Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Охирги пайтларда умр йўлдошини танлаш пайтида тиббий кўрикдан ўтиш масаласи ҳам ўртага чиқди. Тажрибада никоҳдан, тўйдан кейин келин-куёвдан бирида турли юқумли ёки бир оилада яшашга тўсиқ бўладиган беморликлар чиқиб қолиши ҳолатлари ушбу чорани қўллашга мажбур қилди. Бу ишга шаръий жиҳатдан қандай баҳо берилишини уламоларимиз кўриб чиқиб, қуйидаги қарорни қабул қилдилар.
Фатво ва илмий баҳслар бўйича европа мажлиси
Ўн тўртинчи сессия
(23–27 феврал, 2005 йил)
қарор 2\14.
Мажлис никоҳланишни истовчиларда юқумли ёки оила қуриш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталикни аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтиш масаласини кўриб чиқди. Бу борада тайёрланган илмий тадқиқотни атрофлича ўрганиб чиққандан кейин мажлис қуйидагиларга қарор қилди:
1. Никоҳланишдан олдин ўтказиладиган тиббий кўрикнинг юқумли ёки оила қуриш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталикни аниқлашда фойдалари бор. Бу сабабли никоҳланишдан сақланиш мумкин. Шу билан бирга, бу ишнинг айб ва салбий тарафлари ҳам бор. Хусусан, бировнинг айбини очиш, унга маънавий зарар етказиш ва келажагини хавф остида қолдириш кабилар.
2. Тиббий кўрикни ман қилувчи нарса шариатда йўқ. Жумладан, ирсий кўрикнинг ҳам. Фақат, шарт шуки, айбни ошкор қилмаслик керак ва даволанишга йўл топиш лозим.
3. Агар никоҳни истовчи тарафлардан бири никоҳдан олдин тиббий кўрикни шарт қилса, монеълик йўқ.
4. Агар икки тараф оила қуришдан олдин келишган ҳолда (ирсийдан бошқа) тиббий кўрикдан ўтишни истасалар, монеълик йўқ. Фақат, сатр бўйича Ислом одобларига амал қилиш ва бошқа тарафга зарар етказмаслик шарт.
5. Икки тарафга ҳам никоҳдан олдин ўзидаги юқумли ёки оила қуриш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталикни яшириш жоиз эмас. Агар яширса ва бу иш иккинчи тарафнинг хаста бўлиши ёки ўлимига сабаб бўлса, сабабчи тараф шариат ҳукми бўйича барча жазо ва тўловларни ўташи мажбурий бўлади.
6. Агар никоҳдан кейин икки тарафдан бири иккинчисининг юқумли ёки оила қуриш мақсадларига таъсир ўтказадиган хасталиги борлигини билиб қолса, никоҳни бузишга ҳаққи бор.
«Бахтиёр оила» китобидан
Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган анжуман асосий қисмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар. Шунингдек, Миср муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, Миср Вақфлар вазири Усома Азҳарий, Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Мустафо Сано, Ал-Азҳар шайхи вакили Шайх Айман Абдулғаний, Мусулмон олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари доктор Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ аз-Зайд ва Абу-Даби Ислом ишлари раиси, доктор Умар Ҳабтур ад-Дариъий кабилар нутқ қилдилар.
Муфтий ҳазратлари муҳокама қилинаётган оила, аёллар ҳуқуқи ва фарзанд тарбияси масаласи ғоят долзарб эканига урғу қаратдилар. Хусусан, турли минтақаларда оила институти инқирозга юз тутаётгани, ёшларнинг оила қуришга қизиқиши пасайиб, ажрашишлар сони ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотаётгани таъкидланди. Қайд этилишича, бу синов бутун инсоният олдида турган умумбашарий муаммога айланмоқда.
Шу муносабат билан Муфтий ҳазратлари томонидан бир қатор долзарб таклифлар илгари сурилди:
– Қўшма фатво ишлаб чиқиш: илмий асосланган ҳамда илғор тажрибаларни ўзида жамлаган қўшма фатво ишлаб чиқиш зарурлиги маълум қилинди. Ушбу ҳужжатни турли тилларга таржима қилиб, ОАВ, рақамли платформалар, маърифий тадбирлар ва жума хутбалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш таъкидланди.
– Ёшларни оилага тайёрлаш дастурлари: турмуш қуриш остонасида турган ёшларнинг диний, миллий ва ижтимоий масъулиятини юксалтиришга қаратилган махсус курслар ва психологик-маърифий маслаҳат дастурларини йўлга қўйиш таклиф этилди.
– Фатво марказлари ва ОАВ ҳамкорлиги: миллий қадриятлар ва исломий таълимотларни ёшларга замонавий, таъсирчан усулларда етказиш учун фатво марказлари билан ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик лозимлигига эътибор қаратилди.
Шу ўринда, Ўзбекистонда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳам баён қилинди.
Халқаро анжуман иштирокчилари Муфтий ҳазратлари томонидан илгари сурилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга юқори баҳо бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати