаги “Аҳлийя” матбаасига асос солинган. Кейинчалик бу матбаа “Булоқ” номида фаолият олиб бориб, Ислом оламига жуда машҳур бўлган. Туркияга Султон Аҳмад III даврида кириб келган. Бироқ бу дастоҳларда диний адабиётларни нашр қилиш ўша замон Турк уламолари тарафидан рухсат берилмаган. 1141 йилдан кейин аста-секин араб адабиёти, тарихи ва луғатига оид китоблар нашр қилинган.
Нашр этиш дастгоҳида чоп этилиши билан тарихда қолган Мусҳаф 1694 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида Абрахам Хинкельман (Abrahmi Hinckelmanni) исмли шарқшунос олимнинг саъй-ҳаракати билан 560 саҳифада нашр қилинган[3]. Ҳар бир саҳифа 16 сатрдан иборат бўлиб, оятлар бошланиши тартиб рақм билан белгиланган.
Бундан аввал Италиядаги “Бундуқия” нашриётида ҳам 1530 йилда нашр қилинган, бироқ, ўша замон ҳукмрон бошқарув табақа вакиллари томонидан нашр ўрнида йўқотиб ташланган[4].
Шунга кўра ҳозиргача сақланиб қолган Мусҳафлар орасида энг қадимийси Германиянинг Гамбург шаҳрида чоп қилингани ҳисобланади. Мусҳафнинг мазкур нусхаси бизгача сақланиб қолганлари орасида илк нашр қилингани билан аҳамиятли бўлсада, кўплаб хато ва камчиликлардан холи эмас эди. Унда учрайдиган хатолар асосан араб тили қоидаларига мос келмаслиги ҳамда нашр дастгоҳидаги техник камчиликларга бориб тақаларди. Масалан, ёнма-ён калималарни ўрин алмашиб қолиши, нуқталарнинг оз ёки кўпайиб қолиши, ораси ажратиб ёзилиши керак бўлган икки калиманинг ораси боғланиб қолиш каби камчиликларни келтириш мумкин.
Ана шундан кейин Мусҳафлар кетма-кет нашр қилина бошланди.
Дастлабки нашр қилинган Мусҳафлар сифатида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 1787 йилда Мавло Усмон бошчилигида нашр этилган Мусҳафни, Эронда нашр қилинган иккита тошбосма нусха: бири 1828 йили Теҳронда, иккинчиси 1833 йили Табризда нашр қилинган нусхани, Қозон шаҳрида 1877 йилда босилган Мусҳафни, ҳудди шу йили Туркияда хаттот Ҳофиз Усмон қаламига мансуб нашр қилинган Мусҳафларни келтириш мумкин. Қозон шаҳрида босилган нусха аввалги Гамбург шаҳрида нашр қилинган Мусҳафга деярли ўхшаб кетсада, унда йўл қуйилган камчиликлар олди олинган, калима ва ҳарфларда учраган техник хатолар тузатилан эди. Бироқ ҳарфлар устига қўйиладиган ҳаракатларда камчиликлар бор бўлиб, Мусҳаф сўнгидаги махсус жадвалда йўл қўйилган хатолар кўрсатиб ўтилган[5]. Кейинчалик, Мусҳафнинг кўплаб нашриётларда чоп қилиш оммалашиб кетди. Мисрда 1890 йилда Ризвон ибн Муҳаммад Мухаллалотий бошчилигида, 1923 йилда хаттот Муҳаммад Алий Ҳусайний бошчилигида нашр қилинган.
Санаб ўтилган Мусҳафларнинг барчасида ҳарфлар Усмоний Мусҳаф асосида, ҳаракатлар эса Халил ибн Аҳмад ва имом Сибавайҳлар асос солган йўналишда бўлган.
Кейинги пайтларда тижорий нашриётларнинг кўпайиши, унда иш олиб борадиган ходимларнинг масъулиятсизлиги, беэътиборлик билан нашр қилинган бир қанча Мусҳафларда техник хатолар кўпайиб кетиш оқибатида, айрим нашриётлар Мусҳафни кўпайтириб, тарқатиш эмас, балки турли нашрларда учрайдиган хато ва камчиликлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ҳозирда бундай эзгу мақсад сари фаолият олиб бораётган нашриётлар орасида энг кўзга курингани бу – Мадинаи мунавварадаги “Малик Фаҳд” нашриётидир. 1404 ҳижрий сана 20 рабиуссоний ойида Саудия Арабистони подшоҳлиги муассислигида Мусҳаф ва унга алоқадор илм аҳллари, мутахассислардан иборат ўн беш кишилик қўмита ташкил қилинган. Қўмита ҳайъат аъзолари Қуръони каримни ҳар бир калима, ҳарф ва ҳатто ҳаракатлари, тўхташ белги ва кўрсатмалари устида бош қотириб, чуқур тадқиқ қилишган, йиллар давомида Мусҳафга кириб қолган қушимчалар олиб ташланиб, хатолар тузатилган, камчилиги тўлдирилган, бундай машаққатли вазифани уддалаш мақасадида ҳайъат азолари Мусҳафни икки юз мартадан ошиқроқ ўқиб чишларига тўғри келган.[6] Нашр учун тайёр ҳолига келган Мусҳафнинг кўриниши, ҳажми ва хат тури борасида ҳам муаммолар бор эди. Ислом оламига машҳур хаттотларнинг Мусҳаф устида олиб борган изланиш ва маҳоратлари илмий ўрганиб чиқилди ва бер неча қўлёзма Мусҳафлар орасидан Дамашқлик хаттот Усмон Тоҳонинг ёзув услуби танлаб олинди. Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, танзим яъни тартибга, табвиб яъни жузларга ажратишни ҳам йўлга қўйган эди. Қуръони каримни 30 жузга бўлиб, ҳар бир жузга 20 саҳифа ажратган, Фотиҳа ва Бақара сурасининг биринчи саҳифасига чиройли шакл бериш учун икки бет, охирги жузда “Бисмиллоҳ” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифага жойлаган эди. Бундан ташқари, ҳар бир саҳифани оят билан бошлаб, оят билан якунлашга эриша олгани энг катта афзаллиги бўлган[7]. Санаб ўтилган жиҳатлари билан бошқа қўлёзма нусхалардан тубдан ажралиб турган Мусҳафни янги нашр қилинмоқчи бўлган “Мадина Мусҳафи” нусхасига асос қилиб олинди ва ҳозирда дунёга тарқалган Мусҳафлар орасида энг мукаммал шаклга эга бўлди.
Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳомийлигида 1405-1425-ҳижрий йиллар оралиғида “Мадина Мусҳафи” 193 миллион тиражда босиб чиқишга эришилди[8] ва бу дунёдаги энг кўп тираж қилинган босма деб баҳоланмоқда.
Ҳозирда йилига 30 милион тиражда ҳар хил ҳажм ва кўринишда нашр қилиб, тарқатиб келинмоқда.
Кейинги йиллирда юртимизда ҳам ҳар соҳада бўлгани каби диний соҳани ривожлантириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар Мусҳафи шарифни нашр қилиш ва аҳолимиз мўъмин-мусулмонларининг Қуръони каримга бўлган эхтиёжини қоплаш жиҳатини ҳам қамраб олди.
Аллоҳ таолонинг муборак каломи — Мусхафи шариф Ўзбекистонда нашрдан чиқиши қалбларни сурурга тўлдирган шарафли воқеалардан бири бўлди. Юртимизнинг кўзга куринган нашриётларидан бири «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонлар оммасига тақдим этилди.
Нашриётнинг кўп йиллик самарали фаолияти давомида Қуръони Каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.
«Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти Мусҳафи шарифни нашр қилиш лойиҳаси бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги «Дорус-салом» нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси тузди. Тузилган шартномага кўра, «Дорус-салом» нашриёти «Ҳилол-нашр»га Мусҳафни чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришилди.
Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50 000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10 000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Зеро, Қуръони Карим кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ, ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади.
Қалби Қуръонга ошно халқимиз ҳам янги нашр этилган Мусҳафи шарифни шод-хуррамлик, хурсандчилик ва севинч кўз ёшлари билан кутиб олди. Бу ёрқин ҳодиса мамлакатнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Абдулбоқий Турсунов
[1] Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 182 саҳифа.
[2] Канзул уммол 10/536 саҳифа.
[3] Тарихул Қуръон: Ҳафаний Носиф 112 саҳифа, Тарихул Қуръон: Муҳаммад Тоҳир Курдий 16, 186-саҳфалар. Ҳозирда Мисрнинг “Дорул кутуб ал-Мисрия” кутубхонасида (176 рақам остида) ва “Қоҳира” унверситети кутубхонасида бир нусха сақланади.
[4] Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.
[5] Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 339 саҳифа, Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.
[6] Диросот фий улумил Қуръон. 505-саҳифа.
[7] Ҳошимов Нуриддин “Қуръони карим ёзувчиси – Хаттот Усмон Тоҳо” мақоласидан қисқартириб олинди.
[8] Диросот фий улумил Қуръон. 506-саҳифа.