Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугун тиббиёт соҳаси ихтироларига назар солар эканмиз, унда биринчи навбатда, Европа олимларининг кашфиётлари намоён бўлишини кўришимиз мумкин. Мазкур йўналишдаги янгиликлар, инсониятга катта наф келтирган тадқиқотлар асосан сўнгги икки юз йил ичида амалга оширилгандек гўё. Аслида ҳам шундайми? Ундай бўлса, минг йил олдинги Ислом цивилизацияси натижалари қаерда қолди? Ислом дини ҳаммани илмга тарғиб қилган ўша даврда наҳотки мусулмонлар қолоқ яшаган бўлса? Наҳот, улардан етук олимлар чиқмаган бўлса?
Дарҳақиқат, IX–XII асрлар оралиғи – тарихга Ислом оламининг Уйғониш даври (Ренессанси) сифатида муҳрланган. Бу вақтда кўплаб ихтиролар амалга оширилиб, дунё ҳамжамияти эътиборига тақдим қилинган. Жумладан, ўша даврда илм ўчоғи – Бағдодда «Байтул ҳикма» («Донишмадлик уйи»)га асос солинди. Мазкур даргоҳда кўплаб олимлар туну кун илм йўлида изланишлар олиб бориб, ҳар хил соҳалар, турли йўналишлар ривожига ҳисса қўшдилар. Шундай олимлардан бири – ғарблик шифокорлар ва алкимёгарлар орасида Разес, «Иккинчи Гален» номлари билан танилган, Бағдоддаги шифохонага раҳбарлик қилган Ар-Розийдир.
Алломанинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Закарийё Ар-Розий (милодий 865–925 йиллар) бўлиб, у Ироқнинг Рай шаҳрида дунёга келган. Тиббиёт, математика, фалакиёт, фалсафа ва кимё соҳаларида самарали фаолият юритган Ар-Розий икки юзга яқин асар ёзиб қолдирган. Уларнинг аксарияти Х асрдаёқ Европа тилларига таржима қилинган бўлиб, 63 таси ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
Британиялик шарқшунос ва ёзувчи Эдвард Гранвил Браун Ар-Розий ҳақида ёзар экан, уни: «Барча мусулмон табиблари орасидаги ўзига хос ва улуғ табиб бўлиб, энг сермаҳсул асарлар муаллифи», дея таърифлайди.
«У ўрта аср Ислом оламининг энг буюк табибларидан бўлган», дейди Ар-Розийга юксак баҳо берган америкалик кимёгар ва тарихчи Жорж Сартон.
Эътиборлиси, бутунжаҳон миқёсида кўплаб шифокорларнинг маънавий устозига айланган Ар-Розий томонидан тиббиёт фанига киритилган бир қатор янгиликлар бугун ҳам замонавий медицина асосларини ташкил қилиб турибди.
Масалан, бугун шифохонага шикоят билан келган беморга «Касалликлар тарихи»нинг очилишини ҳаммамиз биламиз. Лекин бемор ҳақида барча маълумотни ўз ичига олган дафтарни биринчи бор амалда қўллаган олим Ар-Розий бўлганини кўпчилик билмаса керак (Gochfeld M. «Chronologic history of occupational medicine» -«J. Occup. Environ. Med.» 2005 Feb., 47(2), 96 – 114).
Зеро, манбаларда келтирилишча, Ар-Розий махсус дафтарга касалнинг исми ва отасининг исмини, ёши ва касбини, турар жойи ва жинсини, қандай дардга чалингани ва бошқа белгиларини, ўзи томонидан буюрилган дори ва муолажаларни, уларнинг беморга кўрсатган таъсирларини, ниҳоят, касал тузалиб кетгани ёки ўлгани ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдирган. Беморга хизмат кўрсатишнинг бундай самарали усули кейинчалик барча тиббий муассасаларда қўлланила бошланган.
Буюк табибнинг яна бир ихтироси чечак касаллигига қарши эмлаш билан боғлиқ. Гап шундаки, Ар-Розий «Китоб алжударий вал ҳасба» («Чечак ва қизамиқ ҳақида китоб») асарида тиббиёт тарихида биринчи бўлиб чечак ва қизамиққа таъриф бериб, уларнинг бошқа юқумли касалликлардан фарқини келтириб ўтади. Энг муҳими, чечак билан бир марта касал бўлган киши иккинчи марта бу касалликка дучор бўлмаслигини аниқлаб, эмлаш (киши танасига вирус инфекцияларини оз миқдорда юбориш) орқали оғир кечадиган дарддан фориғ бўлиш мумкинлигини баён этади. Кўп ўтмай вариоляция – чечак билан эмлаш амалиёти Шарқ ва Ғарбга кенг тарқалади.
Ўз навбатида, Ар-Розий тиббиётда пахта, ҳалқумдан ёт жисмларни олиш учун ишлатиладиган жарроҳлик асбоби, шунингдек, қўй ичагидан тайёрланиб, жароҳатларни тикишда фойдаланиладиган махсус ип – кетгутдан ҳамда симоб малҳамлардан биринчи марта фойдаланган табиб сифатида тарихда қолган.
Айнан мақоламиз қаҳрамони ташаббуси билан тиббиётга ҳар хил мутахассисликлар киритилган. Зеро, айнан Ар-Розий ўз асарларида «Бир табиб ҳамма касалликларни даволай олмайди» деган фикрни илгари сурган.
Бундан ташқари, у аҳолининг кам таъминланган қисми учун тиббий тавсиялар тузиб, бу маълумотларни «Ман ла яҳзуруҳ ат-табиб» («Шахсий табиби бўлмаганларга аталган тиббиёт») китобида жамлаган. Мазкур рисола кенг оммага мўлжалланган бўлиб, аҳоли ундан табиб топилмаган вақтда кенг фойдаланган.
Ар-Розий шифохоналарни ташкил этишда бинони қаерга жойлаштириш лозимлигига ҳам аҳамият бериш кераклигини биринчи бўлиб айтган тиббиёт илми вакилларидан биридир. Қизиғи, у касалхона учун жой танлашда ўзига хос усулдан фойдаланган. Жумладан, шаҳарнинг турли чеккаларига гўшт бўлакларини осиб қўйиб, уларни бир неча кун давомида кузатиб борган: қайси ҳудудда гўшт узоқроқ айнимай турса, касалхонани ўша ерда бунёд этишни тавсия қилган.
Юнон тиббиётини илк бора бир тизимга жамлаган ҳам Ар-Розийдир. Хусусан, беназир шифокор ўзининг энг йирик тиббий асари – «Ал-Ховий»да қадимги Юнонистонда яшаб, фаолият олиб борган олимлар табобатидан тортиб ўзи яшаган даврга қадар такомиллашган тиб илми ҳақида батафсил сўз юритган. Энг муҳими, Ар-Розий мазкур маълумотларга Рай ва Бағдод шифохоналарида ўзи олиб борган клиник кузатув ва тажрибалар натижаларини ҳам қайд этиб, қўшиб борган. 30 жилдли бу асардан ҳозир тиббиёт фанининг қомуси сифатида фойдаланилади.
Шу ўринда Абу Бакр Розийнинг самарали фаолиятини Дмитрий Менделеев ҳам эътироф этганини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Ироқлик табиб ёзган асарлар билан танишган таниқли рус олими ўзининг «Кимё асослари» («Основы химии») китобида қайд этишича, Ар-Розий кимёвий тажрибалар ўтказадиган хоналари кўпгина асбоб-ускуналар, хусусан, жом, колба, тоғора, кристаллаш учун шиша ликопчалар, кўзалар, кастрюллар, керосин лампалари, қўра, печь (атанор), эритадиган печлар, эговлар, шпатель, чўмичлар, қайчилар, болғалар, омбур, қум ва сув ҳаммомлари, мато ва юнгдан тайёрланган сузгичлар, алембик, алудел, воронкалар, кукурбитлар, дастали ҳовончалар, металл элаклар, жун ва ипакдан ясалган бошқа жиҳозлар билан таъминланган бўлган.
Бундан ташқари, Ар-Розий кимёвий жараёнлардан эритиш, декантация (чўкма устидаги суюқликни қуйиб олиш усули), фильтрлаш, дегидрация (сувнинг молекулаларга ажралиши), дистиллация (суюқликни дастлаб буғлантириб, кейин совитиш жараёни), сублимация (модданинг кристалл ёки қаттиқ ҳолатдан суюқ ҳолатга ўтмай туриб, бевосита газ ҳолатга ўтиш жараёни), амальгамация (симобли эритма билан бошқа металларни ажратиб олиш), коагуляция (қуюлтириш) каби турли кимёвий жараёнлар ҳақида маълумотлар қолдириб кетган (Д.И. Менделеев. Толковый тариф. Вып. 1. СПб., 1891, стр. 3).
Ниҳоят, Ар-Розийнинг болалар касалликлари ва уларни даволаш ҳақида ёзилган «Рисола фи амроз ал-атфол» номли асари ҳақида икки оғиз сўз: ушбу асар педиатрия бўйича батафсил маълумотлар тўпланган илк қўлланма бўлгани сабаб уни ўқиб-ўрганиб чиққан бир қатор олимлар табибга «педиатрия отаси» деган таъриф беришган.
Хулоса ўрнида Ар-Розийнинг кашфиётлари бу билан чегараланиб қолмаганини, унинг меҳнати ҳозиргача ўрганилаётганини айтиб ўтиш мумкин. Аҳамиятлиси, математика, мусиқа, фалсафа йўналишларида ҳам беқиёс асарлар ёзган Абу Бакр Розий ўз ихтироларини Ғарбнинг Бекон, Кеплер, Галилей, Коперник, Ньютон каби кўзга кўринган олимларидан олдинроқ кашф қилган. Бундан эса европалик олимларнинг кашфиётларида Ислом оламининг Ар-Розий каби уламолари ҳиссалари бор деган тўхтамга келиш мумкин.
Мунаввар Рустам қизи тайёрлади.
«Ҳилол» журнали 4(61) сон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳидоят элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мавжудотлар ичида Аллоҳни энг кўп билувчи ва Унинг буйруқларини бажо келтиришда энг пешқадами бўлганлар. У зот Аллоҳга бандалик қилиш поғонасидан шу даражада юқори кўтарилганки, бу мақомнинг энг чўққисигача етиб, ҳеч қайси мавжудот етиб бора олмаган мартаба ва манзилларни забт этганлар. Яъни, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилган.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу даражада бўлишларига қарамасдан тунларини ибодат билан ўтказар, ҳатто намозда кўп тик турганларидан оёқлари шишиб кетар эди. Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳолатдан ажабланар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса мулойимлик билан: «Шукр қилувчи банда бўлишни ёқтираман-да!» дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғиларида қўрқинч, дуоларида эса мусибатли инсонларнинг ўтинчлари каби эди.
Абдуллоҳ ибн аш Шахир розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай деган: «Мен Расулуллоҳнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. У зотнинг кўкрагидан тегирмон тошининг шовқинига ўхшаш йиғи шовқини эшитилиб турар эди» (Имом Абу Довуд ривояти, 904-ҳадис. Бу саҳиҳ ҳадис).
Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ҳайратланарли ҳолатлари ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, менга рухсат беринг, Роббимга ибодат қиламан», дедилар. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен сизга яқин (сиз билан бирга) бўлишни ёқтираман ва сизни хурсанд қилган нарсани яхши кўраман», дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, таҳорат олдилар, сўнг намоз ўқишга киришдилар. У зот тўхтамай йиғладилар, ҳатто этаклари ҳўл бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто соқоллари нам бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто ер ҳам нам бўлиб кетди. Шунда Билол намозга чақириш учун келди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаб турганларини кўриб: «Ё Расулуллоҳ! Нима учун йиғлаяпсиз? Ахир, Аллоҳ Сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!», деди. Шунда Расулуллоҳ: «Шукр қилувчи банда бўлмайми?! Зеро, бу кеча менга бир оят нозил бўлди. Бу оятни ўқиб, уни тафаккур қилмаганга вайл бўлсин!», дедилар ва оятни ўқидилар: Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).
Ибн Ҳиббон ривояти, исноди Имом Муслим шартига кўра.
Эй тавфиқли дўстим! Бу Аллоҳнинг амрини бажо келтиришнинг энг комил кўринишидир. Одам фарзандининг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иллиййинда эканликларини аниқ билсалар-да, бор кучлари ва токати билан Аллоҳнинг розилиги учун ҳаракат қилар, шунчалар умидсиз бўлар, муҳаббат, хавф ва ражони шу қадар гўзал тарзда жамлар эдилар!
Биз-чи?! Биз ибодатларга бепарво бўлиб, кўплаб гуноҳларни содир этамиз ёки шу гуноҳлар атрофида айланиб юрамиз, Аллоҳга бўлган тавозелик ва итоатимиз кам ва заиф ҳолда ҳаёт кечирамиз. Ҳатто ғафлат зулматига ғарқ бўлиб ҳам, Аллоҳнинг мағфиратини умид қиламиз, ўзимизни Унинг макридан омонда деб ўйлаймиз. Ҳатто айрим ҳолатларда шунчалик хатокорлигимизни унутиб, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқмаймиз, балки ўзимизни худди жаннатий одамдек тутамиз!
Бизнинг бу ҳолатимиз билан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари орасида тупроқ билан сурайё юлдузича - ер билан осмонча фарқ бор.
Ё Аллоҳ! Ё Маннон! Ё Карим! Бизларга лутф қил! Бизларни афв эт!
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги Аллоҳ билан бирга бўлиш ҳолатлари барча мусулмонларга абадий ўрнак бўла оладиган даражада мукаммал бўлган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда»
китоби асосида тайёрланди