Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февралдаги "Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан, республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузиш ва доимий мониторингини юритиш вазифаси белгиланган.
Ушбу қарор асосида республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестри, каталоглари ва электрон нусхалари тузилади. Бир жилдда Қуръон қўлёзмалари 1000 донаси илмий тавсифлари, китобнинг ҳолати, безаклари, муқовалари, ўлчамлари, уни кўчирган хаттот ва китоб ҳақидаги маълумотлар тўлиқ ифодасини топади.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов томонидан Қуръон қўлёзмаларининг алоҳида реестрини тузиш таклифи берилди ва шу асосда марказда тегишли ишлар бошлаб юборилди.
"Республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларни ўрганиш ишлари амалга оширилган. Ҳозирги кунгача 9000 дан ортиқ манбаларнинг давлат реестри тузилди", — дейди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими масъул ходими Азимжон Ғофуров.
Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати
Кеча, 14 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Финландия мусулмонлари жамияти имоми Рамил ҳазрат Беляев бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Фин юртининг дин пешволари айни кунларда мамлакатимизда кенг нишонланаётган 16 ноябрь – "Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Финландия ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, ўтган ойда Финляндия Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янги босқичга кўтаргани, айниқса, ижтимоий-иқтисодий, таълим, илм-фан, маданият, туризм соҳаларида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, хусусан, ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияcининг Финландияга сафари жуда ҳам самарали кечганига урғу берилди.
Финландия делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик борасидаги ишларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув самимий руҳда ўтиб, томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати